Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2026   |   2 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
04:58
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2026, 2 Сафар, 1448

“Ал-мабсут” – фиқҳ қомуси

08.04.2018   17317   5 min.
“Ал-мабсут” –  фиқҳ  қомуси

Ислом тарихида “Ал-Мабсут” номли асарлар кўп ёзилган. Масалан, Абу Юсуф (вафоти ҳижрий 182 й.), Муҳаммад ибн Ҳасан (вафоти ҳижрий 189 й.)[1], Абу Лайс Самарқандий (вафоти ҳижрий 375 й.), Абу Шужоъ (вафоти беш юз йил олдин), Носириддин Самарқандий (вафоти ҳижрий 556 й.), Шамсулаимма Ҳалвоний (вафоти ҳижрий 448 й.), Хоҳарзода[2] (вафоти ҳижрий 483 й.), Абулйуср Паздавий (вафоти ҳижрий 493 й.), Фахрулислом Паздавий (вафоти ҳижрий 482 й.) каби олимларнинг ҳанафий мазҳабига оид шу номдаги асарлари бор. Шунингдек, шофиъий, моликий мазҳабидаги олимлар Абу Осим Ибодий (вафоти ҳижрий 485 й.), Абу Ҳафс Шофиъий (вафоти ҳижрий 243 й.), Абу Бакр Байҳақий (вафоти ҳижрий 458 й.), Ибн Арафа Тунисий ҳам (вафоти ҳижрий 803 й.) “Ал-Мабсут” битгани айтилади. Муҳаммад Самарқандийнинг қироат илмларига, Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг ҳадисшуносликка, Абу Ало Розий ҳамда Носириддин Самарқандийнинг тилшуносликка доир “Ал-Мабсут”лари ҳам маълум[3]. Шундай бўлса-да, “Ал-Мабсут” дейилганида биринчи навбатда Мовароуннаҳрда яшаб, ижод этган (XI аср) забардаст фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг шу номдаги асари назарда тутилган. Сарахсий кўп ўринларда “Соҳибул Мабсут” деб келтирилади[4].

Сарахсийнинг бу асарига машҳур олим Абу Фазл Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийнинг (вафоти ҳижрий 334 й.) “Кофий” китоби асос бўлган. Олим бундай ёзади: “Мен яшаган замонда илмлар толиби бир неча сабаблар билан фиқҳдан узоқлашишларига гувоҳ бўлдим. Шу боис “Мухтасар”га шарҳ ёзиб, ҳар бир масалани ёритишда керакли маънодан ортиқча нарсани қўшмасликни, ҳар бир бобда ишончли бўлган маълумотлар билан чекланишни мақсадга мувофиқ топдим”[5]. Демак, Сарахсий ушбу асарида ўзигача фиқҳ масалаларига мансуб китобларнинг асосий мазмунини жамлашга ҳаракат қилган ва Ислом ҳуқуқшунослигининг деярли барча соҳаларини қамраб олган.

Сарахсий ростгўйлиги, адолатпарварлиги сабабли душманларининг туҳматига учраб, зиндонбанд этилади. Аммо ҳеч бир тўсиқ унинг чуқур тафаккури ва ўткир зеҳнига панд беролмайди. Асарнинг кириш қисмида келтирилган маълумотларга кўра, муаллиф уни зиндонда ёзган. “Ал-Мабсут”ни ёзиш жараёнида Сарахсий ёдида қолган маълумотларга асослангани унинг хотираси жуда кучли бўлганидан далолат беради[6].

Олим ҳукмларни Қуръони карим, ҳадиси шариф, осор, қиёс ҳамда истеҳсон асосида далиллайди. Ихтилофли масалаларда машҳур уламоларнинг фикрларини солиштириб, таҳлил қилади. Жумладан, Абу Ҳанифа, Имом Молик, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Имом Шофиъий, Ҳасан ибн Зиёднинг турли фикрларини келтириб, уларнинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилади.

Бу асар кўп нусхаларда кўчирилган ва кенг тарқалган. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида китобнинг бир неча қўлёзма нусхалари сақланади. Жумладан, 3183, 3114, 5957, 5880, 5981, 2706, 6762 рақамлари остида китобнинг турли қисмларига доир қўлёзмалар мавжуд. Уларнинг ичида 3114 рақам остида сақланаётган нусха асарнинг бешинчи боби бўлиб, 344 бетдан иборат. Қўлёзмада кўрсатилишича, у Ўзганда 1705 йили кўчирилган. Асарнинг яна бир нусхаси Қоҳирадаги араб қўлёзмалари институтида 152 рақами остида сақланади. Маккадаги Ҳарам кутубхонасида ҳам 154 рақами билан сақланаётган бир нусхаси бор.

Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” китоби фиқҳ бўйича энг муҳим китоблардан саналиб, Ислом ҳуқуқшунослигига хос кўплаб масалалар ва уларнинг ечимлари юзасидан баҳс юритади. Барча мусулмон мамлакатларида кенг қўлланилган ушбу асар ҳанафий мазҳабимизнинг энг қимматли манбаларидан биридир.

 

Абдумалик ТЎЙЧИБОЕВ,

Тошкент Ислом университети тадқиқотчиси

 

 

[1] Муҳаммад ибн Ҳасандан турли йўллар билан Мабсут ривоят қилинган ва уларнинг энг машҳури Абу Сулаймон Жузжонийникидир. Муаълумотларга кўра, Муҳаммад ибн Ҳасаннинг Мабсутига имом Шофиъий ҳам катта баҳо бериб, уни ёд олган.

 

[2] Унинг иккита Мабсут ёзгани ва уларнинг бири 15 жилддан иборат бўлгани айтилади.

 

[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Иккинчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 1581 – 1583-бетлар.

 

[4] Қори Али ибн Султон Муҳаммад. “Ал-асмор ал-жанийя фи асмоъил ҳанфийя”. Бетна: “Худобахш”, 2002. 268-б.

 

[5] Сарахсий Муҳаммад ибн Аҳмад. “Мабсут (طﻮﺴﺒﻤﻟا). Биринчи жуз. – Байрут, “Дор ал-маърифа”, 1989. 4-б.

 

[6] Судуний, Зайниддин Қосим ибн Қутлубғо. Таржимаи ҳоллар тожи (ﻢﺟاﺮﺘﻟا جﺎﺗ). – Байрут: Дор ул‑қалам, 1992. –  234 - б.

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди

16.07.2026   5166   2 min.
Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди

Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди. Бу ҳақда Спот регулятор матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, кенгаш исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар, исломий молиялаштириш хизматларини ко‘рсатувчи микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотларнинг исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Кенгаш таркибига беш нафар мутахассис — ислом ҳуқуқи бо‘йича то‘рт нафар эксперт ва исломий молия соҳасидаги бир нафар техник эксперт киритилди.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саиджамол Масайитов кенгаш раиси, марказ бош мутахассиси Муҳаммадаюбхон Ҳомидов эса раис о‘ринбосари этиб тайинланди. Шунингдек, Фатво маркази мутахассислари Ҳикматилла Тоштемиров ва Абдуллатиф Турсунов ҳамда Ориент Аудит Груп аудиторлик компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Ахроржон Садуллаев кенгаш а‘золари бо‘лди.

Кенгаш а‘золарининг аксарияти ислом ҳуқуқи соҳасида ко‘п йиллик тажрибага эга бо‘либ, О‘збекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши таркибига киради ҳамда исломий молия ё‘налишида ААОИФИ халқаро сертификатларига эга.

Техник эксперт Ахроржон Садуллаев банк-молия соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга. У аввал Марказий банк, Алоқабанк, КДБ Банк Узбекистан, шунингдек, КПМГ, Эрнст & Ёунг ва Грант Тҳорнтон халқаро аудиторлик компанияларида фаолият юритган.

Кенгаш исломий молия стандартлари лойиҳаларини халқаро стандартлар ва маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқади.

Шунингдек, Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари юзасидан хулоса ва тавсиялар беради, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади ҳамда соҳада юзага келадиган низолар бо‘йича тушунтиришлар беради.

Бундан ташқари, кенгаш банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия фаолияти юзасидан тавсиялар беради, улар билан даврий маслаҳат учрашувлари о‘тказади.

Зарурат туг‘илганда Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (ААОИФИ) йиг‘илишларида Марказий банк номидан қатнашади.

Марказий банк ма‘лумотига ко‘ра, кенгаш ҳар йили о‘з фаолияти бо‘йича ҳисоботни регулятор бошқарувига тақдим этади.

Спот, аввалроқ, О‘збекистонда исломий микромолия хизматлари ҳажми 22 млрд со‘мга етгани ҳақида ёзганди.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари