Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

25.05.2018 й. Ислом мўътадил дин

18.05.2018   8348   8 min.
25.05.2018 й. Ислом мўътадил дин

بسم الله الرحمن الرحيم

Ислом мўътадил дин

Муҳтарам жамоат! Ислом динини Аллоҳ таоло одамларга машаққат туғдирмайдиган осон ва енгил қилиб нозил қилгандир. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом енгил дин экани, унда қийинчилик йўқ эканлиги атрофлича ёритилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди”, (Бақара сураси, 286-оят).

Динимиздаги барча ибодатлар бандаларнинг тоқат ва қодирликларига қараб буюрилади. Масалан, рўза ибодатини олсак, бир киши хасталиги кучайиши ёки соғайишининг кечикишидан қўрқса, сафарда юрган киши рўза тутишга қийналса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, бундай кишилар ўша вақтда рўза тутмасликларига ижозат берилган. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонлар умуман рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар. Динимизда мана шундай тарзда бандаларнинг имкониятларига қараб уларга шароит яратиб берилган.

Яна бошқа бир оятда эса:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, (Бақара сураси, 185-оят).

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

яъни: “Аллоҳ таоло динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, (Ҳаж сураси, 78-оят).

Яна бир мисол, таҳорат учун сув топа олмаган киши ёки хаста кишининг таяммум билан намоз ўқиши, оғир хаста кишиларга имо-ишора билан ибодат қилишнинг жоизлиги, сафардаги кишининг тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиши каби енгиллик ва рухсатлар шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا

яъни: “Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, (Бақара сураси, 143-оят).

Ислом уммати ҳақиқатда ўрта – мўътадил умматдир. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб, бирор ноҳақ тарафга оғиб кетмайди. Ёки бошқасига ўхшаб фақат моддий нарсаларгагина суянмайди. Балки, инсон ўз табиатидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.

Ушбу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

عن أَبي هريرةَ  رضي الله عنه عن النَّبيّ  صلى الله عليه وسلم  قَالَ: "إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ، فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأبْشِرُوا، وَاسْتَعِينُوا بِالغَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيءٍ مِنَ الدُّلْجَةِ" (رواه البخاري).

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, динга мағлуб бўлади. Шундай экан динда тўғри бўлинглар ва яқинлашиб юринглар. Яхшилик билан суюнтиринг. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг бир қисмида (ибодат қилиб) фойдаланинг”, дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عن أَنَسٍ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: يَسِّرُوا وَلاَ تعَسِّرُوا، وَبَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا (متفق عليه).

яъни: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Муҳтарам жамоат! Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб шундай дейди:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ أَعْرَابِيا جَاءَ إِلَى رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللّهِ دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذا عَمِلْتُهُ دَخَلْتُ الْجنَّةَ. قَالَ: «تَعْبُدُ اللّهَ لاَ تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُقِيمُ الصَّلاَةَ الْمَكْتُوبَةَ. وَتُؤَدِّي الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ. وَتَصُومُ رَمَضَانَ». قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لاَ أَزِيدُ عَلَى هٰذَا شَيْئا أَبدا، وَلاَ أَنْقُصُ مِنْهُ. فَلَمَّا وَلَّى، قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى رَجُلٍ مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، فَلْيَنْظُرْ إِلَى هٰذَا"

(مُتّفَقٌ عَلَيْهِ)

яъни: “Мени бир амалга йўллангки, уни қилсам жаннатга кирай”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирон шерик қилмайсан, фарз намозларни ўқийсан, фарз қилинган закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини тутасан дедилар. У: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам” деди. У қайрилиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким жаннат аҳлидан бўлган кишига боқишни истаса мана бунга боқсин”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).

 

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида рўзани бузувчи баъзи омиллар ҳақида суҳбатлашамиз.

Қуйидаги амаллар рўзани бузади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:

  • қасддан таом ейиш ёки дори истемол қилиш;
  • қасддан ичимлик ичиш;
  • қасддан жинсий яқинлик қилиш;

Рўзани  қасддан бузишнинг каффорати қуйидагилардан иборат:

  1. 60 кун рўза тутиш. Бу рўзани кетма-кет, орасини узмасдан тутиш  шарт қилинади. Шунинг учун икки ҳайит ва ташриқ кунларига тўғри келиб қолмаслиги керак.
  2. Агар бунга қодир бўлмаса, 60 та мискинни овқатлантириш. Мискинлар орасида ота-онаси, хотини ва фарзандларига ўхшаш яқинлари бўлмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир мискинга буғдойдан бўлса ярим соъ, (тахминан 2 кг.) арпа ёки хурмо кабилардан бўлса бир соъ ёҳуд уларнинг қийматини бериш ҳам мумкин.

Қуйидаги амаллар рўзани бузади ва фақат қазосини тутиш вожиб бўлади:

  • рўзани унутиб еб ёки ичиб қўйгач, энди рўзам очилиб кетди деган гумон билан ейиш ёки ичишни давом эттирса;
  • ҳали тонг отмади деб ўйлаб еб-ичиб ёки жинсий алоқа қилиб қўйилса-ю, аслида тонг отиб бўлган бўлса ёҳуд кун ботди деган гумон билан оғизни очиб қўйса-ю, бунинг акси бўлиб чиқса;
  • оғиз ёки бурунни чайишда эҳтиётсизлик туфайли сувни ичкарига киритиб юборса;.
  • қасддан оғизни тўлдириб қайт қилса;
  • зўрланганлик оқибатида еб-ичилса;
  • сафарга чиқиш, касаллик, ҳайз-нифос ва ақлдан озиш каби сабаблар билан бузилса;
  • одатда танаввул қилинмайдиган нарсалар, масалан, қоғоз ва лой кабиларни истеъмол қилинса;
  • тишлар орасида қолган нўхот миқдорича ва ундан катта ҳажмдаги овқат қолдиғини ютса;
  • қулоққа томизилган ёғ ёки сувнинг мазасини ҳалқумида сезса;
  • бурунга дори томизса;
  • клизма қилса;
  • аёлини қучиш ёки ўпиш туфайли маний чиқса;.

Аллоҳ таоло барча амалларимизни Ўзининг шариатига мувофиқ ҳолда бажаришимизни насиб айласин. Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   49562   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари