Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Тут мевасининг хоссалари

04.05.2018   13877   17 min.
Тут мевасининг хоссалари

ТУТ (Morus) — тутдошлар оиласига мансуб дарахтлар туркуми; мевали дарахт; Ўзбекистонда 5 тури ўстирилади. Оқ тут (М. alba) ва қора тут (М. migra) меваси истеъмол қилинади. 
Сершох тут (М. multicaulis), кагаяма тут (M. Kagayame) ва ипак қурти тути (М. bonabycis) турларидан, асосан, ипак курти боқишда фойдаланилади. Тут тез ўсади, қурғоқчилик ва совуққа чидамли. Шох-шаббаси зич, кенг юмалоқ, овал ва пирамида шаклида. Бўйи 15— 18, баъзилариники 20—25 м, йўғонлиги 1,5 м гача. Катта ёшдаги баланд танали тут дарахтларидан 20—40 кг гача барг, 50—60 кг мева ҳосили олинади. Тутнинг эгри-бугри (илонўт) ва пастга қараб ўсадиган (мажнун тут) хиллари ҳам бор. Дарахти 300, айримлари 500 йил яшайди. 
Оқ тут (Балхи тут) ва шотут меваси ширин, шифобахш, ҳар хил ви-таминларга бой. Ўзбекистонда тут қадимдан экиб кўпайтирилади. Янгилигида истеъмол қилинади, шинни, мураббо, майиз, тайёрланади. Барги тут ипак қурти боқишда ишлатилади. Тут икки уйли ўсимлик. Гуллари бир жинсли. Тут уруғидан, қаламчасидан, пайванд ва пархиш қилиб кўпайтирилади. (“ЎзМЭ”дан). 
Ер юзида тарқалган навлари. Дунё мамлакатларининг асосан Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақаларида, Ҳиндистонда, Африканинг ва Шимолий Американинг мўътадил ва субтропик минтақаларида тут дарахтининг 20 тури мавжуд. Тутнинг кўп навлари Хитойда ўсади. Оқ тутнинг ватани Хитой, шотутнинг ватани Эрон ва Афғонистон ҳисобланади. 
Тут барглари ипак қурти учун керакли озуқа бўлгани боис, ҳар доим қимматли ўсимликлар қаторига киритилган. Бундан ташқари, қадимдан тут дарахтидан мусиқа чолғу асбоблари, ёзув қоғози ишлаб чиқарилади. Тут пўстлоғидан тайёрланган бешикларга қурт тушмайди, оналаримиз фарзандларимиз ўзидан кўпайсин дея, мевали дарахт — болани тутдан ясалган бешикларга белашади. Бу мевали дарахтнинг, асосан, икки хил тури истеъмолга яроқли ҳисобланади. Бу оқ тут ва шотут. Шотутни қора тут деб ҳам аташади. 
Тут тўлиқ етилган, сершира, янги узилган ҳолда ёки қуритилган (тут майизи) ҳолида истеъмол қилинади. Яна тутдан турли хилдаги пишириқлар, мураббо ва мармеладлар, қиём, шинни тайёрланади. 
ТАРКИБИ. Тут меваси серсув, унинг таркибида 82,9-86,2 % гача сув бор. Бундан ташқари, у сершира мева — 10,9-12,7 % гача қанд миқдори мавжуд. Тутни қуритиб, истеъмол қилинса, шираси янада кўпаяди. Тут майизида қанд миқдори 73,29-83,71 % ини ташкил этади. Бундан ташқари, тут В, С, E, К, РР витаминларига бой. Шунга кўра, уни касалликдан заифлашиб қолган, тез-тез шамоллайдиган кишиларга истеъмол қилиб туришлари тавсия этилади. 
Минерал моддалардан эса калий, натрий, рух, селен, мис, фосфор, кальций, магний, темирга бой, уруғи 24-33 фоизгача ёғ ва бошқа ошловчи моддалар сақлайди.Таркибида кўп миқдорда фосфор сақлагани боис, тут ақлий фаолият билан шуғулланадиган кишилар учун кони фойда саналади. Ҳомиладор аёллар учун ҳам тут меваси ҳомиланинг яхши ривожланиши учун керакли дармондорилар манбаи ҳисобланади. 

Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди. 
Тут барги ва танасининг пўстлоғи ҳам турли биологик фаол моддаларга бой. Барги таркибида флавоноидлар, витаминлар, каротин, эфир мойи, органик кислоталар, дарахт пўстлоғида эса бўёқли ва ошловчи моддалар, турли хилдаги кислоталар мавжудлиги аниқланган. 
Халқ табобатида тут қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланилиб келинади. 
Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланган. Баргининг қайнатмаси эса ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилган. 
Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино тутдан шифобахш восита сифатида фойдаланган. 
Шифобахш хусусияти агар тут, ток ва қора анжирнинг баргларини ёмғир сувида қайнатиб ишлатилса, сочни қорайтиради. Оқ тут барги томоқ оғриғи, янги узилган барг шираси тиш оғриғига, тут меваси ва унинг шираси оғиз ва томоқдаги шишларга даво бўлади. Тузлаб қуритилган тут эса ичбуруғ касаллигини даволайди. Буйрак, юрак-қон томир касалликларини даволашда эса тут меваси танани ортиқча суюқликдан тозаловчи, пешоб ҳайдовчи воситадир. 
Тутни овқатланишдан олдин истеъмол қилиш лозим, шунда ошқозонга унинг зарари тегмайди. 
Тут мевасини қуритиб, ундан дамлама, компот тайёрлаб ичилса, дармонсизликни даволайди, озишга ёрдам беради, организмни тозалайди. 
Қишда тут дарахтининг куртагини олиб, тозалаб, дамламасини юракни қувватлаш учун ичиб юрилади. Тут дарахти гуллари ўсимлик ёғи билан аралаштирилиб, қоронғи жойда тиндирилса, теридаги майда ҳуснбузар, доғлар ва сепкилни даволаш учун ажойиб крем ҳосил бўлади. Танадаги эски яра ва шикастланган жойларни даволашда тут барги ва шохчасини майдалаб, ўсимлик ёғи билан аралаштириб суртилса, яралар тез битади, терида ўрни қолмайди. Тутнинг озиқавий қиймати – 70 ккал. 
Янги тут (ёки консерваланган) меваси шарбати кўкрак қафасининг симиллаб оғриши ва нафас олиш қийинлашиб ҳарсиллашда ёрдам беради. Муолажа мақсадида тут шарбати уч ҳафта давомида ичилади. Таажжубки, шу қисқа муддатда юрак фаолияти тўлиқ тикланиб, соғаяди. 
Янги олинган тут шарбати тутнинг барча фойдали шифобахш хоссаларига эга бўлади. У нафас йўллари, тонзиллит ва ангинани даволашда фаол восита, сурункали йўтал, пневмония ва бронхитни даволашда ҳам ижобий натижа беради. Ақлий меҳнат билан машғул кишиларга унинг фойдаси катта, чунки таркибидаги фосфор ақлий фаолиятни яхшилайди. 
Тут дарахти пўстлоғининг инсон соғлиғи учун фойдаси. Пўстлоғидан қайнатма, дамлама ва малҳам тайёрланади. Малҳам билан йирингли жароҳатларни, терининг куйган ва жароҳатланган қисмини, дерматитни, экзема ва псориазни даволаш мумкин. 
Малҳамни тайёрлаш учун икки қошиқ майдаланган дарахт пўстлоғини 100 г қиздириб, совутилган писта ёғи билан аралаштирилади ва музлатгичда уч кун давомида тиндириб, олиб яна қайтадан аралаштирилади. Шундай қилиб малҳам дори тайёр бўлади. 
Бу малҳам билан терининг касал жойларига кунига тўрт маҳал суртилади. Уни ҳуснбузардан холи бўлиш учун ҳам ишлатилади: юзга ва елка терисига ҳар чўмилиб чиққандан сўнг суртилади. 
Одатда тут мевасини янги узиб олинганида истеъмол қилинади, лекин ундан шунингдек, компот, мураббо, кисель, сироп, пишириқлар ичига солиб, пишириб истеъмол қилинади. Тутни яшаш жойига яқин жойда пишиб етилган меваси истеъмол қилинади. Уни узоқ масофага транспорт воситасида олиб бориш ярамайди, етиб боргунича айниб қолади. 
Тут майизи кучли терлатувчи фаолликка эга, шунинг учун ундан шамоллаганда ундан чой тайёрлаб ичиш тавсия этилади. Организмни умумий мустаҳкамлаш учун турли таомларга тут дарахти қуритилган баргларидан кунига бир чой қошиқ қўшиб истеъмол қилинади. 
Шу мақсадда яна унинг ёш новдаларидан дамлама тайёрлаб ичилади. Бунинг учун 5 та унча катта бўлмаган новдаси устидан 500 мл сув қуйилиб, 10 дақиқа қайнатилади, сўнг 2 соат давомида тиндирилади. Сўнгра дамламадан бир ой давомида кунига 3 маҳал 50 мл дан ичилади. 
Оғиз бўшлиғи хасталикларида стоматитда, пародонтозда, яра ва томоқ касалликларида шотут меваси дамламаси билан ғарғара қилиш яхши натижа беради. Бундай дамлама тайёрлаш учун 2 қошиқ эзиб майдаланган шотут меваси устидан 200 г қайноқ сув қуйиш йўли билан тайёрланади. 
Тут дарахти илдизи фойдалари. Қон босимини ва қон айланиш тизимини меъёрига келтириш учун дарахт илдизи қайнатмасидан ичиш тавсия этилади, уни тайёрлаш қуйидагича бўлади: 
1. 50 г илдизи майдаланиб, устидан 1 литр қайноқ сув қуйилади. 
2. Бир соат ўтказиб, 15 дақиқа паст оловга қўйилади. 
3. Совутиб, докадан ўтказиб олинади. 
4. Кунига уч маҳал стаканнинг учдан бир қисми миқдорида ичилади (яна ширалироқ бўлиши учун бироз асал қўшиш мумкин). 
Ҳомиладор аёллар учун ҳам тут меваси ҳомиланинг яхши ривожланиши учун керакли дармондорилар манбаи ҳисобланади. 
Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди. 
Халқ табобатида тут қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланилиб келинади. 
Янги йиғилган тут меваси ёки унинг шираси билан халқ табобатида оғиз ярасини самарали даволашган. Бунинг учун мевани қайнатиб, оғиз бўшлиғи чайилган. Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланган. Баргининг қайнатмаси эса ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилган. 
Тут дарахти пўстлоғи майда туйилиб, кунжут ёғи билан аралаштирилиб, турли хилдаги оғир яралар даволанилади. Дарахт пўстлоғининг қайнатмасида эса шамоллаш ва ўпка касалликларида балғам кўчирувчи восита сифатида қўлланилади. 
Илдизининг пўстлоғидан тайёрланган қайнатма эса қуруқ, сурункали йўтал, бронхит, бронхиал астма (нафас қисиши), қон босимининг кўтарилиши касалликларини даволашда қўл келади. Негаки тут дарахтининг илдизи ва пўстлоғида қон томирларини тозаловчи, қон айланишини меъёрига келтирувчи махсус моддалар мавжуд. Бундан ташқари, илдизининг қайнатмаси гижжани ҳайдашда ҳам энг осон даво ҳисобланади. Чилонжийда билан тут мевасидан тайёрланган қайнатма эса бўғма (дифтерия), қизилча (скарлатина) каби касалликларга даво бўлади. 
Абу Али ибн Сино ҳам тутдан шифобахш восита сифатида фойдаланган. Ширин тут иссиқ, нордон шотут эса совуқликдир. Тутнинг ширасида, айниқса, унинг мис идишга солиб қайнатилганида, буриштириш хусусияти кучаяди. Шу билан бирга у кучли ва ёмон хилтларнинг аъзоларга оқишини тўхтатади. Бу, айниқса, хом тутга хос бўлади. 
Тут, ток ва қора анжирнинг баргларини ёмғир сувида қайнатиб ишлатилса, сочни қорайтиради. Оқ тут барги томоқ оғриғи, янги узилган барг шираси тиш оғриғига, тут меваси ва унинг шираси оғиз ва томоқдаги шишларга даво бўлади. Тузлаб қуритилган тут эса ичбуруғ касаллигини даволайди. Буйрак, юрак-қон томир касалликларини даволашда эса тут меваси танани ортиқча суюқликдан тозаловчи, пешоб ҳайдовчи воситадир. Тут мевасининг барча турларини овқаланишдан олдин истеъмол қилиш керак, шундай қилинса, ундан меъда ва ичак тизимига зарар етказилмайди. 
Тут мевасини қуритиб, ундан дамлама, компот тайёрлаб ичилса, дармонсизликни даволайди, озишга ёрдам беради, организмни тозалайди. 
Қишда тут дарахтининг куртагини олиб, тозалаб, дамламасини юракни қувватлаш учун ичиб юрилади. Тут дарахти гуллари ўсимлик ёғи билан аралаштирилиб, қоронғи жойда тиндирилса, теридаги майда ҳуснбузар, доғлар ва сепкилни даволаш учун ажойиб крем ҳосил бўлади. Танадаги эски яра ва шикастланган жойларни даволашда тут барги ва шохчасини майдалаб, ўсимлик ёғи билан аралаштириб суртилса, яралар тез битади, терида ўрни қолмайди. 
Иккала хил тутнинг ҳам ўзига хос афзал томонлари бор. Шотут оқ тутга қараганда нордонроқ бўлади. Аммо қувват жиҳатидан ундан асло қолишмайди. Қон босимининг кўтарилиши, камқонлик, руҳий тушкунлик каби касалликларни шотут ёрдамида даволаш мумкин. 
Шотут организмдаги гормонал бузилишни тўғрилаб, аёлларнинг яллиғланиш касалликларини даволашда қўл келади. Шунга кўра, у асал билан аралаштириб ейилса, иммунитетни кўтаради. Оқ тут таркибида табиий антибиотик — ресвератол топилган. Бу эса унинг кўпгина сурункали касалликларни даволашга ёрдам беришини билдиради. Аёлларда кузатиладиган климакс ҳолатида кўп терлаш, қизиш каби нохуш аломатларни йўқотишда, юрак соҳасидаги оғриқларда кўпроқ шотут ейиш буюрилади. 
Анъанавий тиббиётда оқ тут мевасидан камқонлик, ошқозон-ичак хасталиклари, гастрит касалликларини даволашда фойдаланилади. Барги ва янги очилган куртаги организмда моддалар алмашинуви бузилганида яхши ёрдам беради. Оқ тут мевасидан олинган шинни доришунослик соҳасида хапдори тайёрлашда фойдаланилади. 
Оқ тут меваси калийга жуда бой. Шунга кўра, уни атеросклероз, тахикардия, юрак пороги касалликларида тавсия этишади. Атиги уч ҳафталик тутли парҳез ёрдамида бемор нафас қисиши, кўкрак қафасидаги сиқувчи оғриқдан халос бўлиб, юракнинг иш қобилияти тикланади.
Тут мевасининг шифобахшлиги олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида ҳам исботланган. Тадқиқотлар давомида оқ тут меваси ёрдамида юрак мушагининг қисқариш қувватининг сусайиши (миокардиодистрофия) ни даволашда яхши натижаларга эришилган. Тут ёрдамида беморларда нафас қисиши ва юрак оғриши камайган, юрак уриши маромига келган ҳамда ортиқча суюқлик йиғилиши натижасида пайдо бўлган шишлар ҳам йўқолган. 
Тут ёрдамида даволаниш 
Ревматизмни даволаш. Тут барги ва шохлари яхшилаб ювилиб, майда қилиб чопилади. Катта идишга солиб, ичига шохлар юзасини кўмгунича сув қуйилади ва газ печида 2 соат дамланади. Идишдаги қайнатмани тоғорачага қуйиб, оёқлар учун ванна қабул қилинади. Иссиқ баргларни оғриётган жойларга ёпиштириб, усти тоза мато ва жун рўмолда иссиқ ўралади. Муолажа ётишдан олдин бажарилади. 4-5 марталик даво курсидан кейин оёқлардаги оғриқлар камаяди. 
Қанд миқдори ошганида, тут баргидан олиб, яхшилаб ювилади, майдалаб, 2 ош қошиғига 1 пиёла қайноқ сув қуйилади ва бир кеча термосда дам едирилади. Сўнг кун давомида чой ўрнига 1-2 қултумдан ичилади. Даволаниш курси 10 кун. 
Кўз касалликларида. Бир ҳовуч қуритилган тут баргига 1 пиёла қайноқ сув қуйиб, сув буғида 10 дақиқа қайнатилади. Совитиб, қовоқлар териси артилса, кўзнинг яллиғланиши, кўзга говмичча чиқишида ёрдам қилади. Дамламада бинт бўлагини намлаб, кўзларга компресс қилиб, 20 дақиқа ётилса, кўз олдининг хиралашуви касаллигига даво бўлади. 
Шамоллаш ва титроқ тутганида. Барги ва шохларининг дамламаси кунига 3-4 маҳал бир пиёладан ичига озгина ялпиз қўшиб ичилади. Бу дамлама малина чойдан ҳам яхшироқ шифо беради. 
Бўқоқни даволашда. Оқ тут қалқонсимон без касалликларида кони фойда. Бунинг учун ҳар куни эрталаб соат 9 ларда 3 донагача тут мевасини истеъмол қилиш керак. Сабаби бу вақтда қалқонсимон без жуда фаол бўлиб, дармондорилар таъсирида ўзидан янада кўпроқ йод ишлаб чиқаради. 
Тут истеъмол қилиш мумкин бўлмаган ҳолатлар 
Ичак хасталиклари билан оғрийдиган, ичкетарга мойил кишилар, қандли диабет, қон босими хасталиги бор кишилар меъёридан ортиқ тут истеъмол қилишлари тавсия этилмайди. Организмга зарар етказиб қўймаслик учун пишиб етилган тут ич кетишини, пишиб етилмаган хом меваси қабзиятни келтириб чиқариши мумкинлигини ёддан чиқармаслик лозим. 
Тутнинг янги терилган мевасини истеъмол қилгач, совуқ сув ичиш мумкин эмас, бу қорин дам бўлишига, ичак-ошқозон фаолияти бузилишига олиб келиши мумкин. Унинг ширин навлари мевасини қандли диабети ва қон босими бор кишиларга истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Шунингдек, тутдан аллергияси бор кишиларга ҳам уни қилиш тавсия этилмайди.


Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади 

Табобат
Бошқа мақолалар

Табиат ҳам Сизни ҳалок этмасин

20.06.2025   8062   6 min.
Табиат ҳам Сизни ҳалок этмасин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.

Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.

Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.

Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.

Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).

Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.

Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:

«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».

Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...

Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.

Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.


«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан