Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июл, 2025   |   9 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:55
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
04 Июл, 2025, 9 Муҳаррам, 1447

Такфир – мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи таҳдиддир!

23.05.2023   1286   6 min.
Такфир – мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи таҳдиддир!

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади. Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади.

Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган. Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади.

Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ билади. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”. (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис). Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асаридаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Ҳанафийлик мазҳабида имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш (шаҳодат калимаси), қалб билан тасдиқлаш ҳисобланади. Ислом таълимотига кўра, гуноҳ содир этган одам, агар қилган ишини ҳалол деб ҳисобламаса, у кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Имом Абу Ҳанифа ўзининг “Фиқҳи акбар” асарида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад (с.а.в.) келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган. Дунё уламолари бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкин эканини ҳақида огоҳлантирадилар. Чунки исломда кофир бўлишлик билан ўта хатарли ҳолатлар юзага келади: у билан турмуш ўртоғи орасидаги никоҳ бузилади; болалари унинг қарамоғидан чиқади; вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади; ўша ҳолида ўлганда дўзахи ҳисобланади. Шу сабабли уламолар бировни кофирликда айблашдан ўзларини тийганлар ҳамда бошқаларни ҳам бундай ишдан қайтарганлар. Машҳур ҳанафий аллома, “Ал-баҳрур роиқ” номли асар муаллифи Ибн Нужайм таъкидлаган: “Агар кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлсаю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”. Шунингдек, уламолар куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш шариатга зид эканини ҳам таъкидлайдилар. Мисол учун, “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади” деган фатво чиқариш хато ҳисобланади. Аслида шариатга кўра, якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, ўзига тан олдириш лозим ҳисобланади. Афсуски, айрим ёшларимиз Интернет насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир.

Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавми-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охироқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда. Уларга эргашиб, беқарор ҳудудларга бориб қолган турмуш ўртоқлари, сингил ва фарзандларининг аянчли тақдирини “Меҳр” операциялари доирасида Ватанимизга қутқариб олиб келинган ожизалар ва гўдакларнинг кўз ёшлари ва аччиқ қисматида кўришимиз мумкин. Шу нуқтаи-назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

Занги ота жоме масжиди имом-хатиби Аблакулов Луқмон

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

16.07.2024   6765   2 min.
Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

 

Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.

 

Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД