Ҳар гал Масжиди Ҳаромга борганимда кўпчиликнинг қўлида Қуръон кўраман. Айниқса, Рукнул Яманий тарафга қараган, икки қаватли салқин бўлмалар асосан маҳаллий араблар билан тўлади. Уларнинг деярли ҳаммаси устунлар тагига тахлаб қўйилган Қуръон китобларига “ҳужум қилиб”, намоз вақтигача тиловат билан машғул бўладилар.
Она тили арабча бўлмаган кишилар арабларга ҳавас қилиб, Қуръонни тушуниш улар учун мушкул эмас деб ўйлашади. Бу фикр кўпам тўғри эмас. Араблар, албатта, бу имтиёз-имкониятга эга, бироқ бу ўринда бошқа бир муаммо мавжуд, бу уларнинг Қуръонга нисбатан беписандлигидир.
Маълумки, билмайдиган ва билмаслигини биладиганларда бир кун келиб билиш, ўрганиш имкони бор. Лекин билмагани ҳолда ўзини билағон ҳисоблаганларнинг ҳеч нарса ўргана олмаслиги ҳам бор гап.
Ҳаж сафарида юрган кунларим эди. Бир куни Қуръон ўқиб ўтирсам, бир оят чиқиб қолди. Оятнинг руҳи-дилга нақш бўлгудай маъносидан ҳайратга тушдим. Юз-кўзидан араб миллатига мансуб экани аён бир кишини синаб кўрмоқчи бўлдим. Оятни ўқиб, бир сўз маъносини сўраган эдим, маъноси нега керак, дегандай беҳис қараш билан жавоб берди. У менинг Муқаддас каломни тушуниш истагимдан ажабланган, бу – даҳшат эди. Арабнинг билиш-билмаслигини аниқлай олмадим. Маълум бўлгани шуки, у ҳам милёнларча турдошлари каби Қуръонни табаррукан талаффуз қилиниб, токчага қўйиб қўйиладиган муқаддас ашё, деб биларди.
Бу воқеадан кейин атрофдагиларнинг Қуръонга бўлган муносабатларини диққат билан кузата бошладим. Кузатганим сари ташвишим минг чандон орта борди. Одамлар Қуръонни шунчаки тиловат қилишар, кейин яна токчага жойлаб қўйишарди.
Тиловат қилаётганлардан бирортасининг юзида азоб оятининг ваҳми, раҳмат оятининг қувончи, жаннат ҳақида сўз борадиган оятлар севинчи, дўзахдан гапириладиган оятлар даҳшати каби аломатлар кўринмас эди. Кўпчиликнинг ҳолат-атвори ва ўзини тутишида Қуръондан мутаассирлик йўқ эди мутлақо.
Сўзимнинг исботи тариқасида бир воқеани келтираман.
Ҳаром масжиди. Жума намози пайти. Тумонат одам. Игна ташласангиз, ерга тушмайди. Бир киши оёғини охиригача кериб, чордона қурволган кўйи икки кишилик жойни эгаллаган, ёйилиб ўтирибди. Биров яқин келаётганини кўрса, ёнимга келиб ўтирмасин деган хавотирда янаям ялпайиб, ёйилиб олишга ҳаракат қилади. Кечикканлар, жамоат намозга турганда жой топишга умид қилиб, дақиқаларча оёқда кутардилар. Намозга турилгач, мен жойимни икки ўспиринга бердим. Ўзим олдинги сафда ёйилиб ўтирган бояги кишидан барча узр жумлалари ва назокат калималарини ишга солиб, бир оз жой беришини илтимос қилдим. У эса юзини тириштирганча қўпол оҳангда рад этди. Ваҳоланки, ҳалигина шу одам кўз ўнгимда бир соатга яқин тебраниб-тебраниб Қуръон тиловат қилган эди. Ўшанда яна бир киши келса-ю, унга жойимни бериб, ўзим пешин намози билан кифоялансам, шояд шунда бу одамнинг кўнглида инсонийлик туйғулари уйғонса, деб астойдил умид қилдим. Аммо ҳеч ким келмади.
Намоз ўқиш осон, намознинг моҳиятини ҳаётимизга татбиқ қилиш қийин;
Қуръон ўқиш осон, Қуръоний ахлоқ билан безаниш жуда-жуда мушкул;
Ҳажга бориш осон, ҳожи бўлиш, Одамдайин одам бўлиш осон эмас.
Қуръонни тафаккур, тадаббур ва тазаккур қилиш борасида нега тўхталганим, ўйлайманки, энди ойдинлашди.
Ахир бекорга Қуръонда: “Ахир, улар бу Сўзни (Қуръонни) тафаккур қилиб кўрмадиларми...?” дейилмаган (Мўминун, 68).
“Ирфон” тақвимидан
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.