Исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Мурра, насаби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Килоб ибн Муррада бирлашади. Милодий 590 йилда туғилган. Отасининг исми Молик, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган. Бироқ Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг номига отасининг исми эмас, куняси қўшиб айтилган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ёшлигидан ўзида жанговарлик сифатларини мужассам қилган ҳолда ўсган эди. У киши камон отишни жуда кўп машқ қилар эди. Шу боисдан моҳир ва машҳур камончи бўлиб етишди. Эллик тўртинчи ҳижрий санада 83 ёшли Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу вафот этди. У киши Жаннатул Бақийъга дафн этилди. Жаннат башорати берилган ўнликдан охири вафот этганлари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу эди.
Аҳмедов Ориф
Сирдарё вилояти вакиллиги ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати