Барчамизга маълумки, қадим Мовароуннаҳр диёридан Ислом тамаддуни учун ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшган етук ва мўътабар алломалар етишиб чиққан. Мисол тариқасида имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий ва имом Замахшарий ва бошқаларни эсга оламиз. Ислом оламида турли илмларга оид битилган асарларда Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Балх ва Насаф каби жой номларига дуч келамиз. Бу диёрларда илм мактаблари ривожланган бўлиб, ўзининг ҳосилини бутун дунёга машҳур қилган. Мисол учун, Бухоро имом Бухорий билан, Хоразм имом Замахшарий билан, Самарқанд имом Мотуридий билан, Балх имом Термизий билан, Насаф эса насафийлар билан танилган. Биргина Насаф (ҳозирги Қарши) диёрида юзлаб алломалар яшаб, турли илмларда ижод қилганлар. Улардан бири Имом Абу Ҳафс Умар Насафий ҳазратларидир.
Имом Абу Ҳафс Насафийниг тўлиқ исмлари Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Луқмон бўлиб, куняси Абу Ҳафсдир. Имом Насафий туғилган йиллари ҳижрий 461 (милодий 1068) бўлиб, Насафда таваллуд топган. У киши юксак ҳифз билан танилган имомлардан бири бўлиб, фозил имом, мутакаллим, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ҳофиз, адиб ва наҳвшунос бўлганлар. Ислом илмларининг барчасида моҳир бўлиб, шу илмларда ижод қилган, китоблар тасниф этган. Устозлари кўп бўлиб, шулардан бири Садрул ислом Абул Юср Муҳаммад Баздавийдир. Ундан фиқҳни таълим олган. Калом илмини машҳур мутакаллим имом Абу Муин Насафийдан таълим олган. Шогирдлари ҳам кўп бўлиб, машҳурлари: ўғли Абу Лайс Аҳмад Насафий ва “Ҳидоя” соҳиби имом Бурҳониддин Марғинонийдир.
Имом Абу Ҳафс Нажмиддин Насафий ўзидан ислом меросига кўплаб қимматли ва мўътабар асарлар қолдирган бўлиб, бу асарлар турли фанларга бағишланган. Шулардан бири “Тилбатут талаба” асаридир. Бу китоб фиқҳ илмига бағишланган бўлиб, тўлиқ номи “Тилбатут талаба фил истилаҳатил фиқҳия ъала алфазил кутубил ҳанафия”дир. Яъни, “Ҳанафий фиқҳи китобларида келган фиқҳий истилоҳлар борасида талабаларнинг излаганлари” деган маънони англатади.
“Тилбатут талаба” асари фиқҳда луғатга оид биринчи китоб бўлиб, замонавий тил билан айтганда энциклопедик китобдир. Муаллиф унда ҳанафий уламолари ўз асарларида қўллаган лафзлар ва сўзларнинг маъноларини тўплаган. Асарда муаллиф фақат ҳанафий фиқҳига доир истилоҳларни келтириб, бошқа мазҳабларга мурожаат қилмаган. Бу ҳақда олим асарнинг таҳорат бобида шундай дейди: “Бу китобни тасниф этишдан мақсадим - ҳанафий машойихларимиз ўз китобларида келтирган лафзларни шарҳлашдир”.
Асарда имом Насафий илм толибларининг билиши қийин бўлган фиқҳий таърифларни ифода этишга ҳаракат қилади. Биринчи, ҳар бир лафзнинг луғавий маъносини келтириб, изидан фиқҳий истилоҳий маъносини келтиради. Сўнгра ўша лафзга тегишли Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифдан шоҳидларни келтиради.
Муаллиф асарни фиқҳ боблари тарзида ёритади. Мисол учун, таҳорат бобидан бошлаб, истиҳлоф ва тазкия бобида тугатади. Ҳар бир бобга тегишли истилоҳларни мавзуга бўлмасдан тўғри келтиради. Масалан, таҳорат китобини “таҳур” (طهور) баҳси билан бошлаб, ундан кейин “истинжо” баҳсига ўтади.Чунки, истинжо мавзуси фиқҳий китобларда таҳорат бобининг сўнгида келади. Бундан билинадики, муаллиф бу борада тартибга эътибор бермаган. Имом Насафий асарни тасниф қилишда баъзи фиқҳ ва луғатга доир китоблар, тафсир ва ҳадис китобларидан фойдаланади ва уларнинг номларини очиқ зикр қилади. Баьзиларининг номларини эса зикр қилмайди.
Имом Насафий асарнинг муқаддимасида китобнинг ёзилиши сабабини келтириб, шундай дейди: “Бир жамоа аҳли илм мендан фиқҳ луғатидағи бегона лафзларни тушунмаган ва машойихларимиз китобларида зикр қилинган араб лафзларини билишда моҳир бўлмаганлар учун мушкил истилоҳларни шарҳлашни сўрашди. Аллоҳдан ёрдам сўраб, бу китобни жамладим”.
Хулоса ўринда шуни айтамизки, бу китоб илм толиблари фойдаланадиган нодир китоблардан биридир. Келгусида бу китоб борасида илмий иш ва тадқиқотлар олиб борилиб, она тилимизга таржима қилинади, деган умиддамиз.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти
талабаси
Халилуллоҳ ЮСУФ
тайёрлади
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати