Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Ноябр, 2026   |   5 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:49
Қуёш
07:11
Пешин
12:13
Аср
15:23
Шом
17:07
Хуфтон
18:23
Bismillah
15 Ноябр, 2026, 5 Жумадул сони, 1448

Рамазон бу...

05.05.2018   89574   1 min.
Рамазон бу...

Рамазон истиғфор ойидир. Яъни, бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Имом Аҳмад “Муснад” китобида келтиришича, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Рамазон ойида Менинг умматим бошқа ҳеч қайси умматларга берилмаган бешта хислат билан неъматланди: биринчиси, Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳ таоло учун мушк-анбардан ҳам ёқимлироқдир. Иккинчиси, улар то оғизларини очгунларича фаришталар уларнинг гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан сўраб туришади. Учинчиси, Рамазон ойи кирганида дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. (Тўртинчиси,) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатни зийнатлайди. Сўнгра: “Эй жаннат, сенга Менинг рўзамни тутиб қийналган солиҳ бандаларим кириб роҳатланишлари учун зийнатлан ва безакларингни чиройли қил!” деб буюради. (Бешинчиси, Рамазон ойининг) охирги кечасида у(рўзадор)ларнинг гуноҳлари кечирилади. (Саҳобалар): “Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?” деб сўрашганида, у зот (алайҳиссалом): “Йўқ, лекин ишчи қилаётган иши битганида унга ҳақини берилади”, деб марҳамат қилдилар”. Яъни, у кеча Қадр кечаси эмас, аммо худди бировга бир иш буюрилганида у ўша ишни битиргач, ҳақини ўталгани каби, Рамазон ойи тугаши билан Аллоҳ таоло рўзадор бандаларига ҳақларини беради – уларнинг гуноҳларини кечиради.

 

“Раҳмат ойи рамазон” китобидан

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мадинада вафот этган охирги саҳоба

12.11.2026   28733   3 min.
Мадинада вафот этган охирги саҳоба

Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу пешқадамлар қаторида Исломни қабул қилган. У ёшлигида Иккинчи Ақаба байъатида иштирок этиб: «Отам, тоғам ва мен Пайғамбарнинг саҳобалариданмиз», деган эди. Шунинг учун уни саҳобанинг ва саҳобия аёлнинг ўғли дейишади. У кўп ҳадис ривоят қилгани билан танилган.
 

Жобир ибн Абдуллоҳ ўн тўққизта жангда Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга бўлди. Фақат Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этмади. Чунки отаси Жобирнинг жангга киришига рухсат берса, унинг опа-сингиллари қаровчисиз қолишлари мумкин эди.


Жобир розияллоҳу анҳу уйланганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қизга уйландингми ёки бева аёлгами?» деб сўрадилар. Жобир розияллоҳу анҳу: «Бева аёлга», деди. Бундай қилишига сингилларига ғамхўр аёл кераклигини сабаб қилиб кўрсатди.


Отаси Амр розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида шаҳид бўлади. Шундан кейин Жобир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ алайҳиссалом иштирок этган барча ғазотларда қатнашди. Кейинроқ эса ҳазрат Али розияллоҳу анҳу билан кўплаб жангларда иштирок этди.


Жобир розияллоҳу анҳу бундай дейди:


«Биз Ҳудайбияда ниҳоятда чанқадик. Шунинг учун Расули акрамнинг ҳузурларига бордик ва у зотнинг олдиларида мешни кўрдик. У зот саҳобаларга: “Аллоҳ номи билан ичинглар”, дедилар. Сўнгра сув у зотнинг бармоқлари орасидан булоқдек қайнаб чиқа бошлади. Биз сувдан ичиб, таҳорат олдик. Ҳаммага сув етиб-ортди. Ҳаммага сув етарли бўлар эди. Ваҳоланки, биз бир минг беш юз киши эдик».


Бир куни Жобир розияллоҳу анҳу ғазотдан қайтишда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларига ҳамроҳ бўлишларини хоҳладилар. Сўнгра ўша кеча Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир учун йигирма беш марта истиғфор айтдилар.


Жобир ибн Абдуллоҳ бундай ривоят қилади:

«Хайбар аҳли очарчиликка дуч келганларида, эшакларини сўйиб, қозонларда қайната бошладилар. Бу ишлари Пайғамбар алайҳиссаломга етиб келди. У зотнинг амрларига биноан, қозонлар ағдариб ташланди. Шундан кейин у зот хонаки эшаклар, хачирлар, тишли йиртқич ҳайвонлар ва барча тирноқли йиртқич қушлар гўштларини ейишни ман қилдилар».


Абу Назрадан ривоят қилинишича, Жобир ибн Абдуллоҳ ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу тан олган пешволардан эди. Ўз даврида у Мадина муфтийси ҳам бўлган. Унинг Масжиди Набавийда дарс бериш ҳалқаси бор эди.


Жобир ибн Абдуллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан 1500 та ҳадис ривоят қилган машҳур ровийдир. Ундан бир гуруҳ саҳобалар ва таниқли тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. У ривоят қилган ҳадислар «Саҳиҳ» ва «Сунан» тўпламларига киритилган.


Аллоҳ таоло Жобир розияллоҳу анҳунинг умрига барака берди. У тўқсон тўрт йил умр кўрди. Ҳаётининг сўнгги йилларида кўзлари ожиз бўлиб қолди. Унинг ҳижрий 74 ёки 78 йилда вафот этгани айтилган. У Ақаба байъатини кўрган, Мадинада истиқомат қилган саҳобаларнинг энг охиргиси эди.


Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ҳошим АМАНОВ тайёрлади.

(Б. Эралиев уюштирди.)

“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Сийрат ва ислом тарихи