Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июл, 2026   |   4 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:00
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:57
Хуфтон
21:29
Bismillah
18 Июл, 2026, 4 Сафар, 1448

Қуръон одоби

27.04.2018   15534   2 min.
Қуръон одоби

Хузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. У киши Бақарани бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Сўнгра Оли Имронни бошладилар ва уни ҳам ўқидилар. Кейин Нисо сурасини охиригача ўқидилар. Ушбу сураларни бирин-кетин шошмай тиловат қилдилар. Агар тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар, тасбеҳ айтар, агар дуо оятидан ўтсалар, дуо қилар, агар паноҳ сўраш оятидан ўтсалар, (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг) паноҳ беришини сўрар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саббиҳисма роббикал аъла…» (Аъло сураси)ни ўқисалар, унинг кетидан: «Субҳана роббиял аъла», деб айтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Агар Қуръон ўқувчи мўминларга илоҳий хитоб бўлган «Эй иймон келтирганлар…» оятидан ўтса, ўша ерда тўхтаб, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутади. Баъзилар ушбу хитобдан сўнг: «Лаббайка Раббий ва саъдайка» (Эй Раббим, мен сенинг тоатингдаман ва амрингга мунтазирман) деб айтар, сўнгра Аллоҳ нимага буюриб, қандай амаллардан қайтаришини тафаккур қилар ва қалбан тасдиқлаб, ўз ҳаётларида бунга оғишмай амал қилар эдилар. Киши шундай қилса, Қуръонни тўлиқ тартил қилган бўлади. Агар ўқиётган оятларнинг маъноларини билмай қолса, уни биладиганлардан сўраб олади. Токи Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниб, унга чиройли амал қилсин.

Агар ўқилаётган оятда Аллоҳ таоло ўтган қавмларнинг қиссаларидан хабар бераётган бўлса, улардан ўзига ибрат олсин. Аллоҳ уларга қандай ҳукм қилганини билиб, азобга гирифтор бўлган кофир – ношукр қавмларнинг йўлидан сақлансин. Доимо Аллоҳга шукр қилиб, Унинг тоатида бўлсин. Агар ўқилаётган оятда ваъид (қўрқитиш-огоҳлантириш) келган бўлса, қалбига назар солсин. Агар наҳий қилинаётган бирор иллат топилса, ундан воз кечсин. Агар ражо (умидбахш) оятларни тиловат қилса, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин. Хавф оятидан ўтганда Аллоҳ осий бандаларни азоблашини фикр қилсин, токи унинг қалбидаги хавф ва ражо бир-бирига мутаносиб бўлсин. Худди мана шу комил иймон белгисидир. Агар панд-насиҳатлардан иборат бўлган оятларни ўқиса, улардан ўзига ўгит олиб, амал қилишга ҳаракат қилсин. Агар юқорида зикр қилинганларни бажарса, Қуръон одоби ва ҳақларини адо этган бўлади.

 

"Қуръони карим фазилати ва одоблари" китобидан

Муҳаммадшариф РУСТАМОВ,

Марҳамат туманидаги “Иброҳим Халилуллоҳ” масжиди имом-хатиби

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қуръон ва тажвид курслари ходимлари учун навбатдаги онлайн дарс

16.07.2026   9146   1 min.
Қуръон ва тажвид курслари ходимлари учун навбатдаги онлайн дарс

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан республикамиздаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Ана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Диний идоранинг “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан ўқув курслари ўқитувчилари ҳамда масъул ходимлари учун силсилавий онлайн дарслар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. 


Бугун, 16 июль куни навбатдаги масофавий дарс машғулоти бўлиб ўтди. «Zoom» платформаси орқали ташкил этилган ушбу дарсда бўлим бошлиғи Шайх Али Файзуллоҳ Махдум “Қуръони карим шафоати” китоби асосида илмий-маърифий маъруза қилди.


Эътиборли жиҳати, мазкур силсилавий дарсларда фаол иштирок этган ва дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган тингловчиларга келгусида ушбу китоб бўйича махсус ижоза (рухсатнома) берилиши режалаштирилган.


Бу каби тизимли дарслар диёримизда муқаддас Қуръон илмларини кенг ёйиш ҳамда устоз ва мураббийларнинг касбий маҳоратини оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Қуръон ва тажвид курслари ходимлари учун навбатдаги онлайн дарс Қуръон ва тажвид курслари ходимлари учун навбатдаги онлайн дарс
Ўзбекистон янгиликлари