25 май куни Сингапурда Бутунжаҳон ҳалол туризми халқаро анжумани очилди.
1 июнига қадар бўлиб ўтадиган мазкур анжуманда туризм соҳасидаги 50 дан ортиқ мутахассис ва фаоллар ҳалол туризмни ривожлантиришнинг имкониятлари ва вазифалари ҳақидаги маъруза билан қатнашмоқда.
Анжуман давомида туризмни барқарор ривожлантириш, “Ковид-19” пандемиясининг туризм саноатига таъсири, ҳалол туризм учун ривожланаётган йўналишлар, мусулмон аёлларнинг саёҳат тажрибаси ва шу каби мавзуларда семинарлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, тадбир якунида ҳалол туризм соҳасида фаол ва мусулмонлар орасида машҳур бўлган меҳмонхоналар ва ресторанлар тақдирланиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz