Инсон яшаши учун озгина нарса еса кифоя. “Ошқозонингизнинг бир қисмини овқатга, иккинчи қисмини сувга, учинчи қисмини эса ҳавога тақсимланг” (ҳадис)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифини ҳар бир мусулмон ёдда тутиб, унга амал қилса, ўзининг соғлигини мустаҳкамлайди, умри узаяди ва ҳар доим кайфияти аъло бўлади. Шунингдек, инсон замонавий хушбўй мева-сабзавотлардан еб парҳез қилиб юрса ҳам анча фойдали бўлади.
Кўплаб тадқиқот ўтказган олимлар келган хулоса шу бўлдики, чуқур ва тўлиқ нафас олиш ошқозон лиқ тўла бўлмаган вақтда хийла осон бўлар экан. Чуқур олинмаган нафас ҳаётнинг қисқаришига сабаб бўларкан.
Танани углекисло газдан тозалаш учун қон ўпкага келади. Аммо одамнинг нафас йўли керагича очиқ бўлмаса (бунинг оқибатида кислород ўпкага зарурий миқдорда етиб келмайди ) жараён секинлашади. Натижада қон ҳаётий эҳтиёж бўлган кислород билан керагича таъминланмайди ва ўша ҳолатида танага қайтади. Бу эса инсон танасига зарар етишига сабаб бўлади.
Бир дақиқа ичида биз 16 марта нафас олиб, нафас чиқарамиз. Ҳар нафас олганимизда танамизга ярим литр ҳаво киради. Демак, инсон бир кеча-кундузда 23 240 марта нафас олиб, нафас чиқаради. Бунинг натижасида танамизга таркибида кислород бўлган 11 620 литр ҳаво киради.
Бироқ тўла-тўкис нафас олиш чуқур нафас олингандагина ҳосил бўлади. Ошқозон ҳеч нарса сиғдирмайдиган даражада тўла бўлса, чуқур нафас олиш имкони бўлмайди ва танамизда айланаётган қонни тозалаш учун зарур бўлган кислороднинг бир қисмигина кира олади, холос. Оқибатда танада турли касалликлар пайдо бўлади.
Аён бўлаётирки, биз касалликни ўз пулимизга сотиб олаётган эканмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни жуда ҳам аниқ қилиб тушунтирганлар: “Одам авлодлари учун ошқозонини тўлдиришдан-да хунукроқ иш йўқ”.
Шу ўринда мана бу ибратли воқеа ёдга тушади. Аллоҳнинг Расулининг ҳузурига қимматбаҳо совғалар билан бир малакали табибни юборадилар. Пайғамбар алайҳиссалом табибга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб уни ортига қайтариб юборар экан, унга бундай дейдилар: “Биз оч қолмасдан туриб овқат емаймиз, умуман, биз тўйиб овқат емаймиз, шунинг учун табибга муҳтож бўлмаймиз”.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
ЎМИ Матубот хизмати
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан