1-савол: Мусофир киши қандай намоз ўқийди?
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Мусофир тўрт ракатлик фарз намозларни икки ракат қилиб ўқийди. Суннат намозлари ўз ҳолида тўрт ракат ўқийди.
2-савол: Мен Тошкент шаҳрида ўкийман, уйим эса Андижонда. Уйга уч кун ёки кўпроққа қайтсам намозларимни қаср қилиб ўқийманми (15 кундан камроқ тураман лекин ўзимни уйим)?
Жавоб: Сиз уйингизга борганингизда намозларингизни тўлиқ ўқийсиз. Фақат йўлда кетиш ва келиш чоғида мусофир бўласиз. Шунда намозларингизни қаср қилиб ўқишингиз мумкин.
3-савол: Мен ҳозир шаҳарда яшайман. Туғилиб, ўсган қишлоғимдаги уйимга борсам муқим ҳисобланаманми?
Жавоб: Киши ўз шаҳридан (қишлоғидан) кўчиб, бошқа бир шаҳарга (қишлоққа) бориб жойлашса, сўнг сафарга чиқиб ўзининг олдинги яшаган жойига борса ва у ерда ўн беш кун туришни ният қилмаса мусофир ҳисобланади. Намозни қаср ўқийди (“Ҳидоя”).
4-савол: Мусофирнинг маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз?
Жавоб: Маҳси таҳорат олингандан сўнг кийилган бўлса, кейинги таҳоратда унга масҳ қилиш мумкин.
Муғийра ибн Шўъба айтади: “Мен бир кеча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдим. Таҳоратларига идишдан сув қуйиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларини, икки билакларини ювдилар, бошларининг тўртдан бирига масҳ тортдилар, кейин мен маҳсиларини ечишда ёрдам бераман, деб уринган эдим, у киши: “Қўявер, мен маҳсимни таҳорат олиб кийганман”, дедилар ва маҳсиларига масҳ тортдилар (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Маҳсига масҳ тортиш муддати мусофир учун уч кеча-кундуз, муқимга эса бир кеча-кундуздир”, деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).
Маҳсига қилинган масҳни тўрт нарса бекор қилади:
Бундай ҳолатларда маҳсини ечиб, оёқни ювиш лозим бўлади.
5-савол: Сафарга чиққан одам намоз вақти кириб қолса, автобусда ўтириб намоз ўқиб кетса ҳам бўладими?
Жавоб: Намоз муҳим ибодат. Шу боис фарз намозларни узрсиз ўтириб ўқиб бўлмайди. Фақат кема, самолёт ва поездда ўтириб ўқишга фатво берилган, автобусда эса мумкин эмас.
Қуръони каримда: “Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доим) Аллоҳни ёд этинг! (Ёв хавфидан) хотиржам бўлсангиз, намозни (мукаммал) адо этингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо, 103), деб буюрилган.
6-савол: Сафарда ибодатга тегишли ҳукмлар ўзгаради, деб эшитдим. Илтимос, шу ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Динимизда сафар қилиш билан баъзи ибодатларга доир ҳукмлар ўзгаради. Тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилинади (икки ракат ўқилади), рўза тутмасликка изн берилади, маҳси муддати уч кунга узаяди, жума, икки ҳайит намозлари ва қурбонлик сўйиш вожиб бўлмайди. Озод аёлларнинг маҳрамсиз йўлга чиқишлари ман этилади (“Аттобия”).
7-савол: Мен темир йўлда тепловоз ҳайдайман, тепловозда таҳорат олиш имкони қийинроқ. Шунинг учун нам салфетка билан таҳорат қилсам бўладими;
Бизни ҳар 18 соат дам олганимиздан кейин ишга чақиради. Иш вақтимиз 12 соат. Шу вақтда биз 147 км йўл босамиз, шу масофани босганимизда тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиб ўқиймизми;
Тепловознинг ичида қиблани аниқ билсак ҳам қиблага қараб ўқишнинг иложи бўлмайди, сабаби техник жиҳозлар жойлашган қиблага қарадим деб ният қилиб ўқиймизми?
Жавоб: Аввало таҳорат олишнинг имкони бўлмаган вақтда унга таяммум бўлади. Таяммум сув топишнинг имкони бўлмаганида ёки сув билан таҳорат қилиш инсонга зарар қилганида таҳоратга ўриндош бўлади. Сиз бу ҳолда таҳорат олишга имкон қилишингиз керак.
Сиз айтган масофа сиз босиб ўтадиган йўлнинг бир тарафи бўлса унда сиз мусофир ҳисобланасиз ва ўз шаҳрингизнинг ҳудудидан чиққанингиздан сўнг то уйга қайтгунга қадар тўрт ракатли намозларни икки ракат қилиб ўқийсиз.
Қиблага юзланишнинг имкони бўлмаса қодир бўлган тарафига қараб намоз ўқийди
ЎМИ Матбуот хизмати
#xabar #haj2025
Жорий йилги ҳаж мавсуми ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Бугун, 3 июнь – Зулҳижжа ойининг 7 куни кечки пайтдан бошлаб зиёратчиларни Мино водийсига ташиш ишлари бошланади. 4 июнь – Зулҳижжа ойининг 8 куни барча ҳожилар Мино водийсида жам бўлишади.
Шу муносабат билан ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи штаби, шифокорлар жамоаси ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида Макка шаҳридаги меҳмонхонада умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси, ишчи гуруҳи раҳбари Содиқжон Тошбоев, муфтий – ҳаж делегацияси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, атташе Шуҳрат Амоний ҳамда шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов қатнашди.
Мутасаддилар меҳмонхоналардан Минога, у ердан Арафот, бу манзилдан эса Муздалифага ва яна Минога қайтишни тартибли ташкил этиш, муборак манзиллар ва чодирларда рисоладагидек ибодат қилиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар саломатлигига жиддий эътибор бериш, овқатланиш рационига амал қилиш, белгиланган тартибларга риоя этишни таъминлаш масалаларини айтиб ўтишди.
Айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва подшоҳлик талаблари, тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш кабиларга урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари учун янада масъулиятли дамлар бошланаётганини таъкидладилар. Шунинг баробарида ҳаж амалини динимиз талабларига мувофиқ адо этиш, шаръий масалаларда Фатво маркази фатволарига риоя қилиш, ўзбошимчалик билан иш тутишдан сақланиш, Мино ва Арафотдаги чодирларда уламоларнинг мавъизаларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, ҳожиларнинг ҳар бир дақиқасини тоат-ибодат, дуою зикр билан унумли ўтказиш кабиларни айтиб ўтдилар.
Йиғилишда бошқа ташкилий масалалар ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати