Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Октябр, 2025   |   30 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:43
Пешин
12:12
Аср
15:49
Шом
17:36
Хуфтон
18:48
Bismillah
22 Октябр, 2025, 30 Рабиъус сони, 1447

Фиқҳда луғатга оид биринчи китобни биласизми?

26.05.2018   11817   4 min.
Фиқҳда луғатга оид биринчи китобни биласизми?

Барчамизга маълумки, қадим Мовароуннаҳр диёридан Ислом тамаддуни учун ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшган етук ва мўътабар алломалар етишиб чиққан. Мисол тариқасида имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий ва имом Замахшарий ва бошқаларни эсга оламиз. Ислом оламида  турли илмларга оид битилган асарларда Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Балх ва Насаф каби жой номларига дуч келамиз. Бу диёрларда илм мактаблари ривожланган бўлиб, ўзининг ҳосилини бутун дунёга машҳур қилган. Мисол учун, Бухоро имом Бухорий билан, Хоразм имом Замахшарий билан, Самарқанд  имом Мотуридий билан, Балх  имом Термизий билан, Насаф эса  насафийлар билан танилган. Биргина Насаф (ҳозирги Қарши) диёрида юзлаб алломалар яшаб, турли илмларда ижод қилганлар. Улардан бири Имом Абу Ҳафс Умар Насафий ҳазратларидир.

       Имом Абу Ҳафс Насафийниг тўлиқ исмлари Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Луқмон бўлиб, куняси Абу Ҳафсдир. Имом Насафий туғилган йиллари ҳижрий 461 (милодий 1068) бўлиб, Насафда таваллуд топган. У киши юксак ҳифз билан танилган имомлардан бири бўлиб, фозил имом, мутакаллим, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ҳофиз, адиб ва наҳвшунос бўлганлар. Ислом илмларининг барчасида моҳир бўлиб, шу илмларда ижод қилган, китоблар тасниф этган. Устозлари кўп бўлиб, шулардан бири Садрул ислом Абул Юср Муҳаммад Баздавийдир. Ундан фиқҳни таълим олган. Калом илмини машҳур мутакаллим имом Абу Муин Насафийдан таълим олган. Шогирдлари ҳам кўп бўлиб, машҳурлари: ўғли Абу Лайс Аҳмад Насафий ва “Ҳидоя” соҳиби имом Бурҳониддин Марғинонийдир.

       Имом Абу Ҳафс Нажмиддин Насафий ўзидан ислом меросига кўплаб қимматли ва мўътабар асарлар қолдирган бўлиб, бу асарлар турли фанларга бағишланган. Шулардан бири “Тилбатут талаба” асаридир. Бу китоб фиқҳ илмига бағишланган бўлиб, тўлиқ номи “Тилбатут талаба фил истилаҳатил фиқҳия ъала алфазил кутубил ҳанафия”дир. Яъни, “Ҳанафий фиқҳи китобларида келган фиқҳий истилоҳлар борасида талабаларнинг излаганлари” деган маънони англатади.

       “Тилбатут талаба” асари фиқҳда луғатга оид биринчи китоб бўлиб, замонавий тил билан айтганда энциклопедик китобдир. Муаллиф унда ҳанафий уламолари ўз асарларида қўллаган лафзлар ва сўзларнинг маъноларини тўплаган. Асарда муаллиф фақат ҳанафий фиқҳига доир истилоҳларни келтириб, бошқа мазҳабларга мурожаат қилмаган. Бу ҳақда олим асарнинг таҳорат бобида шундай дейди: “Бу китобни тасниф этишдан мақсадим - ҳанафий машойихларимиз ўз китобларида келтирган лафзларни шарҳлашдир”.

       Асарда имом Насафий илм толибларининг билиши қийин бўлган фиқҳий таърифларни ифода этишга ҳаракат қилади. Биринчи, ҳар бир лафзнинг луғавий маъносини келтириб, изидан фиқҳий истилоҳий маъносини келтиради. Сўнгра ўша лафзга тегишли Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифдан шоҳидларни келтиради.

       Муаллиф асарни фиқҳ боблари тарзида ёритади. Мисол учун, таҳорат бобидан бошлаб, истиҳлоф ва тазкия бобида тугатади. Ҳар бир бобга тегишли истилоҳларни мавзуга бўлмасдан тўғри келтиради. Масалан, таҳорат китобини “таҳур” (طهور) баҳси билан бошлаб, ундан кейин “истинжо” баҳсига ўтади.Чунки, истинжо мавзуси фиқҳий китобларда таҳорат бобининг сўнгида келади.  Бундан билинадики, муаллиф бу борада тартибга эътибор бермаган.        Имом Насафий асарни тасниф қилишда баъзи фиқҳ ва луғатга доир китоблар, тафсир ва ҳадис китобларидан фойдаланади ва уларнинг номларини очиқ зикр қилади. Баьзиларининг номларини  эса зикр қилмайди.

       Имом Насафий асарнинг муқаддимасида китобнинг ёзилиши сабабини келтириб, шундай дейди: “Бир жамоа аҳли илм мендан фиқҳ луғатидағи бегона лафзларни тушунмаган ва машойихларимиз китобларида зикр қилинган араб лафзларини билишда моҳир бўлмаганлар учун мушкил истилоҳларни шарҳлашни сўрашди. Аллоҳдан ёрдам сўраб, бу китобни жамладим”.

       Хулоса ўринда шуни айтамизки, бу китоб илм толиблари фойдаланадиган нодир китоблардан биридир. Келгусида бу китоб борасида илмий иш ва тадқиқотлар олиб борилиб, она тилимизга таржима қилинади,  деган умиддамиз.

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти

талабаси

Халилуллоҳ ЮСУФ

тайёрлади

Фиқҳ
Бошқа мақолалар

Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди

21.10.2025   3081   3 min.
Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ердаги экспозициялар орқали халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган ишлар билан танишди.

Мазкур улкан ва ноёб лойиҳа давлат раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига асосан бошланган. Кўп ўтмай, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни унинг пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Ўтган даврда бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Марказ қадимий меъморий анъаналаримиз ва миллий безаклар уйғунлигида барпо этилди. Иншоотнинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз қад ростлаган.

Иншоотнинг марказий қисмида Қуръони карим зали жойлашган. Бу ерда мусулмон оламининг ноёб маънавий дурдонаси саналган қадимий Усмон Мусҳафи намойиш этилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид муқаддас китоб нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари, шу билан бирга, жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам жой олади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан чет элларда сақланаётган тарихимиз ва улуғ алломаларимиз мероси билан боғлиқ қимматли манбалар ва ашёлар Ватанимизга қайтарилди. 

Марказ таркибида 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилган бўлиб, халқаро миқёсдаги учрашув ва илмий анжуманларни ўтказиш учун барча замонавий шарт-шароитлар яратилган.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари ташкил этилган. Бу ерда буюк алломаларимиз фаолияти ҳақида маълумотлар, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа уламолар мероси ҳам кенг ёритилган.

Шунингдек, тарихимизда илму маърифат ва маънавият ҳомийси бўлган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби мўътабар зотлар фаолияти ҳам алоҳида экспозиция сифатида намойиш этилган.

Давлатимиз раҳбари доимо марказнинг илмий-маърифий йўналишини самарали ташкил этиш, унинг мазмун-моҳиятини бойитиб бориш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Бу борада Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Ташриф чоғида Президентимиз залларда амалга оширилаётган пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди, бўлимлар ва кўргазмаларнинг мазмун-моҳияти, қўлланилаётган интерфаол технологиялар билан яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари экспонатларни маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қизиқарли ҳамда тушунарли қилиб тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда марказда фаолият юритадиган мутахассис ва гидларнинг сонини кўпайтириш, уларни махсус дастурлар асосида тайёрлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Марказ фаолиятини мазмунан янада бойитиш, экспозициялар орқали халқимиз маънавий ва илмий меросини тўлиқ намоён этиш бўйича қатор тавсиялар берилди.

Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди Президент Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди