بسم الله الرحمن الرحيم
ҲАНАФИЙ – МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ
Муҳтарам биродарлар! Ислом динининг аҳли сунна вал жамоа йўналишида тўртта машҳур мазҳаб бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бизнинг диёримиздаги мусулмонлар ҳанафий мазҳабига амал қиладилар.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар. Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия каби юртларда кенг тарқалган. Шу жумладан бизнинг минтақамиз мусулмонлари ҳам ҳанафий мазҳабига амал қилиб келадилар.
Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарашлари бу қадар ривож топиб, кенг ҳудудга ёйилишида юртимиздан чиққан алломалардан Абу Ҳафс Кабир, Бурҳониддин Марғиноний, Садруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий каби алломаларнинг ўрни беқиёсдир.
Ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий Куфа шаҳрида ҳижрий 80-санада таваллуд топдилар. Бу зотнинг илмлари, тақволари, ибодатлари, саховатлари ва ҳоказо сифатлари барчага маълум ва машҳур бўлиб, бу ҳақда кўплаб мақола ва китоблар ёзилгандир. Қуйидаги ҳадисдаги башорат Имоми Аъзам р.ҳ.га тегишли эканлиги ҳақида уламолар иттифоқдирлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَوْ كَانَ الدِّينُ عِنْدَ الثُّرَيَّا لَذَهَبَ بِهِ رَجُلٌ مِنْ فَارِسَ"
(متفق عليه)
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в марҳамат қиладилар: “Агар дин Сурайёда бўлганида уни форс ўғлони олиб тушар эди”. Шундай экан биз у зотнинг шахсиятларига тўхталмасдан асосан, у зотнинг мазҳаблари ҳақида сўз юритмоқчимиз.
“Мазҳаб” сўзи юрадиган йўл деган маънони билдиради. Истилоҳда эса, бир олим ёки илмий мактабнинг тартибга солинган услуб ва фикрларининг мажмуасига мазҳаб дейилади. Дунё мусулмонларининг ярмидан кўпроғи айнан ҳанафий мазҳабига амал қилишларининг сабаби ундаги мўътадиллик ва енгилликдир. Имоми Аъзам р.ҳ. шаръий далиллардан масалалар чиқаришда фақат ўзлари ёлғиз бўлмаганлар, балки маълум бир мартабаларга етган бир нечта шогиртларининг маслаҳат ва машваратлари билан чиқарилган. Абу Ҳанифа р.ҳ маълум бир мақомга чиққан шогирдлари ҳақида шундай деганлар: “улар ўттиз олти киши бўлиб, йигирма саккизтаси қозиликка ярайди, олтитаси фатво беришга салоҳияти етарли ва иккитаси яъни, Абу Юсуф ва Зуфар эса қози ва муфтийларни тарбиялай оладиган даражада эди”.
Мазҳабимизга тегишли китоблар икки услубда ёзилган бўлиб, биринчиси, ўқувчига енгил ва тушунарли бўлиши учун далилларсиз масалаларнинг ўзи ёзилган. Иккинчиси эса, ҳар бир масала ўз далили билан бирга ёзилган. Қандай услубда ёзилмасин мазҳабимиздаги ҳар бир масалани шаръий далили бор. Бунга мисол тариқасида Мулла Али Қорининг “Мухтасарул виқоя” китобига ёзган икки жилдли “Шарҳи ниқоя” номли асарларини, шунингдек, Покистонлик Зафар Аҳмад Усмонийнинг йигирма бир жилдли “Эълоус сунан” номли асарларини келтириш мумкин.
Имоми Аъзам р.ҳ. ибодатга доир кўплаб масалаларда динимизнинг руҳига монанд енгиллик йўлини тутганлар. Қуйида шуларга айрим мисоллар келтириб ўтамиз:
Мазҳабимиз ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.
Афсуски, мустақиллик йилларида динимизга берилган имкониятларни суистеъмол қилган баъзи ёт фирқалар жамиятимиз ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини “соф ислом таълимоти ҳимоячиси” деб номлаган оқим бошлаб берди.
Бу оқим ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ўз домларига ҳали ҳаёт мазмунини англаб етмаган, ғўр ёшларни торта бошладилар. (Чунки умри давомида бир мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди.) Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишнинг кераги йўқ, Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди.
Оқим тарафдорлари намозда “Фотиҳа” сурасидан сўнг “омин” лафзини баланд овоз билан айтиш, “рафъул-ядайн”, яъни, рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар.
Натижада, мусулмонлар орасида ғоявий жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммалиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонларининг ўз ота-боболари танлаган бир мазҳабга эргашишлари муҳимдир.
Аллоҳ таоло юртимиз мўмин-мусулмонларини аҳил-иноқликда яшаб, мазҳабимизни яхши ўрганиб, унга амал қилмоқликларига муваффақ айласин. Омин!
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД