Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ
“Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 79-оят).
Аллоҳ таоло ичимлик ва таомни инсоннинг яшаши учун сабаб қилиб қўйди. Лекин бу сабаб асл эмас. Аслида инсонга ҳаёт берган, тўқлик, қониш ҳиссини ато этган Аллоҳнинг Ўзидир.
Ҳар қандай ўсимликдаги уруғни Аллоҳ яратган, ўсимлик хусусиятларини ўша уруққа Аллоҳ жойлаган. Уруғни Аллоҳ яратган, уруғ экиладиган ерни Аллоҳ яратган, ўша уруғдан униб чиққан маҳсулотга озуқа бўлиш хусусиятини Аллоҳ берган.
Инсон уруғни ерга экади. Мана шу жараёндаги илм, куч-қувват, иқтидорни унга Аллоҳ берган.
Пишган мевани узиш, буғдойни ўриш қувватини, илмини, иқтидорини, тегирмон ишлаб чиқариш, ўша тегирмонда буғдойни янчиб ун қилиш, ундан хамир қориш, хамирни нон қилиб ёпиш маърифатини, нонга тўйдирувчилик хусусиятини, ноннинг танада ҳазм бўлиш жараёнини, инсонга ўша нондан манфаат етиш ҳолатини Аллоҳ берган, Аллоҳ ато қилган. Шундай қилиб, инсонни таомлантирган ҳам, суғорган ҳам, унинг танасида тўйиш, қониш ҳиссини пайдо қилган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир.
Инсон уруғни ерга экиб, унинг униб-ўсишига керакли бўлган барча чораларни кўради. Лекин уруғ Аллоҳ хоҳласагина, У изн берсагина униб чиқади. Агар Аллоҳ ўша уруғнинг унишини хоҳламаса, унга изн бермаса, инсон ерга ҳар қанча ишлов бермасин, энг кучли дориларни, ўғитларни солмасин, уруғнинг энг яхши навини экмасин, сувини вақтида бермасин, барибир, ўша уруғ униб-ўсмайди.
Агар Аллоҳ хоҳламаса, еган нонимиз, ичган сувимиз танамиздан чиқиб кетмайди. Натижада, биз узоқ яшамасдан ҳалок бўламиз.
Агар еган нонимиз, ичган сувимиз танамизда ҳазм бўлмай, ошқозонда бутунича тураверса, бунда ҳам узоқ яшолмаймиз.
Аллоҳ таоло инсон танасининг таом ва ичимликка эҳтиёжи бўлганда, шу эҳтиёжни қондириш вақти келганининг сигнали сифатида очиқиш, чанқаш ҳиссини берган. Инсон шу нарсани ҳис қилгач, овқатланишга, ичимлик ичишга уринади. Таомни еб бўлгач, ичимликни ичиб бўлгач, танасида тўйиш ҳисси пайдо бўлади. Шу ҳисни берган ҳам Аллоҳдир. Ҳеч қачон таомнинг ўзида тўйдириш, ичимликнинг ўзида қондириш хусусияти бўлмайди. Балки улар инсонда тўйиш-қониш ҳислари пайдо бўлишига сабаб бўладилар, холос. Таом ва шаробни яратган ҳам, уларни озуқа қилиб берган ҳам, инсонда тўйиш-қониш ҳислари пайдо бўлишига уларни сабаб қилган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир.
Бизларни едириб тўйдирган, ичириб қондирган, мусулмон қилиб яратган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Шайх Муҳаммад Мутаваллий
Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”
номли асари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.
2. Аксирганда овозини пасайтириш.
Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
3. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.
Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум”(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД