14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ўзбекистон – диний маърифат ва қадриятлар юрти” мавзусида дин соҳасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар раҳбар ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний таълим йўналишида амалга оширилаётган ижобий ишлар юзасидан маълумотлар берилди. Сўзга чиққан нотиқлар бугунги кунда халқимизнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, диний саводхонлигини ошириш, Ислом таълимотини кенг тарғиб этиш, ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдирдилар.
Матбуот анжумани ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати