Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Аз-Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим

21.03.2018   11026   3 min.
Аз-Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим

Араблар ўзлари эътироф этади – агар хоразмлик аз-Замахшарий бўлмаганида улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди

Бизнинг тарих деганда, кўз олдимизда, аввало, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк аждодларимиз сиймоси гавдаланади. Яна қанчадан-қанча алломаларимиз бўлганки, уларни ҳар қанча фахр билан эсласак, арзийди. Кўҳна Хоразм заминида таваллуд топган, жаҳон фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома Абулқосим аз-Замахшарий ана шундай улуғ зотлардан бири бўлган.

1075 йил 19 мартда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида дунёга келган аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида кўп келтирилади. Тарихчиларнинг аллома ҳақида билдирган маълумотларига кўра, ёшлигида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли унинг бир оёғини кесиб ташлашади ва бутун умри давомида ёғоч оёқда юради.

ЎзА хабарига кўра, бу изтиробли воқеа сабабми ёки ўз табиати шундай бўлганми – ҳар ҳолда аз-Замахшарий болаликдан илмга чанқоқ эди. Илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, тенгдошлари орасида зўр истеъдодини намоён қилди. У мадрасада ўқитиладиган фанларни пухта эгаллашга киришди. Айниқса, араб тилшунослиги ва грамматикасига оид асарлар аз-Замахшарий фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.

Олим беш йил Маккада яшаб, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг шева ва урф-одатларини чуқур ўрганди. Кўплаб асарлар ёзди. Шулардан бири араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал фин-наҳв” (1121 йил) асаридир. Бу иш араб тилини ўрганишда йирик қўлланма сифатида шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади.

Шунингдек, олимнинг «Муқаддамат ал-адаб», “Жавоҳирул-луға”, «Ал-Муфассал», «Асос ал-балоға», “Ал-Асмо фил-луға” каби йирик асарлари дунё илм аҳли орасида ғоят қадрланади.

Араблар ўзлари эътироф этади – агар хоразмлик аз-Замахшарий бўлмаганида улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди. Маккада яшаган даврида аз-Замахшарий аксар вақтини Каъбада ўтказган. Ўшанда у доимо шеърият ихлосмандлари, толиби илм вакиллари, мухлис ва шогирдлар қуршовида бўлган. Кўпчилик ундан сабоқ олгани эътироф этилган.

Ўз даврида алломани яхши таниганлар ҳурмат юзасидан уни “Устоз уд-дунйа” (“Бутун дунёнинг устози”), “Устоз ул-араб вал-ажам” (“Араблар ва араб бўлмаганларнинг устози”), “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”), “Фахру Хваразм” (“Хоразм фахри”) дея аташган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ташрифи чоғида биз ҳақли равишда доимо аждодларимиз билан фахрланиб келишимизни таъкидлар экан, айни пайтда ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз кераклигини алоҳида қайд этди. Дарҳақиқат, даҳолигу жасурликда дунёни лол қолдирган бобокалонларимиз биз учун ҳамиша фахру ғурур манбаи бўлган. Давлатимиз раҳбари айтганидек, аждодлар меросини ўқиб-ўрганиш, буюк алломаларга муносиб ворис бўлиб, улар сингари маънавий камолотга интилиш бугунги авлодлар учун муқаддас бурч, демакдир.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ИСЛОҲОТЛАР БАҲОСИ одамлар ҳаётидан йўқотилган машаққатлар билан ўлчанади

14.08.2026   69152   1 min.
ИСЛОҲОТЛАР БАҲОСИ одамлар ҳаётидан йўқотилган машаққатлар билан ўлчанади

Президентимиз 2021 йилда "Бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган янги Ўзбекистон эмас" деган эди. Бу иқрор ислоҳотни тайёр ғалаба сифатида кўрсатишдан кўра масъулиятлироқ. Чунки мавжуд камчиликни тан олмаган давлат уни тузатиш учун ҳам чора изламайди.
Бу гал биз назарда тутаётган "йўл" сўзи шунчаки метафора эмас. Гап мамлакатнинг қишлоқ йўлларидан тортиб, халқаро автомагистралигача, темир йўлларидан метрогача, ҳаво қўналғасидан транзит йўлагигача бўлган ҳаракат тизими ҳақида боради. Аниқроғи, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган энг муҳим янгилик – йўлни алоҳида қурилиш объекти эмас, инсон, иқтисодиёт ва давлатни ҳаракатга келтирадиган яхлит тизим сифатида кўра бошлагани ҳақида.


Газетани юклаб олиш

Абдулҳамид Мухторов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Зиё" медиа маркази директори
 

Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2026 йил 14 август, 164-сон

МАҚОЛА