بسم الله الرحمن الرحيم
Омонатга хиёнат қилмайлик!
Муҳтарам жамоат! Мусулмон кишида топилиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири омонатдорлик ва аҳдга вафо қилишдир. Ҳар бир имонли шахс ўзгалар билан бирор ишда аҳдлашган бўлса, аҳдига вафо қилиши ва ваъдасининг устидан чиқиши ҳамда омонатини адо этиши лозим бўлади. Инсонларнинг омонатлари хоҳ мол-мулк, хоҳ бошқа нарса бўлсин, унга риоя қилиш мўъминлик бурчи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган:
فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُمْ بَعْضًا فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ
яъни: “... Агар бир-бирингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатни қайтарсин ва Рабби бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин...!” (Бақара, 283).
Яна бошқа бир оятда эса шундай марҳамат қилган:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا
яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига барча ишларда ўрнак бўлганларидек, омонат бобида ҳам катта намуна ва ўрнакдирлар. Омонатни яхши сақлаб, ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз ёшликларидан бошлаб барчанинг эътиборини қозонганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. У зот кўплаб ҳадиси шарифларида омонатдорликка даъват этганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي الله عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ " أَدِّ الْأَمَانَةَ إِليَ مَنِ آئْتَمَنَكَ وَلاَ تَخُنْ مَنْ خَانَكَ"
(رواه أبو داود والترمذى)
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг. Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Аввало, ҳар бир инсон Ҳақ таоло ва Пайғамбари олдидаги омонат, иккинчидан, барча инсонлар олдидаги омонатларга риоя қилиши даркор.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси, 27-оят).
Омонатдорликни фақат вақтинча сақлаб бериш учун бировнинг моддий нарсасини эҳтиёт қилиш, деб тушуниб қолинмаслик керак. Бу омонатдорликнинг энг содда кўриниши холос. Аслида, шариатимиз томонидан буюрилган омонатдорликнинг кўплаб кўринишлари бор. Мазкур ояти каримада икки хил омонатга урғу берилмоқда:
Биринчиси- Аллоҳ таолонинг бандаси зиммасидаги омонати. Бунга Ҳақ таолонинг ўз бандаларига буюрган намоз, рўза, закот, қодир бўлса, ҳаж каби буюк омонатлари киради. Уларни ўз вақтида ва шариатимизда буюрилганидек адо этилиши омонатдорликнинг бир кўринишидир.
Иккинчиси- банданинг банда олдидаги омонатидир. Бунга кишининг ўзи билан аҳлу аёли, қавму қариндошлари ва барча инсонлар олдидаги ҳақлари тушунилади. Киши ўз оиласи шаънини ҳимоя қилиши, олди-сотди муомалаларида харидорни алдамаслик, келишилган ваъдаларни ўз вақтида адо этиш, бировдан эшитилган сирни сақлай олиш, касб-корда эса ҳар бир инсон ўз зиммасидаги вазифасини сидқи дилдан бажариши ҳам омонатдорлик ҳисобланади.
Қуръони каримнинг бир неча ўринларида мўминларнинг гўзал хислатлари айтилганда, омонатдорлик ҳам мақталган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ
яъни: “Улар (мўминлар) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят).
Кейинги пайтларда олинган қарзларни ўз вақтида эгасига бермаслик касаллиги авж олмоқда. Олинган қарзни ўз вақтида беришга имконияти бўла туриб, бермасдан чўзиб юриш омонатга хиёнат ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Шу билан бирга, қарзини узишга етадиган моли бўла туриб, уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.
Динимизда омонатдорликка тарғиб қилиниши баробарида, унга хиёнат қилишлик мўъминнинг хислатларидан эмаслиги таъкидланади. Омонатга хиёнат ‒ мунофиқларнинг хислати сифатида зикр қилинади.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي الله عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : "أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنَ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا إِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ وَإِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا عَاهَدَ غَدَرَ وَإِذَا خَاصَمَ فَجَر"
(رواه البخاري ومسلم)
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимдаки тўртта нарса бўлса ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимдаки улардан бир хислат бўлса, ўшани кетказмагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади ‒ омонат қилинса, хиёнат қилади; сўзласа, ёлғон гапиради; аҳд қилса, бузади; хусуматлашиб қолса, фужур (ноҳақлик, ғирромлик) қилади”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Омонатдорлик борасидаги динимиз кўрсатмаларига амал қилинса, жамиятдаги ўзаро ишонч, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ортади. Эл-юртнинг қут-баракаси ва файзи зиёда бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир имонли ва чин эътиқодли киши масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, турли салбий сифатлардан сақланиб боришга ва зиммамиздаги омонатларни ўз вақтида адо этишга жиддий ҳаракат қилишимиз, лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни омонатдор шахслардан бўлишимизни насиб айласин! Омин.
ИЛОВА
ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ – ИНСОНИЙ БУРЧ
Муҳтарам жамоат! Юртимизда анъанавий нишонлаб қарши олинадиган, алоҳида эътибор қаратилган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан, Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга олиб, руҳларига Қуръон тиловат қилиб, дуои хайрлар қиламиз. Тирикларини эса қадрларига етиб, насиҳат ва дуоларини олиб, хизматларини қилишга ҳаракат қиламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда эмас, балки ҳар доим эслаб, ҳақларига дуода бўлишимиз бизларнинг вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:
عن ابن عمر رضي اللّه عنهما أن رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم قال: اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتاكُمْ وكُفُّوا عَنْ مَساوِيهِمْ.
(رواه الإمام أبو داود والإمام الترمذي)
яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, дедилар”.(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобланади. Ҳаёт юрган кишилар ибодатда бўлиб, солиҳ амаллар қилишса, уларнинг вафот этган яқинлари хурсанд бўлишади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَن أَنَس بْن مَالِكٍ رضي اللّه عنه يَقُولُ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنْ الْأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا.
(رواه الإمام أَحْمَدُ)
яъни: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби, уларни ҳам ҳидоят қилмаcдан жонларини олмагин”, дейишади”, дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Демак, биздан ўтиб кетган яқинларимиз Аллоҳнинг ҳузурида хурсанд ва юзлари ёруғ бўлиши учун биз ибодатли, солиҳ амалларда бўлишимиз ўта аҳамият касб этар экан. Зинҳор ва зинҳор уларни Аллоҳнинг ҳузурида хижолатга қўймайлик!
Муҳтарам жамоат! Давлатимиз доим уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга катта диққат-эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш, уларни рағбатлантириш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этди. Яқинда муҳтарам Юртбошимиз томонларидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида пул мукофоти берилиши тўғрисидаги фармон имзоланди.
عَنْ أَبِى مُوسَى الأَشْعَرِىِّ رضي اللّه عنه قَال قَالَ رَسُولُ اللَّه صلى الله عليه وسلم: "إِنَّ مِنْ إِجْلاَل اللَّهِ إِكْرَامَ ذِى الشَّيْبَةِ الْمُسْلِمِ"...
(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ)
яъни: Абу Мусо ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни... ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, дедилар”. (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз! Омин, ё Роббал оламийн.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати