Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июн, 2025   |   8 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:35
Шом
19:55
Хуфтон
21:31
Bismillah
04 Июн, 2025, 8 Зулҳижжа, 1446

Қуръон илмни мақтайди

14.03.2018   8994   3 min.
Қуръон илмни мақтайди

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида илмни мақтаб, илм соҳибларига улкан мукофотларни ваъда қилган. Муфассир олимлар бу борадаги маълумотларни жамлаб қуйидаги хулосаларни берганлар:

Биринxидан, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар билмайдиган нарсаларнинг илмини ўргатиш орқали уни ер юзига халифа этиб сайлади. Айнан илмнинг фазилати туфайли ҳозирга қадар ер юзида фаришталар эмас, балки инсонлар яшаб келмоқда.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло илмни ҳикмат деб номлаб, ҳикматни энг улуғ иш эканини айтди. Муқотил бу ҳақда шундай дейди: “Қуръонда келган ҳикмат сўзи тўрт хил маънода ишлатилган: биринчиси, панд-насиҳат; иккинчиси, фаҳм-фаросат ва илм; учинчиси, пайғамбарлик; тўртинчиси, Қуръон маъноларидир. Буларнинг бари илмга боғлиқ”.

Учинчидан, Аллоҳ таоло: “Ва сизларга фақат озгина илм берилган, холос” деб марҳамат қилган. Бунинг маъноси шуки, илм шунчалик чексизки, унинг инсониятга берилган бир қисмининг ўзиёқ коинотдаги катта-катта кашфиётларни очмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло: “Айтинг, дунё матоси оздир”, деб бутун борлиққа оз сифатини бермоқда. Энди, тафаккур қилайлик, Аллоҳнинг наздида оз ва арзимас бўлган дунёнинг сир-синоатини билишган ожизмиз-у, чексиз-чегарасиз илмга нима деб таъриф бериш мумкин!

Тўртинчидан, Аллоҳ таоло илмлиларни илмсизлардан устун қўйди: “Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Албатта, йўқ, улар асло баробар эмаслар. Аллоҳ таоло Қуръонда олти нарсани олти нарсадан устун қўйган: биринчиси, нопокни покдан, яъни ҳалолни ҳаромдан; иккинчиси, кўзи ожиздан кўзи кўрадиган инсонни; учинчиси, нурни зулматдан; тўртинчиси, жаннатни жаҳаннамдан; бешинчиси, сояни офтобдан; олтинчиси, олимни жоҳилдан. Агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, буларнинг бари илмнинг жаҳолатдан устунлиги билан боғлиқлигини кўриш мумкин.

Бешинчидан, Аллоҳ таоло олимларга итоат қилишга буюрди: “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар”. Оятдаги “...иш бошлари”дан мурод олимлардир.

Олтинчидан, Аллоҳ таоло олимларни иккита оятда Ўзидан кейинги иккинчи ўринда зикр этди. Биринчиси, “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар” ояти бўлса; иккинчиси, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига Аллоҳ, фаришталар ва илмлилар гувоҳлик бердилар” оятидир. Сўнг Аллоҳ таоло олимларнинг мартабасини янада кўтариб, бошқа иккита оятда уларни Ўзидан кейинги биринчи мартабада зикр этди. Яъни, бир оятда: “Ва унинг таъвилини Аллоҳ ва фақат пухта илмлиларгина билади” деб хабар берган бўлса, яна бир бошқа оятда: “Айтинг, мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб ҳақида илми борлар гувоҳликка кифоя қилур”,  деб олимларни биринчи мартабага қўйган. Бундан-да олийроқ мартаба, мансаб борми?!

Еттинчидан, олимларни даражаларга кўтарди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинганларани даражаларга кўтарур”. Аллоҳ таоло Қуръонда тўрт тоифани юқори даражаларга кўтарган: биринчиси, Бадр жангида иштирок этган мўъминларни; иккинчиси, мужоҳидларни; учинчиси, солиҳларни ва тўртинчиси, олимларни. Бадр аҳлини бошқа мўъминлардан юқори даражага қўйди, мужоҳидларнинг фазилатини узрли сабаб билан жанга бора олмаган мўъминларникидан бир неча даража юқори санади, солиҳларни эса юқоридагилардан ҳам баландроқ даражага кўтарди ва олимларни мазкур уч тоифадан ҳам афзал даражага қўйди. Демак, олимлар инсонлар ичида энг афзалидир.

Саккизинчидан, Аллоҳ таоло олимларни “Аллоҳдан қўрқувчи бандалар” сифати билан мақтаган: “Албатта, Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина  қўрқурлар”.                         

 

                                                             Абдуллоҳ Маллабоев

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Эртага арафа куни

26.06.2023   1312   1 min.
Ғафлатда қолманг! Эртага арафа куни
  1. Энг яхши дуо арафа кунидаги дуо. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги Пайғамбарлар айтган сўзнинг энг яхшиси — Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайˋин қодийрдир.

Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир.

 

  1. Арафа куни одамлар дўзахдан озод бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳим! Бизларни, ота-оналаримизни, фарзандларимизни, аёлларимизни, дўстларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни жаҳаннам оловидан асра!

 

  1. Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.

 

  1. Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ғафлатда қолманг! Арафа куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг. Эҳтимол сиз сабабли бошқалар ҳам рўза тутар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар