Мисрлик кўзи ожиз ва машҳур қори шайх Мамдуҳ Оъмир болалигидаёқ Қуръон ўқишни билгани ва у Қуръони каримни 5 ёшида ёд олиш қобилиятини кашф этгани ҳақидаги ҳикояга тўхталиб, бу илоҳий инъомни сақлаш ва ривожлантиришда истеъдод ва доимий амалиётни топиш муҳимлигини таъкидлади.
ИҚНA сайтининг “Алявм-7” нашрига таяниб хабар беришича, мисрлик таниқли қори шайх Мамдуҳ Оъмир “Маса” тунги теледастурга берган интервюсида ўзининг Қуръон ёдлашдаги истеъдодини кашф этишгани ҳақида сўзлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, ёшлигида болалар билан ўйнаб юрган чоғларида Мисрнинг Буҳая вилоятидаги “Aл-Халаважа” қишлоғидаги ҳофизлардан бири ва Қуръони карим ўқитувчиси шайх Aбу Зайд ал-Басюний уни кўрган, кўзи ожиз бўлишига қарамай, хотираси жуда яхши бўлган болага Қуръон ўргата бошлаган. Кўзи ожиз қорининг сўзларига кўра, у беш ёшида ва тўрт ой ичида бутун Қуръонни ёд олишга муваффақ бўлган.
Шайх Мамдуҳ Оъмир яна бундай деди: “Иқтидорларни ривожлантириш ва қобилиятларни сақлаб қолиш учун кўпроқ машқ ва ҳаракат қилиш керак”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати