Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,

Расулуллоҳ: «Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман…»

02.05.2018   10472   6 min.
Расулуллоҳ: «Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман…»

Расулуллоҳ: “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман, Исо ибн Марямнинг башоратиман ва онамнинг тушиман”, деганлар. Пайғамбаримизнинг “Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман” деганларидан мурод Ҳазрат Иброҳимнинг  Исмоил  билан бирга Каъбани қураётганларида: “Эй Раббимиз, уларга ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Албатта, Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимсан”, деб дуо қилганларидир.

Пайғамбаримизнинг “Исо ибн Марямнинг башоратиман” деганларидан мурод Ҳазрат Исонинг: “Эй Исроил авлоди, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдин берилган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган “Аҳмад” исмли Пайғамбар ҳақида башорат берувчиман”, деганларидир.

Пайғамбаримизнинг “онамнинг тушиман” деганлари эса, “Онам ўзларидан нур чиққанини кўрганлар ва бу нур туфайли Шом қасрлари ёришиб кетган” мазмунли ҳадиси шарифга ишорадир.

Ушбу хабарни Имом Бухорий “Ат-тарихул кабир” ва “Ат-тарихус сағир”да, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр Баззор, Абу Яъло Мувсилий ва Ибн Роҳавайҳ “Муснад”ларида, Ибн Ҳиббон “Ас-сиқот”да, Доримий “Сунан”да, Табароний “Ал-муъжамул кабир”да, Байҳақий “Шуъабул имон”, “Далоилун нубувваҳ”да, Абу Нуайм “Ал-ҳулия”да, Бағавий “Шарҳус сунна”да, Ибн Адий “Ал-комил”да, Имом Табризий “Мишкотул масобиҳ”да, Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро”да, Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Ибн Асокирлар “Ас-сийратун набавия” китоб­ларида, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абу Бакр ибн Мардавайҳ ҳам ривоят қилган.

Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн” китобида бу ҳадисни: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган. Имом Заҳабий “Ат-талхис”да ва Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да “Саҳиҳ” дейишган. Шуайб Арнаут “Муснади Аҳмад” ва “Саҳиҳи ибн Ҳиббон” тахрижида: “Саҳиҳун ли ғойриҳ”, дейди. Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид”да ва Аҳмад ибн Абу Бакр Бусойрий “Итҳофул хияратил маҳара” китобида: “Исноди ҳасан”, дейишган. Ҳофиз Зайниддин ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Димашқий: “Расулуллоҳ  туғилаётганларида бу муборак нурнинг чиқиши инсониятни тўғри йўлга бошлаган ва ширк зулматини йўқ қилган ҳидоят нурига ишорадир”, деган[1].

Аллома Ибн Касир: “Бу муборак нур чиқиб, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборгани Ислом динининг Шом диёрига ўрнашиб, мустаҳкам бўлишига ишора. Шунинг учун ҳам охирзамонда Шом диёри Ислом дини ва мусулмонлар учун мустаҳкам қалъага айланади. Исо  Шом диёрига, аниқроғи, Дамашқнинг шарқий оқ минораси жойлашган ерга тушадилар”, деган. 

Омина  онамизнинг  дояси

Пайғамбаримизга муҳаббатимиз туфайли атрофларида бўлган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ  туғилаётганларида Омина онамизга ким доялик қилган эди?

Айрим ривоятларда Исонинг  оналари покдомон Марям билан Мусони  улғайтирган ҳазрат Осиёдек мукаррама зотлар ҳозир бўлишгани айтилган. Аммо “Марям ва Осиё оналаримиз Расулуллоҳ  туғилаётган пайтда ҳозир бўлганлари” ҳақидаги ривоятни имом Суютий “Ал-хасоисул кубро” китобида (1/47): “Жуда ҳам мункар”, деган.

Ҳақ гап эса Омина онамизга Шифо  доялик қилганларидир. Шифонинг онаси Салмо, эри Авф, ўғиллари Абдураҳмон ва Асвад, қизи Отикадир.

Оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авфни  Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади. Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, истиқоматда собит бўлди, Расулуллоҳ  ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмоннинг  жаннати экани башоратини олди.

 

Илоҳий  ироданинг  рўёби

Расулуллоҳ  дунёга келганларидан сўнг Омина онамиз қайноталари Абдулмутталибга одам жўнатиб, набирали бўлгани хабарини етказади. Абдулмутталиб беҳад қувонади, чақалоқни олиб, Каъбанинг ичига киради, Аллоҳга дуолар қилиб, шукроналар айтади ва шу ерда муборак набирасига “Муҳаммад” деб исм қўяди. Қизиқ, Абдулмутталиб нимага асосланиб ота-боболарининг урфида бўлмаган бу исмни қўйди?

Бу борада икки асос бор:

  1. Абдулмутталиб Расулуллоҳ туғилишларидан бир оз олдин белидан бир учи осмонда, бир учи ерда, яна бир учи шарқда ва бир учи ғарбда бўлган кумуш занжир чиққанини туш кўради. Кейин ҳалиги занжир улкан бир дарахтга айланади. Ҳар бир япроғида нур бўлиб, машриқу мағриб аҳолиси унга осилаётган ва уни тинмай мақтаётган эди. Тушини таъбирчиларга айтганида, улар зурриётлари орасида бир фарзанд дунёга келишини, бутун машриғу мағриб аҳолиси унга эргашиши, еру осмон аҳли уни мақташини айтади. Абдулмутталиб мана шу тушга асосланиб, “Муҳаммад” деб исм қўйган.
  2. Омина онамиз ҳам ҳомиладорлик пайтида бир туш кўради. Тушида муборак ўғил кўриши башорат қилинади ва унга “Муҳаммад” деб исм қўйиши буюрилади. Вақт-соати келиб, Омина онамиз муборак ўғилни дунёга келтирганида, тушини қайнотасига айтади. Абдулмутталиб тушларнинг бежиз эмаслигини тушунади. Дарвоқе, Замзам қудуғининг қаерга кўмилгани ҳам, уни очиш ҳам Абдулмутталибга тушида билдирилган эди.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қи­линади: «Пайғамбаримиз  туғил­ганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан, ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра, қўчқор сўйиб, Қурайш аҳлига зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: “Бу набиранг шарофати билан бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?” деб сўрашади. У: “Муҳаммад деб исм қўйдим”, дейди. Улар: “Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?” деб ажабланишганида, у: “Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим», дейди”.

Аслида эса, Аллоҳ таоло сўнгги пай­ғамбарининг исми “Муҳаммад” бўлишини ирода этган ва бу илоҳий ироданинг рўёбини Абдулмутталиб билан Омина онамизга туш орқали илҳом қилиб, юзага чиқарди. Чунки асл Тавротда “Муҳаммад” деб, асл Инжилда “Аҳмад” деб хабар берилгани маълум.

 

Абдул Азим ЗИЁВУДДИН,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

 

 

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ушбу оятга қулоқ тутинг!

04.08.2025   8953   1 min.
Ушбу оятга қулоқ тутинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:

"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, 
- намозни тўкис адо этиб, 
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар"
(Фотир сураси, 29-оят).

Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.

Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий

Мақолалар