Ислом тарихида “Ал-Мабсут” номли асарлар кўп ёзилган. Масалан, Абу Юсуф (вафоти ҳижрий 182 й.), Муҳаммад ибн Ҳасан (вафоти ҳижрий 189 й.)[1], Абу Лайс Самарқандий (вафоти ҳижрий 375 й.), Абу Шужоъ (вафоти беш юз йил олдин), Носириддин Самарқандий (вафоти ҳижрий 556 й.), Шамсулаимма Ҳалвоний (вафоти ҳижрий 448 й.), Хоҳарзода[2] (вафоти ҳижрий 483 й.), Абулйуср Паздавий (вафоти ҳижрий 493 й.), Фахрулислом Паздавий (вафоти ҳижрий 482 й.) каби олимларнинг ҳанафий мазҳабига оид шу номдаги асарлари бор. Шунингдек, шофиъий, моликий мазҳабидаги олимлар Абу Осим Ибодий (вафоти ҳижрий 485 й.), Абу Ҳафс Шофиъий (вафоти ҳижрий 243 й.), Абу Бакр Байҳақий (вафоти ҳижрий 458 й.), Ибн Арафа Тунисий ҳам (вафоти ҳижрий 803 й.) “Ал-Мабсут” битгани айтилади. Муҳаммад Самарқандийнинг қироат илмларига, Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг ҳадисшуносликка, Абу Ало Розий ҳамда Носириддин Самарқандийнинг тилшуносликка доир “Ал-Мабсут”лари ҳам маълум[3]. Шундай бўлса-да, “Ал-Мабсут” дейилганида биринчи навбатда Мовароуннаҳрда яшаб, ижод этган (XI аср) забардаст фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг шу номдаги асари назарда тутилган. Сарахсий кўп ўринларда “Соҳибул Мабсут” деб келтирилади[4].
Сарахсийнинг бу асарига машҳур олим Абу Фазл Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийнинг (вафоти ҳижрий 334 й.) “Кофий” китоби асос бўлган. Олим бундай ёзади: “Мен яшаган замонда илмлар толиби бир неча сабаблар билан фиқҳдан узоқлашишларига гувоҳ бўлдим. Шу боис “Мухтасар”га шарҳ ёзиб, ҳар бир масалани ёритишда керакли маънодан ортиқча нарсани қўшмасликни, ҳар бир бобда ишончли бўлган маълумотлар билан чекланишни мақсадга мувофиқ топдим”[5]. Демак, Сарахсий ушбу асарида ўзигача фиқҳ масалаларига мансуб китобларнинг асосий мазмунини жамлашга ҳаракат қилган ва Ислом ҳуқуқшунослигининг деярли барча соҳаларини қамраб олган.
Сарахсий ростгўйлиги, адолатпарварлиги сабабли душманларининг туҳматига учраб, зиндонбанд этилади. Аммо ҳеч бир тўсиқ унинг чуқур тафаккури ва ўткир зеҳнига панд беролмайди. Асарнинг кириш қисмида келтирилган маълумотларга кўра, муаллиф уни зиндонда ёзган. “Ал-Мабсут”ни ёзиш жараёнида Сарахсий ёдида қолган маълумотларга асослангани унинг хотираси жуда кучли бўлганидан далолат беради[6].
Олим ҳукмларни Қуръони карим, ҳадиси шариф, осор, қиёс ҳамда истеҳсон асосида далиллайди. Ихтилофли масалаларда машҳур уламоларнинг фикрларини солиштириб, таҳлил қилади. Жумладан, Абу Ҳанифа, Имом Молик, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Имом Шофиъий, Ҳасан ибн Зиёднинг турли фикрларини келтириб, уларнинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Бу асар кўп нусхаларда кўчирилган ва кенг тарқалган. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида китобнинг бир неча қўлёзма нусхалари сақланади. Жумладан, 3183, 3114, 5957, 5880, 5981, 2706, 6762 рақамлари остида китобнинг турли қисмларига доир қўлёзмалар мавжуд. Уларнинг ичида 3114 рақам остида сақланаётган нусха асарнинг бешинчи боби бўлиб, 344 бетдан иборат. Қўлёзмада кўрсатилишича, у Ўзганда 1705 йили кўчирилган. Асарнинг яна бир нусхаси Қоҳирадаги араб қўлёзмалари институтида 152 рақами остида сақланади. Маккадаги Ҳарам кутубхонасида ҳам 154 рақами билан сақланаётган бир нусхаси бор.
Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” китоби фиқҳ бўйича энг муҳим китоблардан саналиб, Ислом ҳуқуқшунослигига хос кўплаб масалалар ва уларнинг ечимлари юзасидан баҳс юритади. Барча мусулмон мамлакатларида кенг қўлланилган ушбу асар ҳанафий мазҳабимизнинг энг қимматли манбаларидан биридир.
Абдумалик ТЎЙЧИБОЕВ,
Тошкент Ислом университети тадқиқотчиси
[1] Муҳаммад ибн Ҳасандан турли йўллар билан Мабсут ривоят қилинган ва уларнинг энг машҳури Абу Сулаймон Жузжонийникидир. Муаълумотларга кўра, Муҳаммад ибн Ҳасаннинг Мабсутига имом Шофиъий ҳам катта баҳо бериб, уни ёд олган.
[2] Унинг иккита Мабсут ёзгани ва уларнинг бири 15 жилддан иборат бўлгани айтилади.
[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Иккинчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 1581 – 1583-бетлар.
[4] Қори Али ибн Султон Муҳаммад. “Ал-асмор ал-жанийя фи асмоъил ҳанфийя”. Бетна: “Худобахш”, 2002. 268-б.
[5] Сарахсий Муҳаммад ибн Аҳмад. “Мабсут (طﻮﺴﺒﻤﻟا). Биринчи жуз. – Байрут, “Дор ал-маърифа”, 1989. 4-б.
[6] Судуний, Зайниддин Қосим ибн Қутлубғо. Таржимаи ҳоллар тожи (ﻢﺟاﺮﺘﻟا جﺎﺗ). – Байрут: Дор ул‑қалам, 1992. – 234 - б.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон ҳаётини бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини истайди. Шу сабабли, баъзилар бошига бирор кулфат етса тушкунликка тушади, ноумид бўлиб нима қилишни билмайди. Баъзилар бу мусибатларнинг ечимини топа олмаганидан сиқилиб фолбиннинг ҳузурига боради, бошқаси эса ичкиликка берилади. Натижада, ўзига ҳам, яқинларига ҳам зарар етади.
Ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки бу ҳаёт синов ва имтиҳонлардан иборат. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай маълум қилинади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз» (Бақара сураси, 155-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қийинчилик ва мусибатлар орқали имонимизни синайди. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш, ўқиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Ушбу оят ҳар қандай кишига ҳам мусибат етиши мумкинлигига далолат қилади. Бирор бандага етган мусибат Аллоҳ таоло у бандани ёмон кўрганидан эмас ёки аксинча, бандага етган неъмат у бандани Аллоҳ яхши кўрганидан ҳам эмас. Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасини гоҳ яхшилик билан, баъзан қийинчилик билан синайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам имтиҳон қилишини, ҳар бир иш фақат Унинг иродаси билан бўлишини билган мусулмон мусибатларда ўзини йўқотиб қўймайди. Чунки Қуръони каримда мусибатларнинг осон ечими очиқ-ойдин баён қилинган:
«...(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда:
“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар» (Бақара сураси, 155–156-оят).
Мусибат етганида Аллоҳни эслаш, истиғфор сўраш ва Ўзидан умидвор бўлиш мусибатнинг ечимидир.
Юнус алайҳиссалом ана шу йўл билан мусибатдан фориғ бўлдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД