Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 2 апрель куни Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) бош директори Уильям Свинг бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда ХМТнинг Марказий Осиё бўйича ҳудудий мувофиқлаштирувчиси Деян Кесерович, Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчи офисининг Ўзбекистон билан алоқалар бўйича дастурий ходими С.Тошбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди.
ХМТ бош директори У.Свинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ижобий баҳоланаётгани, хусусан, 26-27 март кунлари «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси муваффақиятли ўтганини қайд этди. Ўзбекистоннинг меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳуқуқий механизмларни амалга оширишга қаратилган муваффақияти алоҳида таъкидланган ҳолда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси юксак баҳоланди.
Учрашувда мигрантларга ёрдам кўрсатиш, миграция оқимини тартибга солишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги муносабатлар муҳокама қилинди. 2016 йилдан буён Ўзбекистонда одам савдоси ва экстремизмга қарши курашиш соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Тадбирда мамлакатимизнинг ХМТга қўшилиш масаласи бўйича фикр алмашилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ташкилот аъзоси бўлмаган ҳолда, ХМТ томонидан ўтказилаётган лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. ХМТга аъзо бўлиш мамлакатимизга ташкилотга аъзо давлатлар билан кўп томонлама ва икки томонлама ҳамкорлик қилиш учун кенг салоҳиятга эга бўлиш имконини беради.
ХМТ бош директори бугунги кунда мазкур нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш бўйича ҳуқуқий асос тайёрланаётгани тўғрисида хабардор қилинди. Ўз навбатида, Уильям Свинг Ўзбекистонни ташкилотга қабул қилиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
ХМТ делегацияси, шунингдек, мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.
Манба: ЎзА
АҚШнинг Сиэтл шаҳри мери Кети Б. Уилсон 2026 йил 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар мери томонидан имзоланган махсус прокламацияда қайд этилган.
Ҳужжатда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги, мамлакатнинг шу давр мобайнида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли ўзгаришлар йўлини босиб ўтгани алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, прокламацияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат экани, иқтисодиёт йиллик 5–6 фоиз атрофида ўсиб бораётгани, очиқ бозор ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани қайд этилган.
Ҳужжатда Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўли марказида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олувчи минтақага стратегик дарвоза вазифасини бажараётганига ҳам урғу берилган. Бу эса савдо, инвестиция, логистика, технология ва энергетика соҳаларида Сиэтл бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорлик учун катта имконият сифатида баҳоланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консуллиги фаолияти икки томон ўртасида одамлар, бизнес ва давлат идоралари даражасида узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.
https://t.me/Rasmiy_axborot_official