Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги кўмагида Индонезиянинг етакчи "SCTV" телеканалининг ижодий гуруҳи Самарқандга ташриф буюрди.
Индонезиялик журналистлар Самарқанд ҳақидаги иккита телекўрсатув учун материаллар тайёрлаш мақсадида қадимий шаҳарнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларида бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Индонезия Республикаси Парламенти Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Раҳмат Гобел билан учрашуви бўлиб ўтганди.
26 апрелда Жакарта-Тошкент йўналишидаги биринчи авиарейс орқали SCTV мухбирлари Ўзбекистонга 7 кунга келиши ва Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро каби қадимий шаҳарлар зиёрат туризм салоҳияти ҳақида телекўрсатувлар тайёрлаши режалаштирилганлиги маълум қилинган эди.
Аввал хабар берилганидек, шу йилнинг апрель ойида Индонезиянинг машҳур SCTV телеканали Ўзбекистон зиёрат туризми ҳақида кўрсатув намойиш этди. Кўрсатувда таъкидланишича, Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳияти Туркия сайёҳлик соҳаси билан рақобатлаша олади ва индонезияликлар учун янги альтернатив ва такрорланмас йўналиш сифатида кўрилмоқда.
Surya Citra Televisi (SCTV) Индонезиянинг 240 та шаҳрида эфирга узатилади, телеаудитория сони 160 миллион нафарга етади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати