Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, муборак ойи тинчлик, меҳр-оқибат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан ўтмоқда.
Муборак Рамазон ойи ўзининг хайру баракаси, саховати, мўл-кўл эҳсонларини шукуҳ билан юртимиз узра тараннум этмоқда. Бу ой юртимиз аҳлига сурур ва фарахлар бахш этмоқда.
Наманган вилоятидаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар ўтказилмоқда. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини ихлос билан эшитмоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак Рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Таровиҳ намозларида қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз.
Ана шундай неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.
Аллоҳ таоло Наманган аҳлига яна бир неъмат инъом этди. Боиси 30 май куни Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд” жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрдилар. Бу ташриф масжидга ўзгача тароват бахш этди, масжид аҳлининг боши кўкларга етди.
Муфтий ҳазратлари таровиҳ намозидан сўнг муборак Рамазон ойининг фазилатлари ва охирги йилларда диний соҳада эришилаётган ютуқлар, истиқлол шукронаси мавзуларида маъруза қилиб, Рамазон ойи юртимиз учун барокатли ва хайрли, она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилдилар.







Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати