Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446

Уйингизда кимлар бор: дажжолми ё фаришта?..

06.04.2018   4741   17 min.
Уйингизда кимлар бор: дажжолми ё фаришта?..

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Усмонхон Алимов билан суҳбат 

 – Ҳурматли муфтий ҳазратлари, мамлакатимизда барча соҳалар қатори таълим-тарбия, маънавий-маърифий йўналишда ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» номли нутқи ва «Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айнан ёшларимиз маънавияти, одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Шу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатда тараққиёт эшиги кенг очилади. Бунинг учун Яратганга ҳар қанча шукурлар айтсак ҳам кам. Ҳар бир мамлакат ўз ёшларига суянади, маънавияти соғлом ва тоза бўлиши учун қайғуради, уларнинг ҳаёти ва маънавиятига дахлдор нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўради. Ёшлар ўсиб-улғайиб, ўзларидан олдингиларнинг ишларини давом эттиради. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: «Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур», деган эди. Юртимизда ҳатто йиллар «Оналар ва болалар йили» (2005 йил), «Ёшлар йили» (2008 йил) ва «Баркамол авлод йили» (2010 йил) деб аталиб, давлат дастурлари қабул қилиниб, шу асосда ибратли ишлар амалга оширилди. Шундан ҳам биламизки, мамлакатимизда ёшлар масалаларига давлат миқёсида доимо катта эътибор берилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир қарор ва фармонида мамлакатимизнинг маънавий ва ижтимоий ҳаётида эришилган ютуқлар қаторида камчиликлар ҳам очиқ айтилмоқда ва уларни тузатишга бутун омманинг эътибори жалб этилмоқда. Чунки ҳар қандай иллат ўз вақтида муолажа қилинмас экан, узоқ вақт ундан кўз юмиб яшалгани билан ўз-ўзидан тузалиб қолмайди. Президентимизнинг ислоҳотлар ҳаётий зарурат эканини куюнчаклик билан бот-бот такрорлашлари ва бу борада ғайрат билан амалга ошираётган ишлари тез орада ўз натижасини беришига ишонаман. Чунки самимий танқид ва очиқ-ошкораликнинг фойдаси кўп. Ислоҳотлар оқимида энг муҳим ишлардан бири ёшлар маънавияти, одоб-ахлоқи ва тарбияси масаласидир. Янаям аниқроқ айтсак, бу ҳаёт-мамот масаласидир.

Маънавияти юксак халқни енгиб бўлмайди. Айниқса, ёш авлоднинг имон-эътиқоди, билим ва тафаккури, дунёқараши ва танлаган йўли келажагимизни белгилаб беради. «Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда «жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш»га алоҳида эътибор қаратилди. Баъзи ёшларимизда айни шу туйғу етишмаётганини теран англашимиз керак. Бу хусусда фикр-мулоҳазаларингиз?

Қуръони каримда ўтмишда ер юзида фисқ-фасод ишларни кўпайтириб, ахлоқи бузилган, оқибатда ҳалокатга маҳкум этилган қавмлар ҳақида сўз боради. Бундай тубанликнинг туб илдизи ўз-ўзидан маънавий инқирозга бориб тақалишини асло унутмаслик керак.

Маънавий соғлом ва камолотга эришган халқлар қадимдан улуғлик шоҳсупасини эгаллаган, уларни енгиш ёки улар билан тенглашиш осон бўлмаган. Ҳозир ҳам шундай. Маънавий инқирозга учраган халқнинг обрў-эътибори бўлмайди, унинг қадрият ва урф-одатларига паст назар билан қаралади. Ўтган асрда шундай балога мубтало бўлганимиз сир эмас. Шунинг учун ёшларимизда миллий ифтихор руҳини уйғотиш ва уларни айнан шу руҳда тарбиялаш янада муҳим маъно касб этмоқда. Бизнинг халқимиз узоқ асрлар давомида ислом дини ва таълимотидан қувват олиб, ўз маънавиятини бойитди, исломий таълимот асосида яшади. Бу билан кам бўлмадик, маънавияти юксак ва эътиқоди мустаҳкам халққа айландик. Бу борада эришган ютуқларимизга жаҳон аҳли тан бериб келган. Шу боис ёшларимизга ислом дини ва таълимотини тўғри етказишимиз керак. Шунда уларда ўз-ўзидан миллий ифтихор туйғулари уйғонади, ўзларига ишонч пайдо бўлади, турли бузғунчи фирқаларнинг даъватлари нохолис ва ҳақиқатдан йироқ эканини тушуниб етади. Қалби пок, билимли ёшларни алдаш, гумроҳликка бошлаш мумкинми? Мен бундай бўлишига ишонмайман.

Инсон тарбияси жуда мураккаб ва оғир жараён. Башарият яралибдики, инсонларни ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш, қалбларни ислоҳ қилиш ва руҳиятни поклаш муаммоси мавжуд. Айниқса, бола тарбияси унга она танлашдан бошланади, дейди донишмандлар. Шу маънода бу борада жавобгарлик ва масъулият биринчи навбатда ота-онага тушади. Сизнинг «Оилада фарзанд тарбияси» («Мовароуннаҳр» нашриёти, 2017.) китобингизда: «Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, ватани, она тилига, миллат улуғларига муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Китобларда ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур» деган гапингиздаги «ҳаёт илми» бугунги кунда ёшларга жуда керак. Қолаверса, мактаб, лицей ва коллежларни таълим маскани бўлишдан ташқари тарбия маскани деб айтиш мумкин. Президентимиз 15 июн куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати (ҳозирги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда «Юртимизда яшаётган, оиласини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак» деган крни айтди.

Инсонга ҳар доим жумбоқ хилқат, сирли, мукаммал мавжудот сифатида қаралган. Не-не донишманд ва файласуфлар инсоний феъл-атворни ўзгартириш жуда мураккаблигини тан олганлар. Инсонга ўз вақтида тўғри тарбия берилмаса, бундан ёмони бўлмаса керак. Аммо бундай тарбия муайян муддат билан чегараланмайди. Тарбия узоқ вақт давом этадиган жараён эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Абу Асвад Дувалий деган зот болаларига: «Сизларга ёшлигингизда ҳам, катта бўлганингизда ҳам, ҳатто туғилмасингиздан олдин бир яхшилик қилганман», — деди. Болалари «Туғилмасимиздан олдин қандай яхшилик қилдингиз?» деб ҳайрон бўлишса, отаси «Сизларга яхши онани танладим» деган экан. Халқимиз «Етти пуштини суриштириб уйлан» деб бекорга айтмаган. Яхши ва солиҳа онадан одобли ва тарбияли болалар дунёга келади. Бола солиҳа она бағрида меҳр кўриб вояга етса, ибратли инсон бўлиб улғаяди. Имом Термизий ривоятида пайғамбаримиз алайҳиссалом «Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам афзалроқ ҳадя бера олмайди» деган. Бирон егулик ёки кўйлак олиб берилса, фарзанд қанчалик хурсанд бўлади. Аммо ўз вақтида одоб ва тарбия олган фарзанд бир умр ота-онасидан миннатдор бўлади. Ота-она ҳам фарзандига шундай ҳадя берганидан ҳеч қачон афсусланмайди. Бундай ҳадянинг бошқа ҳадялардан афзаллиги шунда. Манбаларда келишича, фарзанд ота-онага берилган омонат, тенги йўқ гавҳарга ўхшатилган. Агар фарзанд яхши одоб ва тарбия олса, ота-онаси бу дунё ва охиратда катта ажр-савоб эгасига айланади. Агар ёмон тарбия олса, унинг жазосига ҳам икки дунёда шерик бўлишади. Фарзандга омонат ва гавҳар деб қаралгани учун у эҳтиёт қилинади. Бироқ боланинг омонат ва гавҳарлиги кўпчиликни қизиқтирса ҳам, одоби ва тарбиясига етарлича эътибор берилмайди. Чунки ҳали ақли тўлиб улгурмаган бола атроф-муҳит таъсирига тез берилади. Шу боис ота-оналар боланинг юриш-туриши, овқатланиши, бошқалар билан муомаласи учун ҳам жавобгардир. Агар фарзанд борасидаги шаръий ҳақлар ўз вақтида адо этилса, ота-она зиммасидан жавобгарлик соқит бўлади. Бундай шаръий ҳақлар мўътабар манбаларда тўлиқ ва батафсил баён этиб берилган.

Тўғри, бизда ота-оналарга тарбия ишида ўқув даргоҳлари ва маҳалла ёрдамга келади. Мана шу тарбия тизими яхши ишласа, бизда бетарбия боланинг ўзи қолмаса керак деб ўйлайман.

Кенг қамровли тарбияни бола ўз ҳаёти давомида аста-секин ўзлаштириб борса, келажакда яхши самара беради. Буни фақатгина китоблардан эмас, шу билан бирга ҳаётнинг ўзидан олинган илм – ҳаёт илми десак тўғрироқ бўлади.  Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат билан зийнатлаган. Бир куни у ўғлининг ниҳоятда кўркам кийиниб олганини кўриб: «Эй ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин»,  дебди. Ўғли: «Эй отажон, у қандай либос, нимадан тикилади?», деб сўрабди. Отаси: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берибди.

Имон-эътиқод масаласи тарбияда муҳим ўрин тутади. Имонли, тафаккурли ва пок кишида ёт ғоялар таъсирига қарши иммунитет ўз-ўзидан шаклланади. Асрлар давомида ислом дини ва таълимоти руҳида яшаб келган халқимиз шўро даврида ундан маҳрум қилинди. Бунинг таъсири ҳозирга қадар сезилади. Мактаб, лицей ва коллежларда ёшларимизга динимиз моҳияти ва таълимотидан кенгроқ тушунча бериш вақти етмадимикан?

Бу гапларга тўла қўшиламан. Имон-эътиқод таълим-тарбияда катта вазифани бажаради. Аллоҳнинг ўзи тавфиқ бермаса, имон-эътиқоди бузуқ ёки айниган кишини тарбиялаб ҳам, хулқини тузатиб ҳам бўлмайди. Ислом дини келгандан кейин маълум вақт ўтиши билан турли фирқа ва оқимлар пайдо бўлди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, насоролар етмиш ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар». Демак, соғлом ақида ва пок эътиқод билан яшаш ва қалбни тоза ҳолда бу дунёдан олиб ўтиш осон иш эмас.

Шунинг учун бола бу каби дарди бедаво касалга чалинмасдан унинг олди олинса, муолажа қилинса, бундай болани ҳамма яхши кўради. Ота-онаси уни алқайди. Эътиқоди нотўғри шаклланган ёшларни фикри саёз, ғўр, жиззаки, бу дунёнинг ҳар бир ишидан ҳикмат эмас, кўпроқ иллат қидирадиган тоифага киритса бўлади. Уламолар қалб ислоҳи ва эътиқод тўғри бўлиши учун илм, ҳикмат ва маърифат керак деганлар. Жуда тўғри фикр. Илм ва ҳикмат бўлса-ю, маърифат бўлмаса, бундай ислоҳдан фойда йўқ. Маърифат деганда у зотлар Аллоҳ таолони танишни назарда тутганлар. Демак, ёшларимиз илм ва ҳикмат орқали Аллоҳ таолони, ўзларининг кимлиги ва қандай ишларга қодирлигини ҳам англаб етишлари аниқ. Бу жараёнд камтарлик ва тавозе хислати ҳам шаклланиб, уларга катта фойда келтиради. Аллоҳни таниш катта илмдир. Ёш бола турли саволлар бериб бошни оғритадиган пайтидан бошлаб Аллоҳни танитиш, ҳаром-ҳалолни билдириш, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш мумкин эмаслиги, ор-номус, ҳаё, уят ва андиша каби хислатларни шакллантириб бориш керак. Болалар тарбиясида яхши хулқли, одобли ва ҳаёли бўлиш катта аҳамият касб этади. Ислом динида хулқ ва одобга имон билан бир хил қаралади. Ҳар қандай замонда олижаноб, одобли, ҳалим ва ширинсўз кишилар жамият кўрки бўлиб келган.

Фарзанд дунёга келгандан кейин унга қилинажак ишлар шариатимизда тўлиқ айтиб қўйилган. Булар «Оилада фарзанд тарбияси» китобида баҳоли қудрат келтириб ўтилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа алломаларимизнинг китобларида ҳам ёшлар тарбиясига жиддий қаралган. У зотлар инсон тарбияси деганда дастлаб нафсни таниш, нафс риёзати ва ислоҳини тушунганлар. Нафсни ислоҳ қилиб, уни иллатлардан фориғ қилган инсон ҳар икки дунёда бахт-иқбол қозонишини билдирганлар. Айтиб ўтганингиздек, болалар тарбиясида муҳимлигини эътиборда тутган ҳолда мактаб, лицей ва коллежларда бошланғич диний таълим ва одоблар дастур сифатида киритилса, ёшларнинг тўғри тарбия олишида катта фойда берарди. Маънавий етук ва баркамол бола ҳеч қандай ёт ғоянинг таъсирига тушмайди.

«Мовароуннаҳр» нашриётида чоп этилган «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китобида интернет орқали амалга оширилаётган таҳдидлар, «оммавий маданият» ниқобидаги маданиятсизликнинг салбий оқибатлари фош этилиб, ҳамма кўнгилсизликлар таълим-тарбияда лоқайдликка йўл қўйиш оқибатида келиб чиқиши тўғри таъкидланган. Дарҳақиқат, бугун ота-оналар ўз уйларида ўзлари билан дастурхон бошида ўтирган боласининг ёнида кимлар бор-у, онгида нималар бор эканлигини сезмай қолиши ҳеч гапмас. Уйидаги фарзанди билан аллақандай кўринмас одамлар ҳам ёнма-ён ўтирган бўлиши мумкин. Фақат улар кўринмай ишларини битирадилар. Ёвуз ниятли кимсалар интернет орқали, нафақат уйингизга, балки болангизнинг онгига сиздан олдинроқ кириб кетишга ҳаракат қилади. Бундай  маккор шарпалар эҳтиётсиз ҳар бир уйда учраши мумкин. Бу каби иллатларга қарши туришда диний таълимнинг аҳамияти ҳақидаги тавсияларингизни айтиб ўтсангиз.

Ёшлар тарбиясида бугунги кашфиётларнинг ижобий тарафи бўлганидек, салбий томони ҳам борлигини асло унутиб бўлмайди. Замонавий ихтиролар ёшларнинг таълим олиши, билимларни тез ўзлаштириши, жаҳонда юз бераётган янгиликлардан вақтида хабардор бўлишида ёрдамчидир. Бу хабар ва маълумотлар тўғри ва ҳақиқатга яқин бўлса албатта. Лекин чет эллардан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган хабарларнинг ярмидан кўпи ёлғон-яшиқ, бузғунчи хабарлардир. Шунинг учун уларни ақл торозисига солиб, қай бири тўғри, қай бирида бирон эгри мақсад яширинганига эътибор бериш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Охирзамонда дажжоллар (фирибгарлар), ёлғончилар бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб, фитнага солиб қўймасин», — деган (Имом Муслим ривояти).  Афсуски, ҳозирги вақтда интернет орқали оқиб келаётган инсонни йўлдан оздирувчи ёлғон-яшиқлар йўлига тўсиқ қўйишнинг иложи йўқ. Бундай бузғунчи таъсирлар ҳар бир хонадоннинг чақирилмаган «меҳмони» бўлиб уйига кириб боради. Ёш ва ҳали оқ-қорани ажрата олмаган ёшлар интернетга ружу қўйиш оқибатида билиб-билмасдан турли ёт оқим ва фирқалар тарқатаётган ғоя ва қарашларнинг қурбонига айланмоқда. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўз болангни ўзинг асра» деган шиори бугунги кунда жуда зарур деб ҳисоблайман. Абдурауф Фитрат «Ким бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади» деган. Ҳар ким бу тўғрида «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китобидан ўзига керакли маълумотларни олиши мумкин. Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган беҳаё фильмлар, вилеолавҳалар, бузғунчи ғоялар ёшлар маънавиятини кўтаришга хизмат қиладими?

Лекин ғўр ёшларга шаҳвониятни қўзғайдиган лавҳа ва тасвирлар фойдалидек кўринади ва бола қайсидир маънода лаззат ва завқ олгани учун уларнинг таъсирига берилиб кетади. Абдурауф Фитрат айтганидек, инсониятга бундан бошқа душманнинг кераги бўлмай қолади. Буни «оммавий маданият», «оломонча маданият» деб аташмоқда. Аммо ундан кўзланган мақсад – одамзотни асрлар давомида авайлаб-ҳимоя қилиб келган умуминсоний қадрият ва одоб-ахлоқ мезонларидан узоқлаштириш ва уларга нисбатан нафрат ўйғотиш. Чунки бундан кимлардир фойда кўради ёки фойда кўришни мўлжаллаб турган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд сураси, 25-оят). Бизнинг уларга шундан бошқа жавобимиз йўқ. Шундай экан, инсоният келажаги ва тақдирини белгилайдиган ёшлар маънавияти, тарбияси, одоб-ахлоқи ва ҳаётини издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай бузғунчи ғоя ва қарашлардан болаларимизни ўзимиз ҳимоя қилайлик. Ҳар бир болага жавобгарликни ота-онаси, таълим даргоҳи ва маҳалла тўғри ҳис этса, аҳил ва ҳамкор бўлса, ёшларимиз кўзларни қувонтирадиган улуғ ишларни амалга оширадилар, давлатимиз янада қудратли бўлиб, жамиятимиз гуллаб-яшнайди.

Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Бобомурод Эрали суҳбатлашди.

“Маънавий ҳаёт” журналидан олинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қурбонликка оид 30 масала

04.06.2024   2744   8 min.
Қурбонликка оид 30 масала

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).

Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).

Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).

Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир (131).

Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади (37).

Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).

Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).

Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир (57).

Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас (58).

Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).

Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).

Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).

Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда (78).

Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади (82).

Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди (91).

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (96).

Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади (133).

Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (98).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади (99).

Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир (99).

Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади (100).

Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир (102).

Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди (105).

Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (107).

Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

Манба

Мақолалар