بسم الله الرحمن الرحيم
ҚАБРИСТОН - ОХИРАТ МАНЗИЛГОҲИ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, инсон умри тугагач унинг дунёдаги сўнги манзилгоҳи қабр ҳисобланади. Қабр ўз навбатида дафн этилган инсон учун қиёмат куни қайта тирилгунигача ё жаннат боғларидан бир боғча, ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлиши мумкинлиги муборак ҳадисларда айтиб ўтилган. Қабрнинг бу икки ҳолатдан бири бўлиши эса инсоннинг ҳаётлик вақтида қилган ишлари ва бажарган амалларининг яхши ёки ёмонлигига қараб бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон тириклик вақтида ўзи борадиган қабрини жаннат боғчаларидан бирига айланишига сабаб бўладиган амалларни қилиб яшамоғи лозим бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَنْ زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ
(سورة آل عمران/185)
яъни: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Динимизда қабристонни зиёрат қилишга тарғиб қилинган. Зеро бунда зиёрат қилувчи инсонлар учун кўплаб манфаатлар мавжуд. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي اللَّهُ عنهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " زُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُكُمُ الْآخِرَةَ
(رواه الامام ابن ماجة)
яъни: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.
Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал, дабдаба билан, ясан-тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хоксорлик изҳор этиш ўрнидир. Киришда ушбу ҳадисда келган дуо ўқилади:
عن بُرَيْدَةَ رضي اللَّهُ عنه، قال: كَانَ النَّبِيُّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم يُعَلِّمُهُمْ إِذا خَرَجُوا إِلى المَقابِرِ أَنْ يَقُولَ قَائِلُهُم: "السَّلامُ عَلَيكُمْ أَهْلَ الدِّيارِ مِنَ المُؤْمِنِينَ والمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لاَحِقُونَ، نَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمُ العَافِيَةَ"
(رواه الامام مسلم)
яъни: Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: Саҳобаи киромлар қабристонга чиқаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони ўргатар эдилар: “Ассалому алайкум ушбу диёрдаги мўмин мусулмонлар аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларнинг ортингиздан боргучимиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Муслим ривояти).
Зиёратчи қабр тепасига келганда унга юзланиб, қиблага орқа ўгирган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади.
Ҳадисларда Ихлос сурасини 11 марта ўқиш ҳам тавсия этилган. Имконияти бўлса, Фотиҳа, Оятул Курсий ва Бақара сурасини аввали ва охиридан ўқиса ҳам бўлади.
Зиёрат асносида қабрларни устини босмасдан, белгиланган йўлакларда юриши лозим, чунки қабрни устини босиб юриш гуноҳ ҳисобланиб, ҳадисда қайтарилгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن عُقبةَ بنِ عامرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَأَنْ أَمْشِيَ عَلَى جَمْرَةٍ أَوْ سَيْفٍ أَوْ أخْصِفَ نَعْلِيْ بِرِجْلِيْ أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَمْشِيَ عَلَى قَبْرٍ
(رواه الامام ابن ماجة)
яъни: “Бирор чўғ ёки қилич устида юришим ёҳуд ковушимни кийиб турган ҳолатимда ямашим мен учун бир мусулмоннинг қабри устида юрганимдан яхшироқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Қабристонларга мевали, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликларни экиш жоиз эмас. Зеро бу пулни беҳуда исроф қилиш саналади. Қолаверса, қимматбаҳо ва ноёб дарахт ва ўсимликлар инсонлар дам олиб хордиқ чиқарадиган оромгоҳ ва ҳиёбонларга ярашади. Қабристонларни оромгоҳ ва сайлгоҳлардек ҳолатга келтириб қўйиш жоиз эмас. Акс ҳолда, зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсаддан чалғитиб қўяди. Шу билан бирга қабр устига қимматбаҳо тош ва мармарлар ўрнатиш, уларга марҳумнинг сурати ва ҳар хил битикларни ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишлардан қайтарганлар:
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُجَصِّصَ الْقَبْرَ، وَأَنْ يَقْعُدَ عَلَيْهِ، وَأَنْ يَبْنِىَ عَلَيْهِ
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг гипс билан сувалишидан, уларнинг устига ўтиришдан ва бино қуришдан қайтарганлар” (Имом Муслим ривояти).
Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриганларини йиғиштириш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида айтилишича, ўсимликларнинг шарофатидан қабрдаги кишиларга енгиллик етиб туради.
Фиқҳий китобларимизда қабр ердан бир қарич миқдорида кўтарилиб бир текисда бўлиши айтилган. Чунки, бу текислик қабрда шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек эканлигига ишорадир. Қабр устини вақти-вақти билан сомон аралаштирилган лой билан суваб туришнинг зарари йўқ. Қабрни аниқлаш мақсадида ҳозирги кунда жорий қилинган дафнни рўйхатдан ўтказиш рақами ёзилган махсус бетон устунчани ўрнатишнинг ўзи кифоя қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмикдош биродарлари Усмон ибн Мазъуннинг бош томонига бир тош қўйиб:
عَنِ الْمُطَّلِبِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَضَعَ صَخْرَةً عِنْدَ رَأْسِ عُثْمَانَ بْنِ مَظْعُونٍ وَقَالَ: أَتَعَلَّمُ بِهَا قَبْرَ أَخِي وَأَدْفِنُ إِلَيْهِ مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِي
(رواه الامام أبو داود)
яъни: “Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва вафот этган яқинларимни унинг ёнига дафн қиламан”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Қабристон ва зиёратгоҳлар масъул мутасаддилар томонидан муҳофаза қилиниши лозим. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларни киришидан сақлаш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлаклар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, зиёратга келган кишиларга зиёрат одобларини эслатиб, ножоиз, ҳурофий амалларни қилишларидан қайтариб туриш ва ҳоказолар қабристон масъулларининг вазифаси саналади. Демак, қабристонларнинг масъуллари қабристон зиёратига оид бўлган динимиз таълимотларидан ҳам етарли даражада маълумотга эга бўлишлари лозим.
Қабр зиёратининг баъзи одоблари қуйидагилардан иборат:
Қабристонда қуйидаги ишларни қилиш динимизга зиддир:
Аллоҳ таоло барчамизга ғанимат умримизнинг қадрига етиб, Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшамоқлик бахтини насиб этсин! Омин!
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати