2018 йил 20 апрель кунининг жума мавъизаси тезиси
بسم الله الرحمن الرحيم
ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ
Динимизда қўшничилик ҳақларига риоя қилиш муҳим ишлардан ҳисобланади. Зеро, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамланишида қўшниларнинг ўрни беқиёсдир. Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари деганда шариатимиз юзасидан қўшниларнинг бир-бирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган мажбуриятлари тушунилади. Қўшниларнинг мартабалари ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: اَلْجِيْرَانُ ثَلاَثَةٌ: جَارٌ لَهُ حَقٌّ وَاحِدٌ وَهُوَ أَدْنَى الْجِيْرَانِ حَقًّا، وَجَارٌ لَهُ حَقَّانِ، وَجَارٌ لَهُ ثَلاَثَةُ حُقُوقٍ وَهُوَ أَفْضَلُ الْجِيْرَانِ حَقًّا؛ فَأَمَّا الْجَارُ الَّذِي لَهُ حَقٌّ وَاحِدٌ فَالْجَارُ الْمُشْرِكُ لاَ رَحِمَ لَهُ وَلَهُ حَقُّ الْجِوَارِ، وَأمَّا الَّذِي لَهُ حَقَّانِ فَالْجَارُ الْمُسْلِمُ لاَ رَحِمَ لَهُ وَلَهُ حَقُّ الْإِسْلاَمِ وَحَقُّ الْجِوَارِ، وَأَمَّا الَّذِي لَهُ ثَلاَثَةُ حُقُوقٍ فَجَارٌ مُسْلِمٌ ذُو رَحِمٍ لَهُ حَقُّ الْإسْلاَمِ وَحَقُّ الْجِوَارِ وَحَقُّ الرَّحِمِ، وَأَدْنَى حَقِّ الْجِوَارِ أَلَّا تُؤْذِيَ جَارَكَ بِقُتَارِ قِدْرِكَ إِلَّا أَنْ تَقْدَحَ لَهُ مِنْهَا
(رواه الإمام البزار)
яъни: “Қўшнилар уч хил бўлади: биринчиси, битта ҳақи бўлган қўшни бўлиб, бу қўшниларнинг ҳақи энг оз даражада бўлган тоифасидир. Кейингиси, иккита ҳақи бўлган қўшни. Яна бири учта ҳақга эга қўшни бўлиб, бу қўшниларнинг ҳақи энг кўп бўлганидир. Битта ҳақга эга қўшни бу ўртада қариндошчилиги бўлмаган мушрик қўшнидир. Унда фақатгина қўшничилик ҳақи бор. Иккита ҳақи бўлган қўшни бу қариндош бўлмаган мусулмон қўшнидир. Унда мусулмонлик ва қўшнилик ҳақлари мавжуд. Учта ҳақга эга бўлган қўшни эса мусулмон, қариндош қўшнидир. У мусулмонлик ҳақи, қўшничилик ҳақи ва қариндошлик ҳақларига эга. Қўшничилик ҳақининг энг қўйи даражаси қозонингдаги овқатнинг ҳиди билан ҳам озор бермаслигингдир. Фақат унга ҳам овқатингдан берадиган бўлсанг ҳиди чиқса майли” (Имом Баззор ривояти).
Демак, қўшнилар асосан уч хил бўлади:
Бундай қўшнида фақат қўшничилик ҳақи мавжуд.
Бунинг ҳақлари икки томонлама: қўшничилик ҳақи ва мусулмонлик ҳақи.
Бундай қўшниларнинг ҳақи уч томонлама собит бўлади.
Қўшничилик ҳақи, мусулмонлик ҳақи ва қариндошлик ҳақи.
Исломда қўшничилик мажбуриятлари жуда ҳам кўп, аммо уларнинг барчаси қуйидаги тўртта асосга бориб тақалади:
Қўшнига озор етказиш шариатимизда қаттиқ қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "وَاللَّهِ لاَ يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لاَ يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لاَ يُؤْمِنُ،"قِيلَ: مَنْ يَارَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ:"الَّذِي: لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ،" مُتَّفَقٌ عَلَيهِ وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ "
яъни: “Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди” (деб уч марта айтдилар). Шунда эй Аллоҳнинг Расули, ким мўъмини комил бўлмайди? дейилди. Расулуллоҳ (сўзларини давом эттириб) “Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан омонда бўлмайдиган кимса”, дедилар, (Муттафақун алайҳ). Имом Муслим ривоятида эса “, Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан омонда бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди” дейилгандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда қуйидагича айтадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ : " قِيلَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، إِنَّ فُلاَنَةً تَقُومُ اللَّيْلَ وَتَصُومُ النَّهَارَ ، وَتَفْعَلُ ، وَتَصَّدَّقُ ، وَتُؤْذِي جِيرَانَهَا بِلِسَانِهَا ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لاَ خَيْرَ فِيهَا ، هِيَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ ، قَالُوا : وَفُلانَةٌ تُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ ، وَتَصَّدَّقُ بِأَثْوَارٍ ، وَلاَ تُؤْذِي أَحَدًا ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : هِيَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ
(رواه الإمام البخاري).
"яъни: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади, кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”, дедилар. Бояги кишилар: “Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл жаннат аҳлидандир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур ҳадиси шарифларда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни ҳурматларини сақлашлик нақадар зарур иш эканлиги таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиб, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди. Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.
Қўшнини ҳимоя қилиш ҳақида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ даврларидаги бир воқеани эслашни ўзи кифоядир.
Имом Абу Ҳанифанинг ичкиликка муккасидан кетган бир қўшниси бўлиб, у кечасини мастлик, ашула ва бақир-чақир билан ўтказар, унинг дастидан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кечалари хотиржам мутолаа қилолмасдилар. Лекин у киши бу ҳолатга сабр қиларди. Бир кеча негадир қўшнининг овози чиқмай қолди. Бу ҳолатдан ҳайрон бўлган имом тонг отгач, унинг уйига чиқса, йигит уйда йўқ эди. Одамлардан суриштириб билсалар, маст ҳолатда ушланиб, қамалиб қолганлигини айтишди. Бу хабарни эшитган заҳоти Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тўғри шаҳар ҳокими Исо ибн Мусо олдига бориб, бояги кишини озод этишларини илтимос қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳурмати ва кафолати туфайли маҳбус дарҳол озод қилинди. Йигит имомни бундай олийжанобликларини кўриб, тасанно айтиб, ичкиликни ташлаб Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга шогирд бўлди. Қўшнига кўрсатилган биргина оқилона ёрдам, ҳакимона муомала туфайли фисқу фужур ботқоғига ботган кимса яхши одамлар қаторига кирди. Имомимизни қўшни билан қилган муомалалари барчамизга ибрат ва намунадир.
3.Қўшнига эҳсон ва яхшилик қилиш.
Пайғамбармиз соллалоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилиш ва уни икром қилишга ундаб шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم).
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا أَبَا ذَرٍّ، إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً، فَأَكْثِرْ مَاءَهَا وَتَعَاهَدْ جِيْرَانَكَ
(رواه الإمام مسلم).
яъни: Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Абу Зар, агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ сол ва қўшниларингдан хабар ол” (Имом Муслим ривояти).
Қўшнига азият ва озор етказмаслик олижаноб кишиларнинг фазлилатидир.
Салафи солиҳларимиз буни яхши англаганлар ва унга амал қилганлар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
لَيْسَ حُسْنُ الْجِوَارِ كَفَّ الْأَذَى، وَلَكِنَّ حُسْنَ الْجِوَارِ اَلْصَبْرُ عَلَى الْأَذَى
яъни: “Чиройли қўшничилик азият бермасликни ўзида эмас, балки (унинг) азиятига сабр қилишдадир”.
Қўшничилик одоблари
Аллоҳ таоло барчамизга қўшниларимиз билан аҳл-иноқ ва гўзал муомалада бўлишни насиб айлаб, уларнинг ҳақларини шариатга мувофиқ ҳолда адо этиш бахтига муваффақ қилсин. Омин!
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси