Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Май, 2025   |   9 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:13
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:30
Хуфтон
20:55
Bismillah
07 Май, 2025, 9 Зулқаъда, 1446

Улуғ саҳобий: Биз ҳалимликда фақат яхшилик кўрган қавммиз

02.05.2018   5304   3 min.
Улуғ саҳобий: Биз ҳалимликда фақат яхшилик кўрган қавммиз

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумога қўшни бўлган ери бор эди. Уларнинг ерларида деҳқончилик қиладиган, ерга ишлов берадиган қуллар меҳнат қиларди.

Бир куни Муовия розияллоҳу анҳунинг қуллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ерига кириб, ундан бир парча ерни тортиб олишди. Буни кўрган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Муовия розияллоҳу анҳуга қуйидаги мазмунда мактуб ёзди:

“Эй Муовия, сенинг қулларинг менинг еримни тортиб олишди. Уларга бу ишдан тийилишни амр эт. Акс ҳолда иккимизнинг ўртамизда келишмовчилик чиқади”.

Муовия розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг мактубини кўргач, уни ўғли Язидга узатди. Язид мактубни очиб ўқиди. Отаси ундан “Эй Язид, бу хатга нима дейсан?” деб сўради. Язид “Сиз унга боши унинг олдида, охири сизнинг олдингизда бўлган катта бир қўшин юборишингиз, қўшин унинг бошини сизга келтириши керак деб ўйлайман. Шунда сиз ундан қутуласиз” деди. Бу гапни эшитган Муовия ўғлига “Менда бундан яхши фикр бор” деди. Ўғли ҳайрон бўлиб “Нима экан, эй отажон?” деб сўради. Муовия “Менга қалам ва қоғоз келтиринг!” деб буюрди. Кейин Абдуллоҳга мактуб ёзди. Мактубда қуйидаги сатрлар бор эди:

“Биродаримнинг ўғли (Абдуллоҳ)нинг мактубини ўқидим. Аллоҳга қасамки, уни хафа қилган нарса мени ҳам хафа қилди. Дўстим! Сенинг розилигинг олдида дунё ва ундаги барча нарсалар арзимасдир. Мен ўзимга-ўзим бир мактуб ёздим. У мактубимга Аллоҳни ва мусулмонлардан бир жамоани гувоҳ қилдимки, ўша ерим, ундаги дарахтлар ва у ерда ишлайдиган барча қуллар сеникидир! Ерни ўз ерингга, қулларни ўз қулларингга қўшиб ол! Вассалом!”

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг мактубини ўқиб кўргач, унга қуйидаги мазмунда жавоб мактуби юборди:

“Мўминлар амирининг мактубини олдим. Ўқиб, ўрганиб чиқдим. Аллоҳ таоло у кишини боқий қилсин! Аллоҳ таоло у кишининг юқори мақомга кўтарилишларига сабаб бўлган ушбу гўзал хулқлари (ҳалимлик)ни у кишидан кетказмасин! Вассалом”. 

Муовия розияллоҳу анҳу ушбу мактубни ўқигач, уни ўғли Язидга узатди. Язид хатни ўқиб, хурсанд бўлди, юзи ёришди. Шунда Муовия розияллоҳу анҳу ўғлига қараб “Эй ўғилчам! Агар сен яна мана шу касаллик (ғазаб) билан оғрисанг, уни мана бу каби дори (ҳалимлик) билан даволагин! Биз ҳалимликда фақат яхшилик кўрган қавмдирмиз!” деди.

 

 

Ҳоний Ҳожининг

“Солиҳлар ва солиҳалар ҳаётидан минг бир қисса” асаридан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги" доирасидаги тадбирлар 

06.05.2025   2178   1 min.

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан эълон қилинган "Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги" доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар, махсус курслар ва семинар-тренинглар бошланди. 

Булардан дастлабкиси 2025 йил 6 май куни Мир Араб олий мадрасасида учрашув бўлиб ўтди.

Махсус курс Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М.Муҳаммадсидиқов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ж.Элов шунингдек, устоз ва талабалар иштирокида бўлиб ўтди.

Сўзга чиққанлар томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, Концепциянинг аҳамияти, 2025 йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан жорий этилган янги тизимлар ҳақида фикрлар билдирилди.

https://t.me/DinQumita/5937

 

МАҚОЛА