Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асъҳабиҳи ажмаъийн.
Шариатимиз доимо мутаассибликка қарши бўлиб, унинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу бидъат иш жуда қаттиқ қораланган.
Мутаассиблик – бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги замон тили билан буни «фанатизм» ҳам дейилади.
«Кашшофу истилоҳотил фунун» китобида: «Мутаассиблик – гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир», деб таърифланган. Уламолардан Аллома Тафтазоний: «Мутаассиблик – ҳақ зоҳир бўлса ҳам уни тан олмасликдир», деб айтган. Шайх Аловуддин Бухорий: «Далил зоҳир бўлганда, ақидаси ҳақни тан олишдан тўсадиган киши мутаассиб ҳисобланади», деб таъриф берган. Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий эса: «Билингки, бидъат икки ишнинг биридан пайдо бўлади; биринчиси мутаассибликдан, иккинчиси аҳмоқликдан. Бир инсон ақли жойида бўлган ҳолида қалбидаги ақидаси бузуқ бўлгани боис ҳақни тан олмасдан катта кетса, ана шу кимса мутаассиб бўлади», деб айтган экан.
Аллоҳ таоло бундай кимсаларга таҳдид қилиб Нисо сурасининг 15-оятида:
ومن يشاقق الرسول من بعد ما تبين له الهدى ويتبع غير سبيل المؤمنين نوله ما تولى ونصله جهنم وساءت مصيرا
«Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса
ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!», деб айтган.
Хулоса қилиб айтганда инсон мутаассиблик иллатидан сақланиши бу айни ислом динида собит бўлиши демакдир. Аллоҳ таоло барчамизни бундай иллатлардан асрасин.
САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси 2-босқич талабаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД