#Ҳаж_умра
1063-CАВОЛ: Тавофи қудум ёки нафл тавофни бетаҳорат қилиб қўйса, бирор жарима лозим бўладими?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳар қандай тавофда таҳоратли бўлиш вожиб саналади. Тавофи қудум суннат ҳисобланади. Суннат ва нафл тавофларни бетаҳорат қилиб қўйса, жиноят қилган бўлиб, жаримасига садақа лозим бўлади. Фарз ва вожиб тавофларни бетаҳорат қилиб қўйса, жонлиқ сўйиш ёки шу тавофнинг ўзини қайтариш вожиб бўлади.
ومن طاف طواف القدوم محدثا فعليه صدقة ...فإذا شرع في هذا الطواف وهو سنة يصير واجبا بالشروع ويدخله نقص بترك الطهارة فيجبر بالصدقة إظهارا لدنو رتبته عن الواجب بإيجاب الله وهو طواف الزيارة وكذا الحكم في كل طواف هو تطوع ولو طاف طواف الزيارة محدثا فعليه شاة ...وإن كان جنبا فعليه بدنة
“Тавофи қудумни бетаҳорат қилса, садақа вожиб бўлади. Чунки тавофи қудум суннат бўлсада, киришиш билан вожибга айланади. Уни бетаҳорат ҳолда қилиш камчилик ҳисобланади. Бу камчиликни садақа билан тўлдирилади. Чунки бу тавоф Аллоҳ таоло фарз қилган тавофи зиёратдан қуйида туради. Барча нафл тавофларда ҳам ҳукм шундай(Яъни садақа лозим бўлади). Агар тавофи зиёратни бетаҳорат қилса, қўй сўйиш, жунуб ҳолатда бажарса, будана (туя ёки қорамол) сўйиш вожиб бўлади”. (Ҳидоя). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
YouTube (https://www.youtube.com/@Fatvouzb) | Instagram (https://www.instagram.com/fatvouz/) | Facebook (https://www.facebook.com/diniysavollar) | Telegram (https://t.me/diniysavollar)
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.