Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Жулайбиб исмли саҳоба бўлган. Қорачадан келган, бўйи паст, оддий кийимда, уйи йўқ, егуликка бирор нарса топса ер, бўлмаса рўза тутар, тўшаги ер, ёпинчиғи осмон, ёстиғи эса икки ковуши эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари олдидаги суффада ҳаёт кечирарди.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирган эдилар. Жулайбиб розияллоҳу анҳу уларнинг олдидан ўтиб кетаётган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анави ким биласизларми?» дедилар. Саҳобаларнинг аксари унинг ҳатто исмини ҳам билишмади. Уйи йўқ, жойи йўқ одамни ким ҳам танирди. Чунки Жулайбибга ўхшаган одамлар кўринмай қолса ёки бир жойга кетиб қолса, ҳеч ким қидирмас, бор йўқлиги билинмасди. Оддий одам эди.
У зотнинг ўзлари: «Бу Жулайбиб», дедилар. Уни чақириб: «Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?» дедилар. Жулайбиб розияллоҳу анҳу аҳволидан нолимади, мен қийналиб қолганман, деб шикоят қилмади. Бироз қараб турдида:
«وَ مَنْ يُزَوِّجُ جُلَيْبِبًا وَلاَ مَالَ وَلاَ جَاهَ فِي الدُّنْيَا»
«Ё Расулуллоҳ! На моли бор ва на мансаби бор Жулайбибга ким ҳам қизини берарди бу дунёда?» деди.
Бу ҳолат яна икки марта такрорланди. «Эй Жулайбиб уйланмайсанми?» деганда, Жулайбиб яна ўша сўзини такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи ансорийнинг уйига бор ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга салом айтдилар ва қизингизни менга турмушга берар экансизлар, шуни етказишимни менга тайинладилар», дегин», дедилар. Жулайбиб розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз айтганларидек қилди. Ҳалиги ансорий саҳоба нима дейишга ҳайрон. Қизи ансорийя аёлларнинг энг гўзали, Жулайбиб эса на моли бор, на чиройи бор, кўримсиз оддий қорачадан келган, бунинг устига бошпанаси ҳам йўқ эди.
Жулайбибга қараб: «Қандай қилиб қизимни сенга бераман, на молинг бор ва на ишинг», деди. Саҳобийнинг аёли ҳам эрига: «Қизимизни мана шу Жулайбибга берамизми?» деди ва уни ортига қайтармоқчи бўлишди. Шунда оқила, солиҳа, обида қиз:
«كَيْفَ هَذَا! أَوَتَرُدَّانِ رَسُولَ رَسوُلِ اللهِ؟ وَاللهِ إنِّي أجَزْتُ زَوَاجِ»
«Эй Отажон, эй онажон, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан совчи бўлиб келган кишини қайтарасизлар. Аллоҳга қасамки, мен мана шу инсонга турмушга чиқаман», деб унга турмушга чиқишга рози бўлди. Тўй бўлди. Висол кунининг биринчи кечаси яқинлашаётган пайтда жарчи: «Дин ҳимояси учун чиқинглар», деб нидо қилди. Жулайбиб Мадинадаги энг гўзал, чиройли аёлини энг ширин лаҳзаларда тарк қилиб аскарлар сафига қўшилиб дин ва мусулмонлар ҳимояси учун кетди. Жангда мусулмонлар ғалаба қозонди. Лекин йўқотишлар бўлди. Баъзи саҳобалар ўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонига келиб саҳобаларни бирин-кетин қидира бошладилар. Фалончи ўлибди, фалончи ўлибди, деб ўлган саҳобаларни санаб чиқишди. Лекин бирор киши Жулайбибни тилга олмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«ألاَ تَفْقِدُ حَبِيبًا؟»
«Ҳабибни яъни дўстни йўқотмадингизми?» дедилар. Саҳобалар ҳайрон. Ҳамма вафот этган машҳур саҳобаларни санаб чиқишган эди. Улар: «Ким экан у сиз айтаётган дўст, эй Аллоҳнинг Расулу?» дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«أَفْقِدُ حَبِيبِي جُلَيْبِبًا»
«Мен дўстим Жулайбибни қидираяпман», дедилар. Жанг майдонидан Жулайбибнинг жасадини қидириб топдилар. Унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар ва:
«أنْتَ مِنِّي و أنَا مِنْكَ، أنْتَ مِنِّي و أنَا مِنْكَ، أنْتَ مِنِّي و أنَا مِنْكَ»
«Сен мендансан ва мен санданман! Сен мендансан ва мен санданман! Сен мендансан ва мен санданман!» дедилар. Бир пас туриб бошларини бошқа томонга бурдилар. «Нима учун бошимни бошқа томонга бурганимни биласизларми? дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. «Аллоҳга қасамки, Жулайбибнинг ҳурдан бўлган хотинлари бағрига босиш учун талашиб келаётганини кўрдим. Ва Жулайбибнинг рашки ёдимга тушиб юзимни бошқа томонга бурдим», дедилар»[1].
Мана иймонида содиқ, тақводор Жулайбиб Аллоҳ наздида қадрли эди! Гарчи ўзи яшаб турган ҳудудда ён атрофидаги одамлар Жулайбиб розияллоҳу анҳуни яхши танимасада, осмондаги фаришталар унинг номини тилга олишар эди.
Аллоҳ барчамизни иймонда содиқ ва тақводор, солиҳ бандаларидан қилсин!
Жулайбиб ҳазратларидан Аллоҳ рози бўлсин!
Мир-араб ўрта махсус Ислом билим юрти
мудири Элов Жобир
[1] «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Аҳмад», «Шуъабул иймон» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.
Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.
«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.
Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.
Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.
«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.
Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.
Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.
Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар».
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.
Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.
Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни… тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи бўлган ҳолларида».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:
«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (8-оят).
Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.
Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди