Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Оёқ кийимига масҳ тортиш ҳақида

15.03.2018   25518   10 min.
Оёқ кийимига масҳ тортиш ҳақида

Савол: Совуқ кунларда пайпоққа масх тортса бўладими?
Жавоб: Шу мазмундаги саволларга устозимиз марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари кўп ва хўб жавоб берганлар. Мен қуйида устозимизнинг ана шундай жавобларидан бирини келтириб ўтаман. У зот муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг сўзларидан иқтибос келтирадилар.
“Барча мужтаҳид имомларнинг фикрига кўра, бугунги кунимизда кийилаётган оддий ип-газламали, жун ва нейлон пайпоқларга масх тортишга рухсат берилмайди. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ «Бадоеъус саноеъ» китобида шундай ёзадилар: «Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар пайпоқларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масх тортиш мумкин эмас».
Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар: «Ип ёки жундан қилинган пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас». Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган пайпоқ бир фарсахдан (уч милдан) ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бир оз фарқ учраши мумкин («Ал-Баҳрур-Роиқ»). Юқорида айтилганлардан маълум бўлишича, мазҳаб имомларидан ҳеч қайсиси қуйидаги юпқа пайпоқларга масҳ тортишни жоиз деб билмайди:
(a) Сув сизиб ўтадиган даражада юпқа пайпоқлар,
(б) Боғич билан боғлаб қўймаса оёқда ўзи турмайдиган пайпоқлар,
(в) Ўзини кийиб юрилса, етарли даражада узоқ масофага етмай йиртилиб кетадиган пайпоқлар.
Агар пайпоқлар бу уч тоифанинг бирортасига ҳам кирмаса, фақат шундагина уламолар уларга масх тортиш хусусида турли фикр билдирганлар.
Дарҳақиқат, Қуръони карим бизга таҳоратни маълум бир тартибда адо этишни фарз қилган. Моида сурасининг 6-оятида оёқларга масх тортиш эмас, балки ювиш очиқ-ойдин равишда буюрилган.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ


«Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар».
Ушбу оятда Аллоҳ таоло таҳоратда оёқларни ювишга буюрмоқда. Демак, уларга масх тортиш мутлақо мумкин эмас, агар ҳатто пойафзал теридан қилинган махси бўлса ҳам. Шунга қарамай, махсиларга масх тортиш жоизлигига бутун уммат иттифоқ қилган. Бу ҳақдаги ривоятлар тавотур (Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб саҳиҳ ҳадислари) ила собит бўлган.
Агар Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда атиги икки-учтагина ҳадис ривоят қилинган бўлса, бу оҳод хабар бўлгани учун Қуръони карим оятидан умумий фойдаланишни чеклаш учун етарли бўлмас эди. (яъни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бир неча ривоятлар оятнинг таъсирини чеклаш учун асосли далил бўла олмайди).
Аксинча, «масҳ ъалал хуффайн» (махсига масх тортиш) ҳақидаги ҳадислар тавотур (жуда кўп ровийлардан собит бўлган) хабар бўлиб, бу эса Моида сурасининг 6-оятидан келиб чиқадиган ҳукмни аниқлаштириш учун етарли далил бўла олади. Яъни, агар киши махси киймаган бўлсагина оёқлар албатта ювилиши шарт бўлади.
Бу борада имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бу масала менга кундай равшан бўлмагунча махсига масҳ тортишга рухсат бермаганман» («Баҳр-ур Роиқ»).
Бунинг устига, масх ъалал хуффайн – махсига масх тортиш масаласи Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксондан ортиқ саҳобалари томонидан тасдиқланиб, собит бўлган.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий»да шундай дейдилар: «Ҳуффазларнинг (сон-саноқсиз ҳадисларни ёддан билувчилар) аксарияти «масх ъалал хуффайн» (махсига масх тортиш) масаласининг тавотур билан собит бўлганлигини эълон қилганлар. Уларнинг баъзиларининг хабар беришича, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан қилинган шу ҳақдаги ривоятлар тўплаб, санаб чиқилганда саксондан ортиқ чиққан. Бу ривоятларнинг ўнтаси ашараи мубашшарадан (ҳаётликларидаёқ жаннатий эканликлари Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан башорат қилинган зотлар) ривоят қилинган («Найлул Автор»).
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деганлар: «Мен Бадр жангида қатнашган етмишта саҳобани учратганман. Уларнинг барчаси «масх ъалал хуффайн» –махсига масҳ тортишнинг саҳиҳлигига ишонар эдилар» («Талхисул-Хабир» ва «Бадоеъус Саноеъ»).
Агар махсига масҳ тортиш тавотур ёки истифода йўли (саҳиҳ ҳадисларнинг аксарияти) билан собит бўлмаганда, Қуръони каримнинг таҳорат пайтида оёқни ювишга буюрган оятининг ҳукмини тахсис (чеклаш, хослаш) қилиш мумкин бўлмас эди. Бу борада Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи шундай ёзадилар: «Қуръоннинг амрида суннат (Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари) билан истисно қилиш мумкин, бироқ бунинг учун суннат «масҳ ъалал хуффайн»даги каби тавотур ёки истифода даражасига етиши шарт» («Аҳкомул-Қуръон лил-жассаас»).
Хуллас, Аллоҳ таоло Қуръони каримда таҳорат қилганда оёқни ювишни фарз қилган. Бу фарз ҳукм бўйича Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган бир нечта ривоят асосида ҳеч қандай чеклаш ёки истисно қилиб бўлмайди. Бунинг учун «масҳ ъалал хуффайн» – икки махсига масҳ тортиш масаласидаги каби саҳиҳ ҳадисларнинг узлуксиз силсиласи мавжуд бўлиши керак. Бу масала эса тавотур даражасига етган.
Шунингдек, «хуффайн» махсилар масаласининг тавотур даражасига етгани Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари уларга масх тортганлари, бошқаларга ҳам шундай қилишга рухсат берганларини англатади. Бироқ махсидан бошқа турдаги оёқ кийимларига масх тортиш тавотур ила собит бўлмаган. «Хуфф» сўзи араб тилида фақат махсиларга нисбатан ишлатилади. Газлама, матодан қилинган пайпоқлар араб тилида «хуфф» дейилмайди.
Шундай қилиб, масҳ тортишга рухсат фақат (хуффайн) махсига тааллуқлидир. Бундан бошқа турдаги пайпоқларга нисбатан Қуръони каримнинг оёқларни ювиш ҳақдаги ояти қўлланилади.
Бироқ, агар пайпоқнинг матоси шу даражада қалин бўлиб, чарм махсиларга ўхшаш ва ҳатто улардан яхшироқ бўлса, бундай турдаги пайпоқлар юзасидан уламолар ўртасида ихтилоф бор.
Баъзилар агар пайпоқ худди махсидек хусусиятларга эга бўлса, уларга масх тортиш жоиз, деб ҳисоблайдилар. Бошқалар эса тавотур фақат махсига масх тортиш ҳақида собит бўлган. Демак, бошқа турдаги пайпоқларга масх тортиш жоиз эмас, дейдилар.
Оёқ кийимлари уч хил бўлади:
(1) «Хуффайн» (махси). Уларга тавотур асосида, жумҳур иттифоқига кўра масҳ тортиш мумкин.
(2) Чармдан қилинмаган, чармнинг хусусиятларига эга бўлмаган, пахта, жун ёки нейлондан қилинган юпқа пайпоқлар. Бундай пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас.
(3) чармдан бўлмаса-да, чармнинг хусусиятларига эга бўлган қалин пайпоқлар. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра, бундай пайпоқларга масҳ тортиш мумкин, баъзилари эса буни мумкин эмас, дейдилар.
Фикримизнинг якунида яна бир бор таъкидлаб ўтамизки, чарм хусусиятларига эга бўлмаган пайпоқларга масх тортиш масаласида Ислом уламолари ўртасида ихтилоф йўқ. Уларнинг барчаси бундай пайпоқларга масх тортиш мумкин эмас, деган фикрга иттифоқ қилганлар.
«Масх ъалал хуффайн» масаласидаги каби, масх тортишга рухсат бериш тавотур даражасига етмагунча, Қуръони каримнинг оёқларни ювиш ҳақидаги ҳукмини инкор қилиш мумкин эмас. Шунинг учун, уламолар зикр этган шартлар тўқима шартлар эмас. Улар фақат махсига мос келиш даражасини тасдиқлаганлар, холос.


Хулоса

Барча фиқҳ билимдонлари ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқдан боғичсиз тушиб кетадиган, маълум масофагача кийиб юрилса йиртилиб кетадиган пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Худди шунингдек, пойафзалга ҳам масҳ тортиш жоиз эмас. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда чарм пайпоқларнинг хусусиятлари йўқ. Шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.
Агар кимдир бундай қилаётган бўлса, имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа ҳар қандай мужтаҳиднинг фикрига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди”. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний (Дорул-улум Куранги, Карачи, Покистон)
Махси,чориқ ва жаврабнинг фарқи


وَقَالَ الشَّوْكَانِيُّ فِي النَّيْل: الْخُفُّ نَعْلٌ مِنْ أُدْمٍ يُغَطِّي الْقَدَمَيْنِ، وَالْجُرْمُوقُ أَكْبَرُ مِنْهُ وَالْجَوْرَبُ أَكْبَرُ مِنَ الْجُرْمُوقِ


Шавконий “Найл”да айтади: “Махси теридан бўлган пойафзал бўлиб, икки оёқни қоплаб туради. Чориқ ундан катта бўлади. Жавраб эса чориқдан ҳам катта бўлади”.
Жавраб пиймага ўхшаган нарса бўлса керак деганлар ушбу ривоятга ва унга ўхшаган бошқа ривоятларга асосланиб айтган бўлишлари керак.


وَقَالَ الشَّيْخُ عَبْدُ الْحَقِّ الدِّهْلَوِيُّ فِي اللَّمَعَاتِ: الْجَوْرَبُ خُفٌّ يُلْبَسُ عَلَى الْخُفِّ إِلَى الْكَعْبِ لِلْبَرْدِ، وَلِصِيَانَةِ الْخُفِّ الأَسْفَلِ مِنَ الدَّرَنِ وَالْغَسَّالَةِ. انْتَهَى


Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Ламъот”да айтади: “Жавраб махсининг устидан совуқ учун, остки махсини кирдан ва ювадиган нарсадан сақлаш учун кийиладиган махсидир”.
Бу ривоят ҳам аввалгисига ўхшаб жавраб катта нарса эканини таъкидламоқда.


وَقَالَ الْعَيْنِيُّ: الْجَوْرَبُ هُوَ الَّذِي يَلْبَسُهُ أَهْلُ الْبِلاَدِ الشَّامِيَّةِ الشَّدِيدَةِ الْبَرْدِ وَهُوَ يُتَّخَذُ مِنْ غَزْلِ الصُّوفِ الْمَفْتُولِ يُلْبَسُ فِي الْقَدَمِ إِلَى مَا فَوْقَ الْكَعْبِ


Ва Айний айтади: “Жавраб қаттиқ совуқли шом юртлари аҳолиси киядиган нарса бўлиб, титилган жундан қилинган бўлади. Оёққа, тўпиқдан юқорисигача кийилади”.
Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Жавроб махсига ўхшаш қалин бўлса, унга масҳ тортиш мумкинлиги муттафақун алайҳидир. Ғарбликлар чиқарган бугунги кунда урф бўлган юпқа пайпоқларга масҳ тортиш ҳақида ҳеч кимнинг иттифоқи йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки бу каби нарсалар аввал мутлақо бўлган эмас.


Исҳоқжон домла Бегматов
ЎМИ масжидлари бўлими ходими
ЎМИ матбуот хизмати

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

12.08.2026   34025   3 min.
“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.

Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган. 

“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.

 Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати –  бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.

Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари