Закоти бериладиган молга қўйиладиган шартлардан бири бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарздан ортиқ бўлишидир.
“Бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарз бўлмаслик” деганда – қарзлар икки қисмга бўлинади: Аллоҳ таоло томонидан талаб қилинган қарзлар; бандалар томонидан талаб қилинадиган қарзлар;
Бир кишининг зиммасида назр, каффорат, садақаи фитр, таматтуъ ҳажининг қурбонликлари, қурбон ҳайитининг қурбонлиги каби қарзи бор бўлса ва закот нисобига етадиган маблағи ҳам бўлса, аввал закотини адо қилади, чунки бу қарзлар банданинг ҳаққи эмас, Аллоҳдан талаб қилинадиган қарзлардир. Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етадиган моли бор. Шу билан бирга, бошқа одамлардан қарзи ҳам бор. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради. Аммо қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, закот бериш фарз бўлмайди. Чунки одамлардан қарзи бор одам бой ҳисобланмайди.
Қарз борасида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:
Ҳанафийлар: “Қарз уч қисмга бўлинади: Биринчи қисми – бандаларга хос қарз. Иккинчи қисми – Аллоҳ таолога хос қарз. Учинчи қисми – Бандалар томонидан талаб қилинмаган қарз.
Қарзни бандалар томонидан талаб қилувчиси (йиғиб олувчи) бўлади. Ҳудди ўтган йилда берилмаган закот қарзи каби. Зоҳирий (кўриниб турувчи) молларни, яъни чорва моллари ва ердан чиққан нарсаларни ўша пайтда талаб қилувчи бошлиқ бўлган. Ёки олтин ва кумушга ўхшаш тижорат моллари каби ботиний молларни талаб қилувчи бошлиқ ёрдамчиси бўлган. Бошлиқ ёрдамчилари закотни идора қилувчилардир. Чунки бошлиқ Усмон розияллоҳу анҳу замонларигача закотни йиғиб олар эди. Бас, у зот розияллоҳу анҳу ботиний молларда закот беришни ўз эгаларига топширганлар. Учинчи қисми – уни бандалар томонидан талаб қилувчиси бўлмаган назр, каффорат, фитр садақаси ва ҳажнинг нафақаси каби Аллоҳ таолога хос бўлган қарзлардир. Закотни фарз бўлишини ман қиладиган қарзлар аввалги икки қисм қарзларидир. Агар бир киши закот нисобига эга бўлиб, сўнг ўша нисоб бир йил айланса, ўша йили ундан закот чиқармай, бошқа йилга ўтиб кетса, иккинчи йили унга закот фарз бўлмайди. Чунки ўша қарз ана шу йилнинг нисобидан камайтирадиган, ўтган йилги закотнинг қарзи эди. Шунингдек, молга эга бўлса ва унинг зиммасида бошқа шахсга қарзи бўлиб, қарз – олди-сотди пул ё нақд пул ёки ўлчов моллари бўладими ёхуд ҳайвонларми ёки булардан бошқа қарзлар бўладими, уларнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Мазкур қарзларнинг барча навлари закот фарз бўлишлигини ман қилади. Илло, зироат ва меваларнинг закоти – ушр ва хирож бундан мустасно. Аммо учинчи қисми закот фарз бўлишлигини ман қилади”, деганлар.
Моликийлар: “Бир кишини нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлса, яшаш жойига ўхшаш заруриятда унга эҳтиёжи тушмайдиган нарсалардан бошқа закот молларидан ўзида қолган нисоб тўлиқ бўлмай қолса, ўзидаги молда закот фарз бўлмайди. Бу шарт олтин ва кумуш закотларига тегишлидир. Маъдан олтин ёки кумуш рудасидан бўлмагани учундир. Аммо чорва ва экинларда закот фарз бўлади”, деганлар.
Шофеъийлар: “Молнинг қарздан фориғ бўлишлиги шарт қилинмайди. Бас, кимнинг зиммасида қарзи бўлса, унга закот фарз бўлаверади. Агар ана шу қарз нисобни камайтириб юбормаса”, деганлар.
Ҳанбалийлар: “Зиммасидаги қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки нисоб миқдоридан камайиб қоладиган кишига закот фарз бўлмайди. Гарчи қарз закоти бериладиган молнинг жинсидан бошқа бўлса ҳам. Агар қарз хирож ёки ўриб йиғилган ё ер ижараси ёхуд ҳайдалган ер бўлса ҳам (закот фарз бўлмайди). Қарз нақд пуллар, тижорат молларининг қиймати ёки маъдан каби ботиний молларда, мевалар, донлар ва чорва моллари каби зоҳирий молларда закот фарз бўлишлигини ман қилади. Бир одамнинг нисобга етган моли бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. Аввал қарзига етадиган миқдори ундан чиқарилади. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради”, деганлар.
“Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа” китоби асосида
Янгийўл тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби Нуриддин Акромов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан