Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида илмни мақтаб, илм соҳибларига улкан мукофотларни ваъда қилган. Муфассир олимлар бу борадаги маълумотларни жамлаб қуйидаги хулосаларни берганлар:
Биринxидан, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар билмайдиган нарсаларнинг илмини ўргатиш орқали уни ер юзига халифа этиб сайлади. Айнан илмнинг фазилати туфайли ҳозирга қадар ер юзида фаришталар эмас, балки инсонлар яшаб келмоқда.
Иккинчидан, Аллоҳ таоло илмни ҳикмат деб номлаб, ҳикматни энг улуғ иш эканини айтди. Муқотил бу ҳақда шундай дейди: “Қуръонда келган ҳикмат сўзи тўрт хил маънода ишлатилган: биринчиси, панд-насиҳат; иккинчиси, фаҳм-фаросат ва илм; учинчиси, пайғамбарлик; тўртинчиси, Қуръон маъноларидир. Буларнинг бари илмга боғлиқ”.
Учинчидан, Аллоҳ таоло: “Ва сизларга фақат озгина илм берилган, холос” деб марҳамат қилган. Бунинг маъноси шуки, илм шунчалик чексизки, унинг инсониятга берилган бир қисмининг ўзиёқ коинотдаги катта-катта кашфиётларни очмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло: “Айтинг, дунё матоси оздир”, деб бутун борлиққа оз сифатини бермоқда. Энди, тафаккур қилайлик, Аллоҳнинг наздида оз ва арзимас бўлган дунёнинг сир-синоатини билишган ожизмиз-у, чексиз-чегарасиз илмга нима деб таъриф бериш мумкин!
Тўртинчидан, Аллоҳ таоло илмлиларни илмсизлардан устун қўйди: “Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Албатта, йўқ, улар асло баробар эмаслар. Аллоҳ таоло Қуръонда олти нарсани олти нарсадан устун қўйган: биринчиси, нопокни покдан, яъни ҳалолни ҳаромдан; иккинчиси, кўзи ожиздан кўзи кўрадиган инсонни; учинчиси, нурни зулматдан; тўртинчиси, жаннатни жаҳаннамдан; бешинчиси, сояни офтобдан; олтинчиси, олимни жоҳилдан. Агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, буларнинг бари илмнинг жаҳолатдан устунлиги билан боғлиқлигини кўриш мумкин.
Бешинчидан, Аллоҳ таоло олимларга итоат қилишга буюрди: “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар”. Оятдаги “...иш бошлари”дан мурод олимлардир.
Олтинчидан, Аллоҳ таоло олимларни иккита оятда Ўзидан кейинги иккинчи ўринда зикр этди. Биринчиси, “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар” ояти бўлса; иккинчиси, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига Аллоҳ, фаришталар ва илмлилар гувоҳлик бердилар” оятидир. Сўнг Аллоҳ таоло олимларнинг мартабасини янада кўтариб, бошқа иккита оятда уларни Ўзидан кейинги биринчи мартабада зикр этди. Яъни, бир оятда: “Ва унинг таъвилини Аллоҳ ва фақат пухта илмлиларгина билади” деб хабар берган бўлса, яна бир бошқа оятда: “Айтинг, мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб ҳақида илми борлар гувоҳликка кифоя қилур”, деб олимларни биринчи мартабага қўйган. Бундан-да олийроқ мартаба, мансаб борми?!
Еттинчидан, олимларни даражаларга кўтарди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинганларани даражаларга кўтарур”. Аллоҳ таоло Қуръонда тўрт тоифани юқори даражаларга кўтарган: биринчиси, Бадр жангида иштирок этган мўъминларни; иккинчиси, мужоҳидларни; учинчиси, солиҳларни ва тўртинчиси, олимларни. Бадр аҳлини бошқа мўъминлардан юқори даражага қўйди, мужоҳидларнинг фазилатини узрли сабаб билан жанга бора олмаган мўъминларникидан бир неча даража юқори санади, солиҳларни эса юқоридагилардан ҳам баландроқ даражага кўтарди ва олимларни мазкур уч тоифадан ҳам афзал даражага қўйди. Демак, олимлар инсонлар ичида энг афзалидир.
Саккизинчидан, Аллоҳ таоло олимларни “Аллоҳдан қўрқувчи бандалар” сифати билан мақтаган: “Албатта, Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқурлар”.
Абдуллоҳ Маллабоев
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби