Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Усмонхон Алимов билан суҳбат
– Ҳурматли муфтий ҳазратлари, мамлакатимизда барча соҳалар қатори таълим-тарбия, маънавий-маърифий йўналишда ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» номли нутқи ва «Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айнан ёшларимиз маънавияти, одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Шу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз.
– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатда тараққиёт эшиги кенг очилади. Бунинг учун Яратганга ҳар қанча шукурлар айтсак ҳам кам. Ҳар бир мамлакат ўз ёшларига суянади, маънавияти соғлом ва тоза бўлиши учун қайғуради, уларнинг ҳаёти ва маънавиятига дахлдор нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўради. Ёшлар ўсиб-улғайиб, ўзларидан олдингиларнинг ишларини давом эттиради. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: «Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур», деган эди. Юртимизда ҳатто йиллар «Оналар ва болалар йили» (2005 йил), «Ёшлар йили» (2008 йил) ва «Баркамол авлод йили» (2010 йил) деб аталиб, давлат дастурлари қабул қилиниб, шу асосда ибратли ишлар амалга оширилди. Шундан ҳам биламизки, мамлакатимизда ёшлар масалаларига давлат миқёсида доимо катта эътибор берилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир қарор ва фармонида мамлакатимизнинг маънавий ва ижтимоий ҳаётида эришилган ютуқлар қаторида камчиликлар ҳам очиқ айтилмоқда ва уларни тузатишга бутун омманинг эътибори жалб этилмоқда. Чунки ҳар қандай иллат ўз вақтида муолажа қилинмас экан, узоқ вақт ундан кўз юмиб яшалгани билан ўз-ўзидан тузалиб қолмайди. Президентимизнинг ислоҳотлар ҳаётий зарурат эканини куюнчаклик билан бот-бот такрорлашлари ва бу борада ғайрат билан амалга ошираётган ишлари тез орада ўз натижасини беришига ишонаман. Чунки самимий танқид ва очиқ-ошкораликнинг фойдаси кўп. Ислоҳотлар оқимида энг муҳим ишлардан бири ёшлар маънавияти, одоб-ахлоқи ва тарбияси масаласидир. Янаям аниқроқ айтсак, бу ҳаёт-мамот масаласидир.
– Маънавияти юксак халқни енгиб бўлмайди. Айниқса, ёш авлоднинг имон-эътиқоди, билим ва тафаккури, дунёқараши ва танлаган йўли келажагимизни белгилаб беради. «Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда «жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш»га алоҳида эътибор қаратилди. Баъзи ёшларимизда айни шу туйғу етишмаётганини теран англашимиз керак. Бу хусусда фикр-мулоҳазаларингиз?
— Қуръони каримда ўтмишда ер юзида фисқ-фасод ишларни кўпайтириб, ахлоқи бузилган, оқибатда ҳалокатга маҳкум этилган қавмлар ҳақида сўз боради. Бундай тубанликнинг туб илдизи ўз-ўзидан маънавий инқирозга бориб тақалишини асло унутмаслик керак.
Маънавий соғлом ва камолотга эришган халқлар қадимдан улуғлик шоҳсупасини эгаллаган, уларни енгиш ёки улар билан тенглашиш осон бўлмаган. Ҳозир ҳам шундай. Маънавий инқирозга учраган халқнинг обрў-эътибори бўлмайди, унинг қадрият ва урф-одатларига паст назар билан қаралади. Ўтган асрда шундай балога мубтало бўлганимиз сир эмас. Шунинг учун ёшларимизда миллий ифтихор руҳини уйғотиш ва уларни айнан шу руҳда тарбиялаш янада муҳим маъно касб этмоқда. Бизнинг халқимиз узоқ асрлар давомида ислом дини ва таълимотидан қувват олиб, ўз маънавиятини бойитди, исломий таълимот асосида яшади. Бу билан кам бўлмадик, маънавияти юксак ва эътиқоди мустаҳкам халққа айландик. Бу борада эришган ютуқларимизга жаҳон аҳли тан бериб келган. Шу боис ёшларимизга ислом дини ва таълимотини тўғри етказишимиз керак. Шунда уларда ўз-ўзидан миллий ифтихор туйғулари уйғонади, ўзларига ишонч пайдо бўлади, турли бузғунчи фирқаларнинг даъватлари нохолис ва ҳақиқатдан йироқ эканини тушуниб етади. Қалби пок, билимли ёшларни алдаш, гумроҳликка бошлаш мумкинми? Мен бундай бўлишига ишонмайман.
– Инсон тарбияси жуда мураккаб ва оғир жараён. Башарият яралибдики, инсонларни ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш, қалбларни ислоҳ қилиш ва руҳиятни поклаш муаммоси мавжуд. Айниқса, бола тарбияси унга она танлашдан бошланади, дейди донишмандлар. Шу маънода бу борада жавобгарлик ва масъулият биринчи навбатда ота-онага тушади. Сизнинг «Оилада фарзанд тарбияси» («Мовароуннаҳр» нашриёти, 2017.) китобингизда: «Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, ватани, она тилига, миллат улуғларига муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Китобларда ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур» деган гапингиздаги «ҳаёт илми» бугунги кунда ёшларга жуда керак. Қолаверса, мактаб, лицей ва коллежларни таълим маскани бўлишдан ташқари тарбия маскани деб айтиш мумкин. Президентимиз 15 июн куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати (ҳозирги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда «Юртимизда яшаётган, оиласини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак» деган крни айтди.
– Инсонга ҳар доим жумбоқ хилқат, сирли, мукаммал мавжудот сифатида қаралган. Не-не донишманд ва файласуфлар инсоний феъл-атворни ўзгартириш жуда мураккаблигини тан олганлар. Инсонга ўз вақтида тўғри тарбия берилмаса, бундан ёмони бўлмаса керак. Аммо бундай тарбия муайян муддат билан чегараланмайди. Тарбия узоқ вақт давом этадиган жараён эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Абу Асвад Дувалий деган зот болаларига: «Сизларга ёшлигингизда ҳам, катта бўлганингизда ҳам, ҳатто туғилмасингиздан олдин бир яхшилик қилганман», — деди. Болалари «Туғилмасимиздан олдин қандай яхшилик қилдингиз?» деб ҳайрон бўлишса, отаси «Сизларга яхши онани танладим» деган экан. Халқимиз «Етти пуштини суриштириб уйлан» деб бекорга айтмаган. Яхши ва солиҳа онадан одобли ва тарбияли болалар дунёга келади. Бола солиҳа она бағрида меҳр кўриб вояга етса, ибратли инсон бўлиб улғаяди. Имом Термизий ривоятида пайғамбаримиз алайҳиссалом «Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам афзалроқ ҳадя бера олмайди» деган. Бирон егулик ёки кўйлак олиб берилса, фарзанд қанчалик хурсанд бўлади. Аммо ўз вақтида одоб ва тарбия олган фарзанд бир умр ота-онасидан миннатдор бўлади. Ота-она ҳам фарзандига шундай ҳадя берганидан ҳеч қачон афсусланмайди. Бундай ҳадянинг бошқа ҳадялардан афзаллиги шунда. Манбаларда келишича, фарзанд ота-онага берилган омонат, тенги йўқ гавҳарга ўхшатилган. Агар фарзанд яхши одоб ва тарбия олса, ота-онаси бу дунё ва охиратда катта ажр-савоб эгасига айланади. Агар ёмон тарбия олса, унинг жазосига ҳам икки дунёда шерик бўлишади. Фарзандга омонат ва гавҳар деб қаралгани учун у эҳтиёт қилинади. Бироқ боланинг омонат ва гавҳарлиги кўпчиликни қизиқтирса ҳам, одоби ва тарбиясига етарлича эътибор берилмайди. Чунки ҳали ақли тўлиб улгурмаган бола атроф-муҳит таъсирига тез берилади. Шу боис ота-оналар боланинг юриш-туриши, овқатланиши, бошқалар билан муомаласи учун ҳам жавобгардир. Агар фарзанд борасидаги шаръий ҳақлар ўз вақтида адо этилса, ота-она зиммасидан жавобгарлик соқит бўлади. Бундай шаръий ҳақлар мўътабар манбаларда тўлиқ ва батафсил баён этиб берилган.
Тўғри, бизда ота-оналарга тарбия ишида ўқув даргоҳлари ва маҳалла ёрдамга келади. Мана шу тарбия тизими яхши ишласа, бизда бетарбия боланинг ўзи қолмаса керак деб ўйлайман.
Кенг қамровли тарбияни бола ўз ҳаёти давомида аста-секин ўзлаштириб борса, келажакда яхши самара беради. Буни фақатгина китоблардан эмас, шу билан бирга ҳаётнинг ўзидан олинган илм – ҳаёт илми десак тўғрироқ бўлади. Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат билан зийнатлаган. Бир куни у ўғлининг ниҳоятда кўркам кийиниб олганини кўриб: «Эй ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», дебди. Ўғли: «Эй отажон, у қандай либос, нимадан тикилади?», деб сўрабди. Отаси: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берибди.
– Имон-эътиқод масаласи тарбияда муҳим ўрин тутади. Имонли, тафаккурли ва пок кишида ёт ғоялар таъсирига қарши иммунитет ўз-ўзидан шаклланади. Асрлар давомида ислом дини ва таълимоти руҳида яшаб келган халқимиз шўро даврида ундан маҳрум қилинди. Бунинг таъсири ҳозирга қадар сезилади. Мактаб, лицей ва коллежларда ёшларимизга динимиз моҳияти ва таълимотидан кенгроқ тушунча бериш вақти етмадимикан?
– Бу гапларга тўла қўшиламан. Имон-эътиқод таълим-тарбияда катта вазифани бажаради. Аллоҳнинг ўзи тавфиқ бермаса, имон-эътиқоди бузуқ ёки айниган кишини тарбиялаб ҳам, хулқини тузатиб ҳам бўлмайди. Ислом дини келгандан кейин маълум вақт ўтиши билан турли фирқа ва оқимлар пайдо бўлди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, насоролар етмиш ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар». Демак, соғлом ақида ва пок эътиқод билан яшаш ва қалбни тоза ҳолда бу дунёдан олиб ўтиш осон иш эмас.
Шунинг учун бола бу каби дарди бедаво касалга чалинмасдан унинг олди олинса, муолажа қилинса, бундай болани ҳамма яхши кўради. Ота-онаси уни алқайди. Эътиқоди нотўғри шаклланган ёшларни фикри саёз, ғўр, жиззаки, бу дунёнинг ҳар бир ишидан ҳикмат эмас, кўпроқ иллат қидирадиган тоифага киритса бўлади. Уламолар қалб ислоҳи ва эътиқод тўғри бўлиши учун илм, ҳикмат ва маърифат керак деганлар. Жуда тўғри фикр. Илм ва ҳикмат бўлса-ю, маърифат бўлмаса, бундай ислоҳдан фойда йўқ. Маърифат деганда у зотлар Аллоҳ таолони танишни назарда тутганлар. Демак, ёшларимиз илм ва ҳикмат орқали Аллоҳ таолони, ўзларининг кимлиги ва қандай ишларга қодирлигини ҳам англаб етишлари аниқ. Бу жараёнд камтарлик ва тавозе хислати ҳам шаклланиб, уларга катта фойда келтиради. Аллоҳни таниш катта илмдир. Ёш бола турли саволлар бериб бошни оғритадиган пайтидан бошлаб Аллоҳни танитиш, ҳаром-ҳалолни билдириш, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш мумкин эмаслиги, ор-номус, ҳаё, уят ва андиша каби хислатларни шакллантириб бориш керак. Болалар тарбиясида яхши хулқли, одобли ва ҳаёли бўлиш катта аҳамият касб этади. Ислом динида хулқ ва одобга имон билан бир хил қаралади. Ҳар қандай замонда олижаноб, одобли, ҳалим ва ширинсўз кишилар жамият кўрки бўлиб келган.
Фарзанд дунёга келгандан кейин унга қилинажак ишлар шариатимизда тўлиқ айтиб қўйилган. Булар «Оилада фарзанд тарбияси» китобида баҳоли қудрат келтириб ўтилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа алломаларимизнинг китобларида ҳам ёшлар тарбиясига жиддий қаралган. У зотлар инсон тарбияси деганда дастлаб нафсни таниш, нафс риёзати ва ислоҳини тушунганлар. Нафсни ислоҳ қилиб, уни иллатлардан фориғ қилган инсон ҳар икки дунёда бахт-иқбол қозонишини билдирганлар. Айтиб ўтганингиздек, болалар тарбиясида муҳимлигини эътиборда тутган ҳолда мактаб, лицей ва коллежларда бошланғич диний таълим ва одоблар дастур сифатида киритилса, ёшларнинг тўғри тарбия олишида катта фойда берарди. Маънавий етук ва баркамол бола ҳеч қандай ёт ғоянинг таъсирига тушмайди.
– «Мовароуннаҳр» нашриётида чоп этилган «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китобида интернет орқали амалга оширилаётган таҳдидлар, «оммавий маданият» ниқобидаги маданиятсизликнинг салбий оқибатлари фош этилиб, ҳамма кўнгилсизликлар таълим-тарбияда лоқайдликка йўл қўйиш оқибатида келиб чиқиши тўғри таъкидланган. Дарҳақиқат, бугун ота-оналар ўз уйларида ўзлари билан дастурхон бошида ўтирган боласининг ёнида кимлар бор-у, онгида нималар бор эканлигини сезмай қолиши ҳеч гапмас. Уйидаги фарзанди билан аллақандай кўринмас одамлар ҳам ёнма-ён ўтирган бўлиши мумкин. Фақат улар кўринмай ишларини битирадилар. Ёвуз ниятли кимсалар интернет орқали, нафақат уйингизга, балки болангизнинг онгига сиздан олдинроқ кириб кетишга ҳаракат қилади. Бундай маккор шарпалар эҳтиётсиз ҳар бир уйда учраши мумкин. Бу каби иллатларга қарши туришда диний таълимнинг аҳамияти ҳақидаги тавсияларингизни айтиб ўтсангиз.
– Ёшлар тарбиясида бугунги кашфиётларнинг ижобий тарафи бўлганидек, салбий томони ҳам борлигини асло унутиб бўлмайди. Замонавий ихтиролар ёшларнинг таълим олиши, билимларни тез ўзлаштириши, жаҳонда юз бераётган янгиликлардан вақтида хабардор бўлишида ёрдамчидир. Бу хабар ва маълумотлар тўғри ва ҳақиқатга яқин бўлса албатта. Лекин чет эллардан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган хабарларнинг ярмидан кўпи ёлғон-яшиқ, бузғунчи хабарлардир. Шунинг учун уларни ақл торозисига солиб, қай бири тўғри, қай бирида бирон эгри мақсад яширинганига эътибор бериш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Охирзамонда дажжоллар (фирибгарлар), ёлғончилар бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб, фитнага солиб қўймасин», — деган (Имом Муслим ривояти). Афсуски, ҳозирги вақтда интернет орқали оқиб келаётган инсонни йўлдан оздирувчи ёлғон-яшиқлар йўлига тўсиқ қўйишнинг иложи йўқ. Бундай бузғунчи таъсирлар ҳар бир хонадоннинг чақирилмаган «меҳмони» бўлиб уйига кириб боради. Ёш ва ҳали оқ-қорани ажрата олмаган ёшлар интернетга ружу қўйиш оқибатида билиб-билмасдан турли ёт оқим ва фирқалар тарқатаётган ғоя ва қарашларнинг қурбонига айланмоқда. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўз болангни ўзинг асра» деган шиори бугунги кунда жуда зарур деб ҳисоблайман. Абдурауф Фитрат «Ким бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади» деган. Ҳар ким бу тўғрида «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китобидан ўзига керакли маълумотларни олиши мумкин. Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган беҳаё фильмлар, вилеолавҳалар, бузғунчи ғоялар ёшлар маънавиятини кўтаришга хизмат қиладими?
Лекин ғўр ёшларга шаҳвониятни қўзғайдиган лавҳа ва тасвирлар фойдалидек кўринади ва бола қайсидир маънода лаззат ва завқ олгани учун уларнинг таъсирига берилиб кетади. Абдурауф Фитрат айтганидек, инсониятга бундан бошқа душманнинг кераги бўлмай қолади. Буни «оммавий маданият», «оломонча маданият» деб аташмоқда. Аммо ундан кўзланган мақсад – одамзотни асрлар давомида авайлаб-ҳимоя қилиб келган умуминсоний қадрият ва одоб-ахлоқ мезонларидан узоқлаштириш ва уларга нисбатан нафрат ўйғотиш. Чунки бундан кимлардир фойда кўради ёки фойда кўришни мўлжаллаб турган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд сураси, 25-оят). Бизнинг уларга шундан бошқа жавобимиз йўқ. Шундай экан, инсоният келажаги ва тақдирини белгилайдиган ёшлар маънавияти, тарбияси, одоб-ахлоқи ва ҳаётини издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай бузғунчи ғоя ва қарашлардан болаларимизни ўзимиз ҳимоя қилайлик. Ҳар бир болага жавобгарликни ота-онаси, таълим даргоҳи ва маҳалла тўғри ҳис этса, аҳил ва ҳамкор бўлса, ёшларимиз кўзларни қувонтирадиган улуғ ишларни амалга оширадилар, давлатимиз янада қудратли бўлиб, жамиятимиз гуллаб-яшнайди.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
Бобомурод Эрали суҳбатлашди.
“Маънавий ҳаёт” журналидан олинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўлини бирлаштирган I Халқаро ислом цивилизацияси форумида 40 дан ортиқ давлатдан 300 га яқин хорижий олимлар, сиёсат, маданият ва дин арбоблари ислом цивилизациясининг асл моҳиятини бутун дунёга англатишни мақсад қилган.
Форумда сўзга чиққан Мусулмонлар Жаҳон Лигаси Бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Ўзбекистонни ислом цивилизациясининг энг ёрқин илм-маърифат ўчоқларидан бири сифатида эътироф этиб, буюк алломалар меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш инсониятнинг умумий келажаги учун стратегик аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, ислом цивилизациясининг тарихий марказларини қайта англаш ва уларнинг илмий меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш глобал аҳамиятга эга вазифага айланганини таъкидлади.
Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса, Мусулмонлар Жаҳон Лигаси бош котиби (Саудия Арабистони)
Аввало, ушбу анжуман ислом цивилизациясининг буюк ёдгорликларидан бири бўлган, мусулмон меросининг порлоқ саҳифалари мужассам юртда ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Бу заминнинг исломий мероси ҳақида узоқ тўхталиб ўтирмайман. Чунки у бутун ислом оламида юксак эътироф этилган ва тарихимиз фахрларидан бири сифатида тилга олинади.Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг буюк ислом цивилизацияси давлатларидан биридир. Самарқанд — Буюк Ипак йўлининг дурдонаси, ислом меъморчилиги тараққиётида марказий ўрин тутган шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Бухоро эса ислом тарихи саҳифаларида энг буюк илм марказларидан бири сифатида муҳрланган. Бу шаҳар умматнинг энг улуғ алломаларидан, ҳадис илмининг амири, Шайхул ислом, ҳофизлар имоми, буюк муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг муборак номи билан чамбарчас боғлиқдир.
Ислом цивилизацияси илм-маърифат ва юксак қадриятлар асосида барпо этилган. Шу боис у инсоният тарихида маърифатпарварликнинг энг юксак намуналаридан бири бўлди.
Бошқа халқлар цивилизация йўлини излаётган бир пайтда мусулмон уммати университетлар барпо этди, илмларни таржима қилди ва бутун инсониятга юксак ахлоқ фазилатларини ўргатди.
Ислом цивилизацияси тарих китобларидаги қуруқ саҳифалар эмас. У иймон илм билан уйғунлашганда тарих нур билан ёзилиши ва унинг асарлари дунё тургунча абадий яшашининг ёрқин исботидир.
Бу цивилизация инсониятга фақат муҳташам меъморий обидаларни эмас, балки бой қонунчилик, теран тафаккур ва олий ахлоқий қадриятларни ҳам мерос қилиб қолдирди.
Биз яхши биламиз ва бундан мамнунмизки, Ўзбекистон харитадаги оддий давлат эмас. У ислом цивилизацияси китобига ёзилган энг ёруғ саҳифалардан биридир.
Самарқанддан Бухорогача, Регистондан Имом Бухорий зиёратгоҳигача бўлган барча тарихий ёдгорликлар шу ҳақиқатни намоён этадики, бу замин инсоният илм-фани ва маънавий онги учун юксак зиё масканларини барпо этган буюк умматнинг меросидир.
Илм билан иймон ўртасидаги боғлиқлик ҳеч қачон сўнмайди, қолаверса, йўқолиб кетмайди ҳам. Биз илдизи пок, таъсири буюк ва манфаати абадий бўлган цивилизация — Ислом цивилизацияси ҳақида сўз юритмоқдамиз.
Ҳар бир буюк миллатнинг цивилизацион тарихи унинг кенг қамровли сарлавҳасидир.
Бугун ана шу буюк меросни ёдга олар эканмиз, бизнинг масъулиятимиз фақат ўтмиш билан фахрланишдан иборат эмас. Балки илм ва амал орқали, юксак исломий қадриятларга таянган ҳолда, цивилизация руҳини бугунги ҳаётимизда қайта жонлантиришдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг исломий, илмий ва маданий меросни қайта тиклаш, уни асраб-авайлаш ҳамда бутун дунёга танитиш борасидаги юксак саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этамиз.
Бу борада муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг хизматлари беқиёсдир. Аллоҳ таоло у кишининг саъй-ҳаракатларини муборак қилсин ва улар орқали эл-юртга манфаат ато этсин.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ислом олами, айниқса, Ислом олами уюшмаси билан мустаҳкам алоқаларини ҳам юксак баҳолаймиз. Бу ҳамкорлик Маккаи Мукаррамада жойлашган ташкилот бош қароргоҳи билан мунтазам давом этиб келмоқда.
Биз Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг очилишини ҳам ислом оламидаги энг йирик илмий ва маданий масканлардан бири сифатида юксак қадрлаймиз.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилганини ҳам юксак баҳолаймиз. Айниқса, ушбу марказда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини тадқиқ этишга қаратилган илмий ишлар алоҳида аҳамиятга эгадир.
Аллоҳ таоло ушбу илм масканларида хизмат қилаётган барча фидойиларга муваффақият ато этсин ва уларнинг хизматларини ажру савоб билан мукофотласин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентига ушбу муҳим ва улуғ ишларга бош-қош бўлиб келаётганлари учун алоҳида дуоларимизни билдирамиз.
Аллоҳ таолодан ушбу анжуманни барча иштирокчилар учун манфаатли қилишини, ундан кўзланган эзгу мақсадлар рўёбга чиқишини сўрайман.