Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
“(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик. Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) маҳрумдир” (Кавсар сураси).
“(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик”. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ва бошқа муфассирлардан қилинган ривоятларга кўра, оятдаги “Кавсар”дан мурод – кўп яхшилик, шу жумладан, Қуръони карим нубувват, илм, ҳикматдир. Ёки бу Қуръон фазилати туфайли берилган кўп яхшиликлардир.
Албатта, у Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида таъкидлаганларидек, Аллоҳ таолонинг Набий алайҳиссаломга махсус инъом этган ва ажойиб сифатларга эга бўлган жаннатдаги дарёси ҳамдир.
“Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) маҳрумдир”.
Имом Замахшарий ва Имом Насафий келтиришича, “кавсар” араб тилида “кўплик” сўзининг ўзаги бўлган “касра”нинг “фавъал” вазнидаги шаклидир. Кўпликнинг муболаға даражасини ифодалайди. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга оламлар Рабби кўплигининг чегараси бўлмаган, икки дунёда ҳеч кимга берилмаган даражадаги яхшиликлар берган.
У зот учун икки яхшилик жам бўлган:
– энг улуғ ва мўл-кўл неъматларга эришиш;
– ато қилувчиларнинг энг Карамлиси ва неъмат берувчиларнинг энг Улуғидан ушбу яхшиликларни қабул қилиб олиш.
Демак, Набий алайҳиссалом мана шундай неъматлар билан у зотни иззат қилган, шарафли айлаб, халойиқнинг миннатидан сақлаган Парвардигорига ибодат қиладилар ва Аллоҳнинг розилиги учун қурбонликни бажо келтирадилар.
Мана шундай васфга эга Набий алайҳиссаломнинг зикри минбар ва минораларда, ҳар бир олим ва зикр қилувчининг тилию дилида дунё тургунча жорийдир. У зотнинг зикри Аллоҳнинг зикри билан бирлашади. Охиратда эса у зот учун таърифу тавсифга сиғмайдиган неъматлар бор.
Албатта, “кўп яхшилик”ларнинг аввалида Қуръони карим туради. Чунки илму ҳикмат, нубувват ва у зотга берилган бошқа барча яхшиликлар Қуръони каримда мужассам. У, Имом Замахшарий таърифлаганидек, чегараси бўлмаган даражадаги яхшиликнинг айнан ўзидир. Қолаверса, яхшиликларнинг барчасини жамлаган Қуръон билан қўлга киритиладиган яхшилик ҳам абадий давом этади, чегараланиб қолмайди.
Жўрабек ОМОН ўғли
тайёрлади.
"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 4-сонидан олинди
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати