Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Мазҳаблар ўртасида қарз масаласи

02.05.2018   10016   4 min.
Мазҳаблар ўртасида қарз масаласи

Закоти бериладиган молга қўйиладиган шартлардан бири бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарздан ортиқ бўлишидир.

Бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарз бўлмаслик” деганда – қарзлар икки қисмга бўлинади: Аллоҳ таоло томонидан талаб қилинган қарзлар; бандалар томонидан талаб қилинадиган қарзлар;

Бир кишининг зиммасида назр, каффорат, садақаи фитр, таматтуъ ҳажининг қурбонликлари, қурбон ҳайитининг қурбонлиги каби қарзи бор бўлса ва закот нисобига етадиган маблағи ҳам бўлса, аввал закотини адо қилади, чунки бу қарзлар банданинг ҳаққи эмас, Аллоҳдан талаб қилинадиган қарзлардир. Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етадиган моли бор. Шу билан бирга, бошқа одамлардан қарзи ҳам бор. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради. Аммо қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, закот бериш фарз бўлмайди. Чунки одамлардан қарзи бор одам бой ҳисобланмайди.

Қарз борасида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:

Ҳанафийлар: “Қарз уч қисмга бўлинади: Биринчи қисми – бандаларга хос қарз. Иккинчи қисми – Аллоҳ таолога хос қарз. Учинчи қисми – Бандалар томонидан талаб қилинмаган қарз.

Қарзни бандалар томонидан талаб қилувчиси (йиғиб олувчи) бўлади. Ҳудди ўтган йилда берилмаган закот қарзи каби. Зоҳирий (кўриниб турувчи) молларни, яъни чорва моллари ва ердан чиққан нарсаларни ўша пайтда талаб қилувчи бошлиқ бўлган. Ёки олтин ва кумушга ўхшаш тижорат моллари каби ботиний молларни талаб қилувчи бошлиқ ёрдамчиси бўлган. Бошлиқ ёрдамчилари закотни идора қилувчилардир. Чунки бошлиқ Усмон розияллоҳу анҳу замонларигача закотни  йиғиб олар эди. Бас, у зот розияллоҳу анҳу ботиний молларда закот беришни ўз эгаларига топширганлар. Учинчи қисми – уни бандалар томонидан талаб қилувчиси бўлмаган назр, каффорат, фитр садақаси ва ҳажнинг нафақаси каби Аллоҳ таолога хос бўлган қарзлардир. Закотни фарз бўлишини ман қиладиган қарзлар аввалги икки қисм қарзларидир. Агар бир киши закот нисобига эга бўлиб, сўнг ўша нисоб бир йил айланса, ўша йили ундан закот чиқармай, бошқа йилга ўтиб кетса, иккинчи йили унга закот фарз бўлмайди. Чунки ўша қарз ана шу йилнинг нисобидан камайтирадиган, ўтган йилги закотнинг қарзи эди. Шунингдек, молга эга бўлса ва унинг зиммасида бошқа шахсга қарзи бўлиб, қарз – олди-сотди пул ё нақд пул ёки ўлчов моллари бўладими ёхуд ҳайвонларми ёки булардан бошқа қарзлар бўладими, уларнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Мазкур қарзларнинг барча навлари закот фарз бўлишлигини ман қилади. Илло, зироат ва меваларнинг закоти – ушр ва хирож бундан мустасно. Аммо учинчи қисми закот фарз бўлишлигини ман қилади”, деганлар.

Моликийлар: “Бир кишини нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлса, яшаш жойига ўхшаш заруриятда унга эҳтиёжи тушмайдиган нарсалардан бошқа закот молларидан ўзида қолган нисоб тўлиқ бўлмай қолса,  ўзидаги молда закот фарз бўлмайди. Бу шарт олтин ва кумуш закотларига тегишлидир. Маъдан олтин ёки кумуш рудасидан бўлмагани учундир. Аммо чорва ва экинларда закот фарз бўлади”, деганлар.

Шофеъийлар: “Молнинг қарздан фориғ бўлишлиги шарт қилинмайди. Бас, кимнинг зиммасида қарзи бўлса, унга закот фарз бўлаверади. Агар ана шу қарз нисобни камайтириб юбормаса”, деганлар.

Ҳанбалийлар: “Зиммасидаги қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки нисоб миқдоридан камайиб қоладиган кишига закот фарз бўлмайди. Гарчи қарз закоти бериладиган молнинг жинсидан бошқа бўлса ҳам. Агар қарз хирож ёки ўриб йиғилган ё ер ижараси ёхуд ҳайдалган ер бўлса ҳам (закот фарз бўлмайди). Қарз нақд пуллар, тижорат молларининг қиймати ёки маъдан каби ботиний молларда, мевалар, донлар ва чорва моллари каби зоҳирий молларда закот фарз бўлишлигини ман қилади. Бир одамнинг нисобга етган моли бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. Аввал қарзига етадиган миқдори ундан чиқарилади. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради”, деганлар.

 “Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа” китоби асосида
Янгийўл тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби Нуриддин Акромов тайёрлади

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар

Сиз мендан яхшироқсиз

04.07.2025   4421   3 min.
Сиз мендан яхшироқсиз

Бирор киши билан тортишиб қолиб, у билан алоқани узиб юбормоқчи бўлсангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”[1] деган сўзларини ёдга олинг.

Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан у кишининг ота бир укаси Муҳаммад ибнул Ҳанафийнинг орасидаги муносабатларга дарс кетади. Бўлиб ўтган ишга икки кун ўтмай Ибнул Ҳанафий Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб юборади. Мактубда шундай деб ёзилган эди: “Бизнинг отамиз бир. Бу борада бирортамиз бошқамизга фахрланмаймиз. Аммо сизнинг онангиз Фотима розияллоҳу анҳодир, сизнинг онангиз қаёқда-ю, менинг онам қаёқда. Сизни Расулуллоҳнинг ўзлари катта қилган ва тарбиялаганлар, мен эса бундайин буюк мартабадан анча пастдаман. Ушбу мактубим сизга етиб бориши билан дарҳол мен томонга шошилинг ва орани ислоҳ қилинг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”, деганлар. Сиз мендан яхшироқсиз. Айтадиган гапим шу”.

Биродарини устун қўйишнинг улкан кўринишига эътибор беринг. Ибнул Ҳанафийнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳудан аввал бу савобга эришиши мумкин эди. Лекин у киши биродари Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўзидан устун кўрди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг у кишидан кўра яхшироқ эканини эслатди, бу иши эса у зотнинг ўртани ислоҳ қилишга бўлган ғайрати ва ҳимматини қўзғаш учун эди. Чунки яхшилар доим яхшилик сари интиладилар.

Ваъда қилинган ажр жаннат бўлса, бошқаларни ўзидан устун қўйиш одамлар орасида жуда кам учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари душманга қарши жанг бобида мусобақалашар эди, ҳатто ота-болалар ўртасида ҳам шу каби ҳолат кузатиларди. Масалан, ота-боланинг ҳар иккиси бирваракайига жангга бориш имкони бўлмаса қуръа ташлашарди, қуръа болага чиқса, отаси унга: “Мен чиқай, болам, сен қолавер, ахир отангман-ку. Мени ўзингдан устун қўй”, дер эди, бунга жавоб берар экан ўғилнинг кўзлари ёшга тўлиб: “Отажон, унинг мукофоти жаннат-да... Агарда жаннатдан бошқа нарса бўлганида ҳам, Худо ҳаққи, сизни ўтказиб юборардим”, дерди.

Шубҳасиз, сиз ҳам барча мусулмонларнинг жаннатга киришларини орзу қиласиз. Бироқ жаннат мусобақаси кучайиб кетганида, у фақатгина энг ғайратли ва унга энг иштиёқмандларгагина насиб этади. Одамларга  яхшиликни илининг, фақат ўзингизни ўйлайверманг!

Шоир Абул Аъло Маъаррий бундай сатрларни ёзган экан:

Абадий қолмоқ имкони бўлса гар сўққабош ҳолим,
Боқий қолиш истагин суймадим ёлғиз ўзим.
Менга ҳам, еримга ҳам ёғмасин ёмғир,
Модомики қамраб олмас экан бутун қавмим.

Худбинлик (эгоизм) сизнинг устингиздан ҳукмронлик қилишига ҳеч ҳам имкон берманг! Доимо Аллоҳ таолодан барча мусулмонларга яхшилик ва хайр-барака сўраб дуо қилинг ва шу жумлаларни ҳам айтинг: “Эй Яратган Зот! Менинг дуоларим орасига барча мусулмонларни ҳам қўшиб қўй”.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Бухорий ривояти.