Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Феврал, 2026   |   22 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:05
Қуёш
07:25
Пешин
12:42
Аср
16:08
Шом
17:54
Хуфтон
19:08
Bismillah
10 Феврал, 2026, 22 Шаъбон, 1447

Шеърият бўстони

10.03.2018   6928   1 min.
Шеърият бўстони

УМР ЎТМОҚДА

Неларгадир интиламан, етмоқ истайман,

Етай дейман, арғумоғим жадал қистайман.

Етиб зўрға қўл узатсам ўшал ярқироқ,

Сароб чиқар, дилгинамни қийнайди фироқ.

Кунлар ўтар, ойлар ўтар, умр ўтмоқда,

Боболарим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Қайларгадир югураман, толиб қоламан,

Манзилимга етолмайин, ҳориб қоламан.

Бир лаҳза тин олиб-олмай яна манзилга

Талпинаман, чопқиллайман, сўлиш оламан.

Йиллар ўтар, йўллар ўтар, давр ўтмоқда,

Момоларим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Изланаман, шамолдан тез, сувдан-да тиниқ

Мўъжизанинг сир-асрорин билиб олишга.

Уринаман селларнинг ҳам жиловин олиб,

Эл измига, юрт корига жадал буришга.

Еллар ўтар, селлар ўтар, замон ўтмоқда,

Азизларим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Тизгини йўқ туйғуларда титраб қоламан,

Ечим топмай гоҳо оғир ўйга толаман.

Умр йўли қайга туташ, сўйла, замондош,

Англадикми – шу азиз эл энг яқин қўлдош.

Англадикми – инсоф-имон энг содиқ йўлдош...

 

СОҒИНЧ

 

Ўлими олдидан онам сўзлари:

«Отангнинг юзига тик боқма, болам,

Нега кўринмайди, кенжа неварам!

Рози бўл! Бу сенга охирги нолам...»

 

Сўнгги нафасда ҳам онам раҳматли,

Отамни эслади, бўлди мукаррам.

Неварасин суйиб, таскинлар бериб,

Бошида парвона бўларди ҳар дам.

 

Онажон, ўлим ҳақ, умр ўткинчи,

Юрганман, кулганман бўлиб ҳазилкаш.

Энди дунёларга сиғмас ўкинчим

Сиз учун қора ер бағри қазилгач.

 

Онажон, меҳрингиз ҳамон излайман,

Начора, тополмай тунлар бўзлайман.

Қўмсайман, қайлардан излай, онажон,

Соғинч денгизида ўртанади жон...

                                                                   

Маҳмуд ШОМИРЗАЕВ

 

Ғаллаорол

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги" мусобақаларига қуръа ташланди

09.02.2026   1730   2 min.

#xabar #Idora_kubogi

 Жорий йилнинг 9-10 февраль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичи ўтказилади.


Шу муносабат билан бугун, 8 февраль куни пойтахтимиздаги “Le Grande Plaza Hotel (Tata)” меҳмонхонасида мусобақаларнинг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари вакиллари, ҳакамлар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар бош имом-хатиблари, турнир иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.  


Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов, Обиджон Қодиров, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов  ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси масъул ходими Бахтиёр Жумаев сўзга чиқишди. 


Нотиқлар мамлакатимизда кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда аҳамияти катта эканини таъкидладилар. Шунингдек, диний соҳа ходимлари спортда ҳам фаол экани эътироф этилди. 


Қуръа натижаларига кўра, жамоалар қуйидаги тартибда ўзаро беллашадиган бўлди: 

1-ўйин: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти жамоаси. 
2-ўйин: Самарқанд ва Тошкент вилоятлари жамоалари.  
3-ўйин: Андижон ва Қашқадарё вилоятлари жамоалари.  
4-ўйин: Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар жамоалари. 
5-ўйин: Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти жамоалари. 
6-ўйин: Хоразм ва Наманган вилоятлари жамоалари. 
7-ўйин: Бухоро ва Жиззах вилоятлари жамоалари. 
8-ўйин: Навоий ва Сурхондарё вилояти жамоалари. 


Ақлни чархловчи спорт – шахмат бўйича ҳам баҳслар юқоридаги тартиб асосида бўлиб ўтади.  


Маълумот ўрнида, беллашувлар Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари тартиб-қоидалари асосида ўтказилади. Волейбол бўйича ҳар бир жамоа таркиби 6 нафар асосий, 1 нафар захирадаги ўйинчи ҳамда 1 нафар мураббийдан ташкил топади. Шахматда эса жами 16 нафар иштирокчи ўзаро беллашади. Мусобақа ним чорак финал, чорак финал, ярим финал ва финал босқичларида ўтказилади.  
 

Аллоҳ таоло мазкур мусобақаларни хайрли ва манфаатли қилсин!  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари