Ислом дини тарихида нақшбандия тариқати алоҳида ўрин эгаллайди. Бу тариқат исломнинг маърифий йўналишини ривожлантиришда етакчилик қилган ва ўзининг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик ғоялари билан бугунги кунда ҳам дунё жамоатчилигини ҳайратга солмоқда.
Нақшбандия тариқатининг хожагон талқинидаги йўлини такомиллаш-тириш билан бутун Марказий Осиё, Мовароуннаҳр ва Хуросонда машҳур бўлган мутафаккир Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний – Махдуми Аъзамнинг тўртинчи хотини Биби Руҳия(Бибичаи Қашғарий)[1]дан туғилган ўғли Хожа Исҳоқ Вали ҳақида гап борганда тадқиқотчилар уни фавқулодий қобилиятлар соҳиби, Нақшбандия тариқатининг изчил ҳимоячиси, ислом дини тараққиётига, ислом цивилизацияси тараққиётига беназир ҳисса қўшган йирик жамоат ва сиёсий арбоб сифатида тилга олишади.
Бу мутафаккирнинг вафот этган вақти манбаларда аниқ кўрсатилади мелодий 1599 йил. Аммо баъзи манбаларда Хожа Исхоқ Вали 69 ёшида вафот этган деб кўрсатилса[2], айрим манбаларда эса 94 йил умр кўрган[3] деб қайд этилади. (Бу рақам Хожа Исҳоқ Валининг шогирдлари бўлган Муҳаммад Аваз Самарқандий ва Шоҳ Муҳаммад Пайравий томонидан 1603 йили ёзилган “Зиёу-л-қулуб” ва 1599 йилда ёзилган “Жалису-л-Муштоқин” номли асарларда ҳам қайд этилган). Мутафаккирнинг ёши ҳақидаги бу икки хил манбаларни мантиқан солиштириб кўрсак, биринчи манбанинг хатолиги кўзга ташланади, чунки, Махдуми Аъзам 1461йил туғилган бўлиб, Хожа Исхоқ Вали туғилган пайтда қарийиб етмиш ёшга етган бўлади. 70 ёшли кишининг фарзанд кўриши мантиқан тўғри келмайди. Шунингдек, кўпгина манбаларда Хожа Исхоқ Валининг кўп йил умр кўрганлиги, Шарқий Туркистонда жуда кексайиб қолган пайтлари ҳам нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси, яловбардори бўлиб халқни илму-маърифатга чорлаб юрганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди. Бу фикрлар, иккинчи манбанинг тўғрилигига далил бўлиб келиши мумкин. Шунга ва мутафаккирнинг бевосита замондошлари бўлган муаллифларнинг ёзган манбаларига асослансак, Хожа Исҳоқ Вали 94 ёшда вафот этган деган фикр ҳақиқат бўлиб чиқади. Бундан Хожа Исҳоқнинг туғилган йили 1599 – 94 = 1505 йил келиб чиқади.
Хожа Исҳоқ Вали хотираси ўткир, кўп тилларни билувчи, кучли руҳий таъсир қувватига эга инсон эди.
Хожа Исҳоқ бир неча бор Шарқий Туркистонга боради. Шунингдек, унинг Тибет, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Арабистон, Миср ва Хитойнинг кўпгина шаҳарларида бўлганлиги, исломнинг бағрикенглик ғояларига таяниб, турли дин вакилларининг ўзаро бир-бирини тўғри тушуниши муҳимлигини таъкид-лаганлиги, буддистлар, конфуссиячилар билан мулоқатлар олиб борганлиги ҳақида кўплаб манбаларда ҳикоя қилинади. Ҳатто унинг Конфуций ҳикматларини ҳам туркий ва форсий тилларга таржима қилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Хожа Исҳоқ Вали ўз она тилидан ташқари форс, араб, ҳинд, хитой ва уйғур тилларини ҳам яхши билган, ҳиндлар ва хитойликлар билан таржимонсиз мулоқат қилишга уринган. Ҳар сафар суҳбатдошлари уни яхши тушунганлигини таъкидлашар эди. Хожа Исҳоқ ўз отаси Махдуми Аъзам изидан бориб, диний ва миллий камситишларга йўл қўймаган. Манбаларнинг шоҳидлик беришича, унинг мухлислари орасида будпарастлар ва яҳудийлар ҳам бўлган. Кўпгина будпараст ва динсиз фақирлар мусулмончилик удумларини қабул қилишган[4].
Хожа Исҳоқ Вали отаси Махдуми Аъзамнинг “Дин ва муқаддас китоблар инсон учун, уни одоб-аҳлоқда камолга етказиш учун берилгандир. Инсон дин учун эмас дин инсон учун яратилгандир” – деган ўгитларига қатъий амал қилган ҳолда, нақшбандия арконларига садоқатли пир-муршид сифатида юртда тинчлик ва осойишталикни, динлар орасида бағрикенгликни сақлашга виждонан хизмат қилган.
У турли дин вакиллари орасида мулоқатлар олиб борган, ҳиндулар, тибетликлар, оловпарастлар, будпарастлар ва ҳатто конфуссиячилар билан ҳам мулоқатда бўлиб, уларнинг диний қарашларидаги умуминсоний ғояларни ўрганиш лозим деб ҳисоблайди. Конфуцийнинг ҳикматлари инсон камолатида муҳим рол ўйнашини таъкидлайди ва конфуция таълимоти диндан кўра катта илм ва фалсафа эканлигини қайд этган.
Хожа Исҳоқ Вали ёшлигидан кучли мантиқ эгаси бўлган, дастлаб мантиқни ўз отаси Махдуми Аъзамдан, сўнгра устозларидан, Мавлоно Лутфуллоҳ Чустийдан[5] ўрганган. У ўз ҳаётида кўпгина чигал масалаларни мантиқий салоҳиятига таяниб еча олар эди. Кунлардан бирида Хожа Ҳошимхожа Хожа Исҳоқга мурожаат қилиб, “ал-вилояту афзалу минан-нубуввати” (Валийлик мақоми набийлик мақомидан афзал турур) нақлининг маъносини ечиб беришни илтимос қилади. Шунда мутафаккир ўзининг мантиқий салоҳиятига таяниб, Расулиллоҳга ҳали набийлик сифати келмаган пайтда ҳам валийлик сифатига эга бўлганлар, бу валийлик ундан илгари ўтган найбийлар сифатидан анча афзал эди, шу маънада “Валийлик мақомига афзаллик берурлар”[6], - деб жавоб берганлар. Бошқа бир сафар Қашқар султонлари хонадонида мерос тақсимлаш можораси бўлиб, уни ечиш вазифаси Хожа Исҳоқ Вали зиммасига тушади. Меросхўрлар икки киши – ака ва ука эди. Хожа бобокалонларининг ўгитларига риоя этган ҳолда ака-укани ўз ҳузурига чорлайди. Ака ва ука меросни тақсимлашда қозикалон қўллаган усулдан норози эдилар. Хожа Исҳоқ ака ва укага мурожаат қилиб: биродарлар, келинглар бирингиз мулкни бўлувчи (тақсимловчи) бўлинг, иккинчингиз эса танловчи (бўлинган мулкдан хохлаган қисмини танлаб олувчи) бўлинг. Бўлувчи адолатли бўлса, танлашдан қолган қисми ҳам уни қаноатлан-тиради, агар бўлувчи адолатсиз бўлса, танлангандан қолган қисми унга тегиб, ўз қилмиши учун ўзи жазоланади. Бу жуда кучли мантиқий ечим эди.
Хўжа Исҳоқ Вали турли дин вакиллари ўртасида бир-бирини тушуниш ва ўзаро муроса бўлишини хохлар эди. Шу туфайли у ҳукмронлик килган вилоятларда турли дин ва конфессия вакиллари ўзаро аҳил, тинч ва осойишта турмуш кечирар, турли миллатлар ва элатлараро ўзаро иттифоқчилик ҳукм сурган. Бундай ёндашув унинг отаси Махдуми Аъзамнинг таълимотида мавжуд эди. Махдуми Аъзам халқ турли миллат ва элат вакилларидан ташкил топган бўлади, диндорлар эса турли динларга ва мазҳабларга эътиқод қилишади, турлича урф-одат ва анъаналарга риоя этишади. Уларнинг қай бири ҳақ ва қай бири ноҳақ эканлигига ҳукм чиқариш ҳуқуқи биз бандаларга берилмаган, унга яратгувчининг ўзи баҳо беради. Шундай экан, динлар орасида, миллатлар орасида ўзаро аҳилликни асраш ҳукмдорларнинг асосий вазифасидир. Ўзга миллат вакилларини ва ўзга дин қавмларини камситмаслик лозим деб таъкидлар эди. Шу туфайли Махдуми Аъзамнинг жамоавий маърузаларига турли дин вакиллари мунтазам қатнашишган ва улар “бу мусулмоннинг маърузаларида ҳақиқат руҳи уфуриб туради, биз ўз руҳонийларимиздан ола олмаган маънавий озуқани унинг маърузаларидан оламиз” – деб баралла айтишарди.
Хожа Исҳоқ таълимоти диний бағрикенгликни, маърифатпарварлик ва инсонпарварликни тарғиб этувчи, инсон қадр-қимматини ҳамма нарсадан устун қўювчи таълимотдир. Мутафаккир ўз таълимотини Мовароуннаҳрда, Хуросонда Эронда, Шарқий Туркистон, Ҳиндистон ва Хитойда фаол тарғиб этган. Унинг кўплаб шогирдлари – устозининг диний бағрикенглик ва инсоний меҳр-мурувват ғояларини ривожлантиришни давом эттиришган.
Айрим манбаларда Хожа Исҳоқ Валини Шарқий Туркистонда 16-17 асрларда авж олган “оқтоғлилар” ва “қоратоғлилар” ўртасидаги ғоявий курашнинг бошида турган деб айблашади[7]. Аслида бу Хожа Исҳоқ Валига нисбатан адолатсиз айбловдир. Хожа Исҳоқ Вали акаси Муҳаммад Амин –Хожаи Калонни ниҳоятда ҳурмат қилган, доимо унинг маслаҳатларига риоя қилиб, акасининг дуосини олишга интилиб юрган. Акасининг Шарқий Туркистоннинг айрим ҳудудларида султонлик қилишига ҳам мадад берган. Фикримизни Саййид Назар Хожа Хўқандийнинг “Маноқиби Хожа Исҳоқ Валий” асарида Хожа Исҳоқнинг Хожаи Калонни нақадар ҳурмат ва эътибор билан кутиб олганлиги ҳақидаги фикри билан далиллаш мумкин[8]. Бу икки авлод ўртасидаги зиддият кейинчалик шу зиддиятдан манфаатдор бўлган ҳукмдорларнинг тож-тахт талашиш мақсадида уларнинг можаросига аралашишлари туфайли авж олган. Хожа Исҳоқ Вали отаси саййидлар авлодидан, онасининг келиб чиқиши муғул хонларига (аниқроғи Сотуқ Буғрохонга) бориб туташганлиги туфайли ҳам диний, ҳам дунёвий ҳокимиятга даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга эди, Хожаи Калон – Муҳаммад Амин авлодлари эса фақатгина диний ҳокимиятга даъвогарлик қила оларди. Турли мамлакатларнинг султон ва хонлари бу фарқдан ўзларининг манфаатлари йўлида усталик билан фойдаланишга интилишган. Бундай можораларнинг бошланиб кетиши мумкинлигини олдиндан сезган Хожа Исҳоқ уларнинг олдини олишга интилган.
Хожа Исҳоқ Вали ҳам диний ва миллий бағрикенглик борасида ўз аждодлари ўгитларига содиқ қолган. Хожа Исҳоқ Вали ислом динидаги бағрикенглик моҳиятини кўрсатишда Расулиллоҳнинг ибратли ҳаётидан мисоллар келтирар. Айниқса, Муҳаммад алаҳиссалом билан яҳудий қўшниси орасидаги воқеа, усти очиқ намозгоҳдаги бадавий араб ўртасидаги воқеа, Расуллоҳнинг насроний маҳалладошига кўрсатган марҳамати каби ҳадислардан диний бағрикенгликни асослашда самарали фойдаланарди.
Унинг маърифий таълимотига кўра, дин ўз моҳиятига кўра икки жиҳатга эга. Улар тоат-ибодат ва маърифий жиҳатлар. Бу жиҳатлар бир-бири билан узвий боғлангандир. Зоҳидлар диннинг фақат тоат-ибодат жиҳатига, обидлар эса маърифий жиҳатига урғу берадилар. Ҳар бир мусулмон диннинг бу икки жиҳатини уйғунликда олиб бориши, диннинг ҳам ибодат, ҳам маърифат жиҳатларини узвий боғлай олиши лозим. Динни фақат тоат-ибодатдан иборат деб билувчилар муттассибликка йўл очади, фақат маърифатни мутлақлаштирувчилар эса мўътазилитлар сафига қўшилиб қолиши мумкин, деб огоҳлантиради.
Бу таълимот бугунги кунда ҳам жиддий амалий аҳамиятга эгадир. Чунки ислом фақат ибодатгина эмас, у айни пайтда илм-маърифат, маданият, фалсафадир. Мовароуннаҳрлик буюк алломалар исломни яхлит маданият сифатида гуманистик фалсафа сифатида ривожлантиришди. Бунинг оқибатида ислом инсониятга рационалистик ва иррационалистик ғояларни бирлаштирувчи янгича фалсафани, янгича тафаккурни инъом қилди.
Бахтиёр ТУРАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот директори ўринбосари,
фалсафа фанлари доктори, профессор
[1] Шажараи Хожа Исҳоқи Валий (қуддисе сирруҳу) // Саид Назар Хожа Хўқандий. Қалбларнинг зиёси. Т.:Наврўз, 2014. Б. 152.
[2] Хажи Нурхажи. Краткая история Яркендского ханства Саидия. (На уйгурском языке). – Урумчи, 1993. С.250-252.
[3] Қулматов Ш., Бердимуродов А. Самарқанд ёдгорликлари. Т.:Наврўз, 2017. Б.150.
[4] Саид Назар Хожа Хўқандий. Қалбларнинг зиёси. Т.:Наврўз, 2014. Б.105.
[5] Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий (ваф.1572 й.)– Махдуми Аъзамнинг муриди, Хожа Исҳоқ Валининг пири-муршиди, устози
[6] Саид Назар Хожа Хўқандий. Қалбларнинг зиёси. Т.:Наврўз, 2014. Б.46.
[7] Нарынбаев А.И. Реакционная роль суфизма в Восточном Туркестане. PDF created with FinePrint pdfFactoryPro trial version http://www.pdffactory.com Б.206.
[8] Саид Назар Хожа Хўқандий. Қалбларнинг зиёси. Т.:Наврўз, 2014. Б.33
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси