Эсналганида нима учун қўл билан оғиз беркитилишини билиш зарур. Бунинг асослари етарли.
Бу ҳақда ҳатто Имом Бухорийнинг “Ал-адаб вал-муфрад” китобларида махсус “Эснаганда қўл билан оғизни тўсиш ҳақида” номли боб бор. Шу бобда келган ҳадислардан бирини зикр қилиб ўтамиз: Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар бирортангиз эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, чунки шайтон киради”. Эснаш келганида намоздан бошқа ҳолларда чап қўл орқаси билан оғиз тўсилади. Шунингдек, ҳадисларда эснаб туриб: “ҳооҳ” дейиш шайтоннинг яйрашига сабаб бўлиши ҳам баён этилган.
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).