Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2025   |   6 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:41
Bismillah
01 Июл, 2025, 6 Муҳаррам, 1447

Намозда эснагим келаверади, нима қилай?

10.04.2018   15768   1 min.
Намозда эснагим келаверади, нима қилай?

Cавол: Намозда эснаш яхши эмас, деб эшитдим. Аммо эснаш ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?

Жавоб: Ибодат пайтида эснаш хушуъ ва хузуъни кетказади. Бошқа пайтларда ҳам эснашни уламолар яхши санашмаган. Шу сабаб намозхон эснашни қайтаришга ҳаракат қилиши лозим. Аммо қайтаролмаса чап қўли орқаси билан оғзини ёпиши керак.

Қиёмда турган пайтда кўп ҳаракат бўлмаслиги учун ўнг қўл орқаси билан оғиз беркитилади. Чунки қиёмда намозхоннинг ўнг қўли чап қўлининг устида бўлади. Аммо олдин эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Қудурий айтади: “Кўп бор синадик, эснашни қайтаришга ҳаракат қилинса, у тўхтар экан” (“Фатовойи Қозихон”).

“Туҳфатул мулук” китобида, Пайғам­баримизнинг  намозда асло эснамаганларини, кўнгилдан ўтказиб, Аллоҳ таолога чин дилдан итоатли, илтижоли ҳолатда туриш одамни  намозда эснаш каби ортиқча ҳаракатлардан сақлайди, дейилган (“Шарҳул Виқоя”).

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар

Ҳар куни айтиладиган зикрлар

26.11.2024   10445   2 min.
Ҳар куни айтиладиган зикрлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.

* * *

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).

* * *

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).

* * *

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти). 

* * *

Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).