Оила ва фарзанд тарбияси масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада уламоларимиз насиҳатлари, аждодларимиз ўгитлари, айниқса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари катта аҳамият касб этади. Зеро, Ул зотнинг оила ва фарзанд тарбияси масаласида айтган сўзлари ва қилган ишлари ҳар биримиз учун сув ва ҳаводек зарур. Чунки бугунги кунда фарзанд тарбияси, оила масалаларида аҳоли орасида кўпроқ тушунтириш ишлари олиб бориш лозим бўлиб турибди.
Тарбия масаласи азалдан ниҳоятда муҳим омил ҳисобланиб келган. Ислом шариатида ҳам фарзанд тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилган, хусусан, қизлар тарбиясига. Чунки қиз ва ўғил болаларни тарбия қилиш илк дамларданоқ алоҳида эътибор, ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Бу борада йўл қўйилган кичик бир хато ҳам вақти келиб жуда катта афсус-надоматларга сабаб бўлиши мумкин. Бандаларининг ҳалол ва пок яшашини кўзлаб, улар фойдасига “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…” деб Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 72-оятида марҳамат қилган.
Башарият ҳидоятчиси, инсоният муаллими, улуғ мураббий, намунали оила бошлиғи, умматнинг ҳақ йўлда барқарор бўлишида беқиёс ҳисса қўшган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”, деб ота-она учун фарзанд тарбияси қанчалик муҳимлигини баён қилганлар. Фарзанд тарбиясида ҳикояларнинг ўрни беқиёс. Қисса болани узоқ вақт ўзига жалб қилади, унинг ақли ва тафаккурини чархлайди. Ҳикояда болага роҳат ва лаззат бўлгани учун боланинг онгига таъсир қилувчи услубларнинг аввалгиси ҳисобланади. Набавий қиссаларда болалар учун муҳим бўлган кўплаб фойдаларни топамиз. Бу ҳикояларни Набий алайҳиссалом ўзининг ҳузуридаги катта-ю кичик саҳобаларига сўзлаб берардилар. Набий алайҳиссалом ўтган замонларда бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берган пайтларида, саҳобалар у зотнинг сўзларига эътибор билан қулоқ солардилар. Чунки қиссаларда улар ва қиёматга қадар келадиган кишиларнинг барчаси учун панд-насиҳат бор эди.
Шу ўринда муҳим бир мулоҳаза бор. Албатта, Набий алайҳиссаломнинг қиссалари ўтган замонларда бўлиб ўтган, ишончли ҳақиқатга суянади. Бу қиссалар чўпчак ва афсоналардан йироқдир. Бу тарихий қиссалар боланинг руҳига, олдинга интилиш ва шижоатни зиёда қилиш каби ишончни ҳосил қилади. Болада манбаи қуримайдиган, доимо оқиб турадиган, ислом шиорларини ва бемаъни бўлмаган чуқур ҳиссиётларни пайдо қилади.
Албатта, дунёнинг буюк олимлари ва машҳур солиҳ кишилар қиссалар боланинг нафсида фазилатларни пайдо қиладиган энг яхши воситадир дея зикр қилганлар. Улар болани машаққатларни кўтаришга, вайронкор ғоялардан нафратланишга ва буюк мақсадларга ундайди.
Баъзи уламолар: “Ҳикоялар Аллоҳнинг қўшинларидан бўлган бир қўшиндир. Аллоҳ бу қўшин билан авлиёларининг қалбларини мустаҳкамлаб қўяди”, деганлар. Бу гапни Аллоҳнинг китобидаги қуйидаги оят тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 120-оятида айтади: “Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бунда (сура) сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди”.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Менга кўп фиқҳдан кўра уламолар ва уларнинг яхши амаллари ҳақидаги ҳикоялар суюклироқдир. Чунки бу ҳикоялар қавмларнинг одобларидир”, деганлар. Бу гапни Аллоҳ таолонинг китобидаги қуйидаги оят тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 111-оятида шундай деб марҳамат қилади:
“Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди”
Ҳа, ҳаётда рўй берган бу каби ибратли қиссалар бола қалбидан чуқур ўрин эгаллайди. Инсон табиатида кимгадир эргашиш ва тақлид қилиш сифати бор. Агар унга солиҳ инсонлар ҳақида айтиб берилса, келажакда албатта уларга ўхшашга ҳаракат қилади. Ўз навбатида ота-она ҳам фарзандига бундай услубда тарбия бериши учун илм-у маърифатли бўлиши керак.
Муҳаммад МИРМАҲАМАТОВ
ЎМИ Матбуот хизмати
Муносабат
Аввало, барча юртдошларимизни хурсандчилик айёми – Қурбон ҳайити байрами билан самимий муборакбод этаман!
Мамлакатимизда Қурбон ҳайити нафақат диний, балки умуммиллий байрам сифатида ҳам кенг нишонланади. Зеро, ушбу кунда юртдошларимиз бир-бирини ҳайит билан самимий табриклаб, ўзаро совғалар улашади, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия ишлари амалга оширилади.
Шу маънода, ушбу қутлуғ байрам инсонпарварлик ва бағрикенглик рамзи бўлиш билан бирга, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатлик каби фазилатларни ҳам ўзида мужассам этади.
Юртимизда ҳайит байрамини муносиб кутиб олиш ва ўтказиш, шунингдек, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқимизнинг кўп асрлик анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун барча зарур тайёргарликлар кўрилади, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида том маънода байрам шукуҳи ҳукм суради.
Кези келганда юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя асосида барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилиб, соҳа фаолияти самарадорлиги янги босқичга чиқарилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан охирги йилларда юртимизнинг ҳар бир гўшасидаги улкан бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши якунига етиб бормоқда, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси қад ростламоқда.
Яқинда Президентимиз ушбу мажмуага ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, зарур кўрсатмалар берди. Зеро, бу давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра билиши, улуғ аждодларга юксак эҳтиромининг ёрқин ифодасидир.
Эътиборга сазовор жиҳатлардан яна бири шуки, Президентимиз қўнғироқ қилиб, ҳожиларимиз учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Бундан ҳожиларимиз беҳад мамнун бўлди, эътибор ва эҳтиромдан хурсанд бўлган зиёратчиларимиз кўзларида ёш билан дуо қилдилар.
Арафот майдонида, дуолар мустажоб бўладиган айни онларда Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригини катта ҳаяжон билан эшитдик. Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб, дуолар қилдик.
Айниқса, табрикда ҳожиларимиз алоҳида эслаб ўтилгани зиёратчиларимизни чексиз қувонтирди.
Барча юртдошларимиз қатори ҳожиларимиз ҳам ушбу табрикдаги олижаноб ғоя ва ташаббусларга бефарқ эмаслигини изҳор қилди.
Табрикдаги “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб ғоя барча жабҳалардаги ислоҳотларнинг асоси эканини алоҳида эътироф этиш ва ҳожиларимизнинг ташаббуслари ҳам ушбу ғояга ҳамоҳанг эканини қайд этиш лозим.
Бу Арафот майдонида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳожиларимизнинг мурожаатида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, мазкур мурожаатда ҳожиларимиз юртга қайтгач, “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” деган эзгу ташаббусни бир овоздан илгари суриб, Учинчи Ренессанс яратувчиларини тарбиялашда Президентимизга кўмакчи бўламиз, деб ваъда берди.
Шунингдек, Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, маҳаллаларда тинчлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, халқимизни маънан юксалтириш, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш кабиларни тарғиб этиш борасида фаол бўлишни айтиб ўтди.
Ўз навбатида, ҳожиларимиз китобхонлик маданиятини юксалтириш, илм-маърифатга ҳомийликда намуна бўлиш, тўйлар, оилавий тадбирлар ва маросимларда меъёрга амал қилган ҳолда камхарж ва ихчам ўтказишда бош-қош бўлиш, маҳаллалардаги нотинч оилалар, шу жумладан, тарбиясида муаммоси бор ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳудудлардаги мактабларнинг таъмирга муҳтож қисмини жорий таъмирлаш ишларига кўмаклашиш, хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш каби ташаббусларни қатъий амалга оширишга аҳд қилди.
Азиз юртдошлар! Шубҳасиз, ушбу шукуҳли кунлар том маънода барчамиз учун катта байрам, хурсандчилик онларидир. Мўътабар манбаларда саодатли дамларни шоду хуррамлик билан ўтказиш бўйича кўп тавсиялар келган. Уламоларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидан”, дейишади. Демак, Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим. Айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатишга шошилишимиз лозим.
Ушбу фазилатли кунларда муборак манзилларда туриб, она Ватанимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга янада фаровон ҳаёт, фарзандларимизга бахту саодат сўраб, дуолар қилмоқдамиз!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий