Хушуъ ва Қуръон тиловат қила туриб йиғлаш
«Хушуъ» арабча сўз бўлиб, «қўрқиш, ўзини паст олиш, овозини пасайтириш» маъноларини англатади. Одатда бу сўз намозга нисбатан ишлатилади, лекин бошқа ибодатлардаги ихлосни ифодалашда ҳам қўлланилади. Қироатдаги хушуъ эса, ихлос билан ўзини камтар олиб, чин дилдан тадаббур билан тиловат қилишдир.
Қуръон одобларидан яна бири қироат асносида қалбнинг қайғули бўлиши (йиғлаши)дир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғга нозил қилганимизда, албатта, сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб-ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам каттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз» (“Ҳашр” сураси, 21-оят).
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлар ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар)дан кўплари фосиқ-итоатсиздирлар» (“Ҳадид” сураси, 16-оят).
Ушбу ояти каримада мўминлар сифатланиши лозим бўлган икки фазилат ҳақида сўз бормоқда: Аллоҳ таолонинг номи зикр қилинганида ва Қуръон тиловат қилинганида ҳақиқий мўминнинг дили эрийди, қалби қўрқувга тушади ва кўзларига ёш келади. Тошбағирлик ва Аллоҳнинг амрига итоатсизлик фосиқларнинг хулқларидандир.
Оятнинг давомида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй мўминлар), билингларки, албатта, Аллоҳ ўлган ерни тирилтирур» ((“Ҳадид” сураси, 17-оят)
Яъни, Аллоҳ қуриб-қақшаб ётган ерни ёмғир суви билан тирилтиргани каби, сизларнинг дилларингизни ҳам Ўзининг зикри ва Қуръон тиловати билан юмшатади.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Қуръонни тиловат қилинглар ва (бу билан) кўзларингиз намлансин. Агар йиғлай олмасангиз, йиғини ўзингизга лозим тутинг» (Ибн Можа ривояти, санади ҳасан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар қироат қилинган пайтда кўзларингиз йиғламаса, қалбингиз йиғласин. Қалбнинг йиғиси ғамгинлик ва Аллоҳ таолонинг азаматидан қўрқиб туришидир».
Йиғлашни ўзига лозим тутишнинг усулларидан бири қалбга ғам-қайғу тушишидир. Ўша ғам-қайғу йиғлашга, кўздан ёш чиқишига сабаб бўлади. Бунинг учун ўқилаётган оятлардаги таҳдид (огоҳлантириш), ваъид (қўрқитиш), амр ва қайтариқларни тафаккур қилиб, сўнгра ўша амалларда ноқисликка ёки сусткашликка йўл қўяётганини ўйлаши лозим. Шунда ҳам кўзи ёшланмаса, соф қалб эгалари каби бўла олмагани, Аллоҳнинг каломи тиловат қилинганида йиғлай олмагани учун йиғласин.
Қуръонни оятлар маъносига мос ҳолда ўқиш
Кишини тадаббур қилишга ундайдиган сабаблардан яна бири ўқиётган оятларнинг маъноларини англаб етиш, қалби сокин, ўзи ҳушёр бўлиб, хаёли фақатгина қироатда бўлишидир. Агар қалб талаффуз қилинаётган сўз ёки жумлаларнинг маъноларини тафаккур қилиш ва аниқ қайтариқларини англаб етиш билан машғул бўлса, қироатнинг таъсирчанлиги ортади. Агар қори ўқиётган оятларида зикр қилинган амр-буйруқларни бажаришда ноқисликка йўл қўйган бўлса, Аллоҳга истиғфор айтади. Агар раҳмат оятини ўқиса, хурсанд бўлади ва Аллоҳ таолодан яхшиликлар сўраб дуо қилади. Агар жаҳаннам ва унинг азоблари ҳақидаги оятларни ўқиса, қалби қўрқувга тушади ва паноҳ сўрайди. Агарда Аллоҳнинг улуғлиги, айб-нуқсонлардан пок экани таъкидланган оятларни ўқиса, дуо-илтижо қилиб, Аллоҳга тасбеҳ ва санолар айтади.
Хузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва ҳсаллам билан намоз ўқидим. У киши «Бақара»ни бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Сўнгра «Оли Имрон»ни бошладилар ва уни ҳам ўқидилар. Кейин «Нисо» сурасини охиригача ўқидилар. Ушбу сураларни бирин-кетин шошмай тиловат қилдилар. Агар тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар, тасбеҳ айтар, агар дуо оятидан ўтсалар, дуо қилар, агар паноҳ сўраш оятидан ўтсалар, (барча ёмонликлардан Аллоҳнинг) паноҳ беришини сўрар эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саббиҳисма роббикал аъла…» (Аъло сураси)ни ўқисалар, унинг кетидан: «Субҳана роббиял аъла», деб айтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Агар Қуръон ўқувчи мўминларга илоҳий нидо бўлган «Эй иймон келтирганлар…» оятидан ўтса, ўша ерда тўхтаб, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутади. Баъзилар ушбу нидодан сўнг: «Лаббайка роббий ва саъдайка» (Эй Раббим, мен сенинг тоатингдаман ва амрингга мунтазирман) деб айтар, сўнгра Аллоҳ нимага буюриб, қандай амаллардан қайтаришини тафаккур қилар ва қалбан тасдиқлаб, ўз ҳаётларида бунга оғишмай амал қилар эдилар. Киши шундай қилса, Қуръонни тўлиқ тартил қилган бўлади. Агар ўқиётган оятларнинг маъноларини билмай қолса, уни биладиганлардан сўраб олади. Токи Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниб, унга чиройли амал қилсин.
Агар ўқилаётган оятда Аллоҳ таоло ўтган қавмларнинг қиссаларидан хабар бераётган бўлса, улардан ўзига ибрат олсин. Аллоҳ уларга қандай ҳукм қилганини билиб, азобга гирифтор бўлган кофир – ношукр қавмларнинг йўлидан сақлансин. Доимо Аллоҳга шукр қилиб, Унинг тоатида бўлсин. Агар ўқилаётган оятда ваъид (қўрқитиш-огоҳлантириш) келган бўлса, қалбига назар солсин. Агар наҳий қилинаётган бирор иллат топилса, ундан воз кечсин. Агар ражо (умидбахш) оятларни тиловат қилса, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин. Хавф оятидан ўтганда Аллоҳ осий бандаларни азоблашини фикр қилсин, токи унинг қалбидаги хавф ва ражо бир-бирига мутаносиб бўлсин. Худди мана шу комил иймон белгисидир. Агар панд-насиҳатлардан иборат бўлган оятларни ўқиса, улардан ўзига ўгит олиб, амал қилишга ҳаракат қилсин. Агар юқорида зикр қилинганларни бажарса, Қуръон одоби ва ҳақларини адо этган бўлади.
"Қуръони карим фазилати ва одоблари" китобидан.
Муҳаммадшариф РУСТАМОВ,
Марҳамат тумани даги “Иброҳим Ҳалилуллоҳ” масжиди имом-хатиби.
Манба: http://azon.uz
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ