Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июл, 2025   |   18 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:33
Bismillah
13 Июл, 2025, 18 Муҳаррам, 1447

Раҳматуллоҳ домла Файзуллаев: Терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди

01.06.2023   845   6 min.
Раҳматуллоҳ домла Файзуллаев: Терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди

Ҳаммага маълумки, бугунги кунда экстремизм ва терроризм нафақат алоҳида мамлакатларнинг миллий хавфсизлигига, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид солаётган омилга айланиб улгурди. Бу эса ҳар қандай юрт тинчлиги ва миллат тақжирига масъул бўлган кишиларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Қонунга кўра, терроризм бу – сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, зўрлик ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа йўл билан амалга ошириладиган жиноий қилмиш, ҳисобланади. Терроризм­ни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, бундай буз­ғунчиликни амалга оширувчи шахс қонунга мувофиқ жазоланади.

Терроризм кишилар, жамоатлар ёки давлатларнинг дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишдир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият етказиш, таҳдид қилиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкни тортиб олиш, йўлтўсарлик, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари билан якка ёки жамоавий тарзда жиноий режани амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият етказиб қўрқитиш ёки бошқаларнинг ҳаёти, эркинликлари ва мол-мулкини хавф-хатарга қўйишдир. Буларнинг барчаси бузғунчилик қилиш бўлиб, Аллоҳ Қуръони каримда мусулмонларни бу ишдан қайтарган. Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масалалар эмас, бу муаммога нисбатан буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, уларнинг салбий оқибатларига ҳуқуқий ва фиқҳий жиҳатдан баҳо берган.

Қайд этиш жоизки, турли экстремистик ва террористик ташкилотлар Марказий Осиё республикаларидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган фаолиятини ҳам ҳануз давом эттираётгани ачинарли ҳол.

Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган айрим гуруҳлар ва тоифалар диндан фойдаланиб, ғараз мақсадларни кўзлаган ҳолда, жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ ва диндорлар ўртасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилмоқда. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа» деб эълон қилган ҳолда, бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, улар ўз хатти-ҳаракатларини асослаш учун ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифни ўзларининг ғараз мақсадларига мослаб тафсир ва таъвил қилиб, мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринмоқда.

 Ваҳоланки, Ислом дини ҳар қандай оғир ша­роитда ҳам экстремизм ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкиш энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, бунинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Ҳозирги кунда терроризм, экстремизм, диний ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар тинчлик-осойишталикка рахна солмоқда.

Афсуслик билан бўлсада, айтиш ўринлики, юртимиз Ўзбекистон терроризм таҳдидлари ва унинг зарарли оқибатларини ўз бошидан кечирган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу туфайли ҳам юртимизда ушбу иллатларга қарши курашиш, унинг олдини олиш бўйича жаҳон ҳамжамиятига намуна бўла оладиган даражада ўзига хос таж­риба шаклланган. Қолаверса, юртимиз ва  ислом дини тарихига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимиз қолдирган маънавий-маърифий мерос нафақат ислом оламида, балки бутун жаҳонда алоҳида эътиборга лойиқлиги эътироф этилган ҳақиқатдир. Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида тобора кескинлашиб бораётган қонли можаро ва зиддиятлар, терроризм ва экстремизм хавфи биздан доимий огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.

Ақидапарастлар содир этаётган жиноятлари учун жавобгарликка тортилар экан, жамоатчиликни, расмий имом хатибларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларини қоралаш мақсадида инсон ҳуқуқлари поймол этилаётир, виждон эркинлиги таъминланмаётир ва бизни қийноққа солишяпти, деган турли фис­қу фасодларни тарқатишмоқда. Бу туҳматлар, албатта, нотўғри эканлиги ўз исботини топаётганига қарамай, бу бўҳтонларни четдан туриб уюштираётган ва қўллаб-қувватлаётганлар ҳам бор.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги кунда ислом дунёсининг барча олиму уламолари ҳамкорликда муқаддас динимизнинг соф таълимотини асл ҳолда асраб-­авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий усуллар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоб­лайди.

Мутаассибликни кўпинча дин билан боғлаш ва террордан фойдаланиб ҳамда мусулмонлар учун муқаддас бўлган ислом ниқоби остида ўзининг даҳшатли ишларини амалга ошираётган, моҳиятан, минтақада вазиятни беқарорлаштираётган бир қатор ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ воқеаларга эътибор қаратган ҳолда, диншунос олим, жамоат арбоби Али Апшеронининг фикр­ларини келтириш ўринлидир. «Ислом, – деб ёзади у, – ўта кетган мутаассиб инқилобчиларга муҳтож эмас, аксинча, у чуқур ва самимий эътиқодга эга бўлган, бошқача фикрловчи, бошқа тилда сўзлайдиган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган кишиларга нисбатан бағрикенглик ва очиқлик хос бўлган тақводор ва художўй кишиларга муҳтождир».

 Хулоса қилиб айтганда, терроризм иллатига қарши курашишда замонавий ҳуқуқ манбаларидан ташқари, муқаддас динимизнинг асоси ҳисоб­ланган Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳамда буюк аждодларимизнинг тавсияларига амал қилсак, юртимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Раҳматуллоҳ Файзуллаев,
Марғилон шаҳар "Робия ҳожи она" масжид имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

11.07.2025   7338   3 min.
Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

Хотира

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.

1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.

1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.

1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.

1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.

1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,

1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис  бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.

1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.

1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.

1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.

Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:

— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.

Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.