Маълумки, 2018 йил 5 мартда Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Қарорини имзолади. Унга кўра меҳнат мигрантлари учун имтиёзли билетлар махсус кассалар орқали сотилади.
2018 йил 1 апрелдан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этади, темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов бир йилда бир марта амалга оширилади. Имтиёзли билетларни сотиш тартиби 2018 йил 5 мартдаги 3584-сонли Президент Қарори билан тасдиқланган Тартибга кўра амалга оширилади.
Имтиёзли билетни қандай сотиб олиш мумкин?
Маълумки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари тузилмасида умумий 300 штат бирлигида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқаролар билан ишлаш секторларини ташкил этилади. Секторлар ходимлари уйма-уй юриб вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқиб кетишни режалаштираётган фуқароларни аниқлайди ҳамда улар билан чет элга хавфсиз чиқиш ва имтиёзли тарифларда темир йўл ва авиачипталар сотуви механизми масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга оширади.
Потенциал меҳнат мигрантлари темир йўл ва авиачипталарни имтиёзли тарифларда харид қилиш олдидан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларни имтиёзли тарифларда чипта тақдим этишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги электрон маълумотлар базасига рўйхатга олинади.
Ташқи меҳнат миграциясига мурожаат қилиш кунида фуқаро маълумотлар базасида бўлғуси иш жойи, йўл маршрути ва кетиш истагидаги санаси кўрстаилган ҳолда қайд этилади.
Агентлик ўша куниёқ фуқаро ҳақидаги маълумотларни валюта ҳисоби очиш учун ва махсус “VISA-migrant” карталари бериш учун “Алоқабанк”га ва агентлик қошидаги темир йўл чипталари ва авиабилетларни бронлаш ҳамда сотишга ихтисослашган кассаларга йўллайди.
Касса бир иш куни ичида билет брон қилиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” ёки “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га буюртма беради. Йўловчи ташувчи бир иш куни ичида билетни бронлаши лозим.
Бронлашга оид маълумотларни олгач, касса икки иш куни ичида фуқарони билет сотиладиган манзил ва кетиш санаси ҳақида хабардор қилади.
Маълумотларни олган Ўзбекистон фуқароси ихтисослашган кассага мурожаат қилади, касса ўша куниёқ имтиёзли билет (20% чегирмали) ва 300 минг сўмли чегирмани ҳисобга олган ҳолда билет сотиши шарт. “Алоқабанк” меҳнат мигрантига бир иш куни ичида валюта ҳисоб рақами очади ва VISA-migrant пластик картасини беради. Карта минимал комиссияга ва нолли суғурта депозитига эга бўлади.
Умумий жамланганда, тасдиқланган схемага кўра, имтиёзли билетни расмийлаштиришга етти иш кунидан кўп вақт кетмаслиги лозим.
“Ўзбекистон темир йуллари”да вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тегишлидир. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 42-рақамли Қарори билан авиа ва темир йўл чипталарига имтиёзли тарифлар жорий этилган.
Кўриниб турганидек, меҳнат мигранти мазкур темир йўл ёки авиабилетни 20% чегирма билан ва яна 300000 сўм арзонга олиши мумкин.
Билет сотиб олиш жараёни мобайнида ҳаёт ва соғлиқни суғуртасини расмийлаштириш ҳам мумкин. Бундан ташқари, миллий йўловчи ташувчиларнининг хорижга вақтинча ишлашга чиқувчилар олдидаги масъулиятини суғурталаш механизми жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек…
Меҳнат мигрантлари транспорт ва бошқа харажатлар учун “Ипотека-банк” орқали 1000 АҚШ долларигача бўлган кредит олишлари мумкин. Кредитларни (Western Union, Contact ва бошқа шу сингари) халқаро тўлов тизимлари орқали олиш ва тўлашнинг қулай механизмларини жорий этиш режалаштирилган.
Меҳнат мигрантлари учун рус ва бошқа тилларга ва ишлаб чиқариш касбларига ўқитиш бўйича курслар, жумладан бепул курслар ташкил этилади. Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Кореядаги консуллик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари ва фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланадиган ходимлар иш олиб боради.
Шу йилдан бошлаб автобусда халқаро йўловчи ташишга ихтисослашган компания фаолият юрита бошлайди. Компания учун 100 дона автобус харид қилинади ва улар Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан хорижга қатнайди.
Манба:mehnat.uz
1. Автомобилни бошқариш бўйича етарли малакага эга бўлгандагина ҳайдаш керак.
Чунки машина ҳайдашни мукаммал ўрганмай туриб, йўлга чиқиш одамларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишга олиб келади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқдур”, дедилар (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).
Ислом ҳар қандай кўринишдаги зулмни ҳаром қилган. Инсонларнинг туғилишидан то ўлимигача ва ҳатто вафотидан кейин ҳам зарар этказишдан қайтаради.
2. Мунтазам равишда машинага эътибор бериш, ҳайдашдан олдин текшириш лозим.
Аллоҳ таоло: “...ғофиллардан бўлма” (Аъроф сураси, 205-оят), “Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такаасур сураси, 8-оят) деб марҳамат қилган.
Инсон завқланадиган: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, турар жой, машина, соғлик каби неъматларнинг ҳар бири учун Қиёмат кунида жавоб беради.
3. Хавфсизлик камарини тақиш талаб этилади.
Албатта, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир. Бироқ, динимиз сабаб ўлароқ аввало хавфсизлик чораларини кўришни, кейин Аллоҳга таваккул қилишни буюради. Тажрибаларда хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса пайтида ҳалокатнинг даржасини енгиллаштириши ва ҳайдовчини даҳшатли тўқнашувдан ҳимоя қилиши кўп кузатилган.
4. Инсон қадр-қимматининг улуғлигини унутмаслик.
Бу эса ҳайдовчини ҳайдашда жуда эҳтиёт бўлишга чақиради, Аллоҳ таоло Ўз китобида таъкидлаганидек, “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида сураси, 32-оят).
5. Рухсат этилган даражадаги тезликка риоя қилиш.
Белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмаслик бахтсиз ҳодисалар ва офатларга, кўп ҳолатларда ўлимга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундан қайтаради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар
6. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва уларни бузмаслик.
Ҳатто йўл бўш бўлса ҳам сабрсизлик қилмаслик, шошилмаслик лозим. Озгина сабр қилмаслик ўлим ёки оғир жароҳатни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ўз табиатига кўра сабрсиз ва ҳамма нарсани тезда амалга оширишни хоҳлайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир” (Анбиё сураси, 37-оят), “Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси, 11-оят).
7. Эътиборни чалғитадиган нарсалар билан машғул бўлмаслик. Масалан, мобил телефондан тез-тез фойдаланиш, баланд овозда мусиқа эшитиш ва ҳоказо.
Британиялик психолог ва профессор доктор Саймон Мурнинг ўтказган тадқиқотига кўра, тез ва баланд ритмли қўшиқлар ҳайдовчини қўшиқ ритмига мос келадиган тезликни оширишга сабаб бўлади.
8. Уйқусираб ёки узоқ вақт уйқусиз қолганда машина ҳайдамаслик.
9. Автомобилни қўйиш учун тўғри жой танлаш, чунки йўл ҳаммага тегишли. “Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм қилиб олса, Аллоҳ унга қиёмат куни бўйнига етти қават ерни осиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим. Имом Аҳмад. Абу Яъло. Абу Авона. Имом Ҳоким. Байҳақий).
Аллоҳ таоло йўлларимизни равон ва бехатар қилсин. Биздан бошқаларга ва ўзгалардан бизга озор етишидан Ўзи асрасин.
Даврон НУРМУҲАММАД