Яҳё ибн Аюб айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яхши кўрадиган бир йигит бор эди. Бир куни кечқурун ўша йигит хуфтон намозини ўқимасдан қаёққадир кетди. Йўлда бир аёл унга рўпара келди. Аёл ўзини унга таклиф қилди. Йигит аёлга маҳлиё бўлиб, унинг ортидан эргашди. Икковлари аёлнинг эшиги олдига етиб боришганда, йигит тўхтаб, ўйлай бошлади. Хаёлига
إِنَّ الَّذِينَ اتَّقَواْ إِذَا مَسَّهُمْ طَائِفٌ مِّنَ الشَّيْطَانِ تَذَكَّرُواْ فَإِذَا هُم مُّبْصِرُونَ
“Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар”. (Шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса, илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.) (Аъроф, 201) ояти келди. Йигит шу оятни тиловат қилди-да, ҳушидан кетди. Буни кўрган аёл қичқириб юборди.
Йигитнинг кекса отаси бор эди, дарҳол унга хабар қилинди. Отаси етиб келгач, ўғлини кўтариб, ҳовлига олиб кирди ва то ўзига келгунича муолажа қилди. Йигит ҳушига келгач, отаси ундан: “Сенга нима бўлди, ўғлим?” деб сўради. Ўғил: “Отажон, сўраманг!” деди. Ота қўярда-қўймай ўғлидан сўрайверди. Ноилож ўғил отасига бўлган воқеани гапириб берди ва юқоридаги оятни тиловат қилди. Оятни ўқиб бўлиши билан баланд овозда бақирди-да, жони узилди.
Отаси ўғлини дафн қилиб бўлиб, бўлиб ўтган ишларни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга айтиб берди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йигитнинг қабри тепасига келиб турдилар ва исмини айтиб чақирдилар. Кейин “Эй фалончи, Аллоҳ таоло: “Роббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор”. (Қиёмат куни олам Парвардигорининг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. “Иккин жаннат”нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат, гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни, боғлари билан иккинчи жаннатлари - боғлари орасида сайр қиладилар.)” деган деб нидо қилдилар. Шунда қабр ичидан: “Дарҳақиқат, Роббим менга ўша икки жаннатни берди, эй Умар!” деган нидо келди”.
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказилиб келинаётган намунавий-амалий тадбирнинг навбатдагиси Бандихон туманида ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари Абдухалил домла Абдуназаров бошчилигида ўтказилган тадбирга Сурхондарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Бандихон туманидаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, Ҳаж-2024 зиёратчилари ва маҳалла раислари таклиф қилиниб улар иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар, жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар, ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган умумий ҳисобда 30 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар
Сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган хайрли ишлар”, “Меҳр-оқибат ва шукроналик фазилати”, “Тинчлик ва осойишталик қадри” ва “Масжидларни обод қилиш” каби долзарб мавзуларда маъруза қилиниб, бир юз ўттиз беш нафардан ортиқ намозхон қамраб олинди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Бандихон тумани имом-хатибларининг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Сурхондарё вилояти туманлар имом-хатиблари иш самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳнинг фаолияти давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
матбуот хизмати