Ичида Ҳасан Басрийдек олим бўлган қавм
қандай қилиб залолатга юз тутсин?!
(Маслама ибн Абдулмалик)
Суюнчи хабарини келтирган хабарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳога чўриси “Ҳайранинг” кўзи ёригани ва ўғил кўргани ҳақидаги хушхабарни етказди.
Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳони бу хушхабардан қалблари сурурга тўлди. Зудлик билан Ҳайранинг оиласига одам юбордилар. Чақалоқ ва унинг онаси туғруқдан кейинги кунларини нубувват хонадонида ўтказишларини хоҳладилар. Чунки Ҳайра Умму Салама розияллоҳу анҳо учун ниҳоятда қадрли ва азиз эди.
Куп ўтмай, Ҳайра боласини кўтариб кириб келди. Умму Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари болага тушиши билан меҳрлари жўшиб кетди. Гўдак ниҳоятда чиройли, истарали бўлиб, кўрган инсонни кўзларини қувонтирар, қалбини асир этар эди.
Сўнг Умму Салама розияллоҳу анҳо:
– Унга исм кўйдингми? – деб сўрадилар.
– Йўқ, эй онажон, унга ўзингиз истаган исмни қўйишингиз учун бу ишни сизга қолдирдим, – деди.
Умму Салама розияллоҳу анҳо:
– Унинг исмини Аллоҳдан барака сўраб, Ҳасан қўямиз, – дедилар.
Сўнг, уни қўлларига олиб ҳаққига яхши дуолар қилдилар.
Ҳасаннинг туғилишидаги хурсандчилик фақат мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйларидагина чекланиб қолмай, балки буюк саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хонадонини ҳам қамраб олган эди. Чунки чақалоқнинг отаси Ясор, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қули эди.
Ҳасан ибн Ясор (кейинчалик у Ҳасан Басрий бўлиб танилди) нубувват хонадонида ўсиб улғайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама куняси билан маъруф бўлган, Ҳинд бинти Суҳайл розияллоҳу анҳонинг бағриларида тарбияланди. Умму Салама розияллоҳу анҳо араб аёллари ичида энг оқила, мурувватли ва қатъиятлиси эдилар. Шунингдек, Мўминларнинг оналари ичида энг олимаси ҳам эдилар. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлар. Ривоят қилган ҳадисларининг сони уч юз саксон еттитадан ошиқ эди. Бундан ташқари, жоҳилият даврида ўқиш-ёзишни биладиган жуда озчиликни ташкил қилган аёллардан бири эдилар.
Кўпинча Ҳайра уй юмушлари билан ташқарига чиққан вақтда эмизикли чақалоғининг қорни очиб йиғлар эди. Кунларнинг бирида гўдак каттиқ йиғлай бошлади. Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳо уни бағриларига олиб, овута бошладилар. Онаси келгунича тинчлантирмоқчи бўлиб кўкракларини унинг оғзига солдилар. Болага меҳрлари жўшиб кетганидан муборак кўкракларига сут кела бошлади. Насибаси улуғ чақалоқ мўминларнинг онасини тўйиб эмгач, тинчланиб ухлаб қолди.
Шу воқеа сабаб, Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанга икки жиҳатдан она бўлдилар. Бири хар бир мўминга она бўлишлари, иккинчиси унга сут она бўлишлари…
Мўминлар оналарининг ўзаро мустаҳкам алоқалари ва уйларининг бир-бирига яқинлиги бу иқболи баланд болага Исломдаги шонли аёлларнинг уйларига тез – тез бориб туриш ва буюк мураббияларнинг гўзал ахлоқлари билан хулқланиш имконини берди. У ўзининг қувноқ, серғайрат ва тетик ҳаракатлари билан нубувват хонадонини бахту қувончга тўлдирар эди.
Ҳасан нубувватнинг хушбўй ифори билан муаттар бўлган, унинг ёрқин нури билан чароғон хонадонда ўсиб-улғаяр, мўминларнинг оналарининг уйларидаги тотли чашмалардан тўйиб – тўйиб сув ичар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги буюк саҳобалар қўлларида сабоқ олар эди.
У Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ улардан рози бўлсин) каби фақиҳ саҳобалардан ҳадислар ривоят қилди. Саҳобалар ичида мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга муҳаббати ўзгача эди. Чунки у зотдаги динда қатъият ва сабот билан туриш, ибодатларни мукаммал тарзда адо этиш, дунё ва унинг зебу зийнатларидан воз кечиб, тақводорликни маҳкам тутиш каби хислатлари уни қойил қолдирган эди. Қолаверса, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ёрқин сўзлаш латофати, етук ҳикмати, қисқа иборалардаги жамловчи сўзлари ва қалбларни титратувчи ваъз-насиҳатлари уни сеҳрлаган эди. У Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг тақводорлик ва ибодатда мустахкам туришлари каби хулқларини ўзига ғоя қилиб олди. Шунингдек, у зотнинг фасоҳат ила баён этишлари, нотиқлик услубларини ҳам ўзлаштирди.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа БАҲРОМОВ тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Умматга қилинган сўнгги васият
“Ҳажжатул вадоъ” яъни “Вадо хутбаси” луғатда “Видолашув хутбаси”, “хайрлашув, айрилиқ хутбаси-хитоби” деган маъноларни билдиради.
Ҳижрий ўнинчи йилнинг 9 зулҳижжа ойида (милодий 632 йил 8 март) Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўнгги ҳаж ибодатини адо этганларида хутба қилганлар. Унда Маккада жами 124 минг мусулмон тўпланган эди.
У зот алайҳиссалом Қасво деган туяларига миниб, Арафот водийсида умматга сўнгги васиятларини баён этганлар. Бу хитоб фақат ўша жойда тўпланган ҳожиларгагина эмас, балки қиёматга қадар келадиган бутун инсониятга қаратилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматга бундай васият қилдилар:
“Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб тингланг... Бу йилдан сўнг сизлар билан бу ерда яна кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Бугунингиз қандай ҳам муқаддас кун, бу ойлар қандай ҳам муқаддас ой, бу шаҳар (Макка) қандай ҳам муқаддас бир шаҳар бўлса, Роббингиз билан кўришгунга қадар қонларингиз, молларингиз, обрўларинигиз ҳам айни шаклда муқаддасдир ва бир-бирларингизга ҳаромдир!
Эй саҳобаларим! Эртага Роббингизга рўпара бўлиб ва бугунги ҳолингиз ҳақида жавоб берурсиз. Мендан сўнгра эски залолатларга қайтиб, бир-бирингизнинг бўйнингизга урмангиз!...
Эй инсонлар! Аёлларингизга яхши муомала қилишингизни ва Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия қиламан. Чунки улар амрингиз остидадир. Сиз уларни Аллоҳнинг бир омонати ўлароқ олдингиз ва уларнинг номусларини ва иффатларини Аллоҳ олдида сўз берароқ ҳалол этингиз.
Яхши билингки, сизнинг аёлингизда ҳаққингиз бўлганидек, уларнинг ҳам сизда ҳақлари бор.
Эй мўминлар! Сўзимни тингланг. Яхши тушиниб олинг. Батаҳқиқ Роббингиз бирдир. Оталарингиз ҳам биттадир. Аллоҳ ҳузурида энг хайрлигингиз, Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир.
Арабларнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, оқ ирқлининг қора ирқлидан, қора ирқлининг оқ ирқдан ҳеч қандай устунлиги йўқдир. Устунлик ёлғиз тақводадир.
Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг, раҳбар қилиб устингизга бурни, қулоғи кесик бир қулни сайлаб қўйса, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм этгани қадар уни тингланг ва унга итоат этинг!
Эй инсонлар! Сизга бир омонат қолдираяпман-ки, уни маҳкам ушласангиз йўлингиздан адашмайсиз! У омонат Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннатидир.
Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг! Беш вақт намозингизни ўқинг! Рамозон ойидаги рўзаларингизни тутинг!
Молларингизнинг закотини беринг! Ўзларингиздан бўлган амр соҳибларига итоат этинг-ки, Роббингизни жаннатига кирурсиз.
Эй инсонлар! Ҳаддан ошишликдан сақланинг. Ўтган умматларнинг ҳалокатининг сабаби, динларида ҳаддан ошиш эди.
Бу санадан сўнгра яна сиз билан бу ерда кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Эртага мен хақимда сиздан сўраганларида нима дейсиз? Рисолатни етказдимми? Илоҳий вазифани адо қилдимми?”, дедилар.
Бунга бутун асҳоби киром шундай жавоб бердилар: “Албатта, қасам ичамизки сиз Аллоҳнинг хабарини таблиғ этдингиз, вазифани бажардингиз. Бизга тавсия ва насиҳатда бўлдингиз. Ҳаммасига шоҳидлик берамиз!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак кўрсатгич бармоқларини самога ишорат қилдириб, жамоатга боқиб бундай дедилар: “Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбасини якунлагач, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Набий алайҳиссалом вадо ҳажидан қайтишда йўлда хасталандилар. Хасталиклари 13 кун давом этди. Ҳижрий 11 йили робиъул аввал ойининг душанба куни Оиша онамизнинг хоналарида муборак руҳларини Аллоҳга топширдилар ва ўша жойда дафн қилиндилар...
Соллаллоҳу алайҳи васаллам
Даврон НУРМУҲАММАД