Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июн, 2026   |   14 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:53
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
29 Июн, 2026, 14 Муҳаррам, 1448

Шеърият бўстони

10.03.2018   7394   1 min.
Шеърият бўстони

УМР ЎТМОҚДА

Неларгадир интиламан, етмоқ истайман,

Етай дейман, арғумоғим жадал қистайман.

Етиб зўрға қўл узатсам ўшал ярқироқ,

Сароб чиқар, дилгинамни қийнайди фироқ.

Кунлар ўтар, ойлар ўтар, умр ўтмоқда,

Боболарим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Қайларгадир югураман, толиб қоламан,

Манзилимга етолмайин, ҳориб қоламан.

Бир лаҳза тин олиб-олмай яна манзилга

Талпинаман, чопқиллайман, сўлиш оламан.

Йиллар ўтар, йўллар ўтар, давр ўтмоқда,

Момоларим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Изланаман, шамолдан тез, сувдан-да тиниқ

Мўъжизанинг сир-асрорин билиб олишга.

Уринаман селларнинг ҳам жиловин олиб,

Эл измига, юрт корига жадал буришга.

Еллар ўтар, селлар ўтар, замон ўтмоқда,

Азизларим мангуликка сингиб кетмоқда.

 

Тизгини йўқ туйғуларда титраб қоламан,

Ечим топмай гоҳо оғир ўйга толаман.

Умр йўли қайга туташ, сўйла, замондош,

Англадикми – шу азиз эл энг яқин қўлдош.

Англадикми – инсоф-имон энг содиқ йўлдош...

 

СОҒИНЧ

 

Ўлими олдидан онам сўзлари:

«Отангнинг юзига тик боқма, болам,

Нега кўринмайди, кенжа неварам!

Рози бўл! Бу сенга охирги нолам...»

 

Сўнгги нафасда ҳам онам раҳматли,

Отамни эслади, бўлди мукаррам.

Неварасин суйиб, таскинлар бериб,

Бошида парвона бўларди ҳар дам.

 

Онажон, ўлим ҳақ, умр ўткинчи,

Юрганман, кулганман бўлиб ҳазилкаш.

Энди дунёларга сиғмас ўкинчим

Сиз учун қора ер бағри қазилгач.

 

Онажон, меҳрингиз ҳамон излайман,

Начора, тополмай тунлар бўзлайман.

Қўмсайман, қайлардан излай, онажон,

Соғинч денгизида ўртанади жон...

                                                                   

Маҳмуд ШОМИРЗАЕВ

 

Ғаллаорол

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Қиёмат куни Аллоҳнинг олдида уялиб қолма!

25.06.2026   10411   4 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Қиёмат куни Аллоҳнинг олдида уялиб қолма!

Қалбим сурури, кўзим қувончи бўлган азиз фарзандим! Сиз дунёга келганингизда менданда бахтли инсон йўқ эди. Илк бор мустақил қадам босганингиз, “дадажон” деб, эркаланганингиз, телефон қилиб “дада уйга қачон келасиз?” деганингиз кечагидек ёдимда.
Кўз очиб юмгунча бир зумда улғайдингиз... Мактабда тенгқурларингиз орасида тарбиянгиз билан ажралиб турардингиз.


Ёшлигингиздан орзу қилган институтнинг талабаси бўлиш бахтига эришсин дея кечалари онангизнинг йиғлаб қилган дуолари, “Аллоҳим фарзандимга манфаатли илм бергин” деб қилган илтижоларим ижобат бўлганини эшитганимда кўз ёшларимни тиёлмагандим. Юзлаб қоракўзлар ичидан талаба бўлиш бахти сизга насиб бўлгани учун Роббимга ҳамдлар айтдим.


Мана орадан 4 йил ўтди. Бугун бу файзли ва муборак даргоҳни тарк этмоқдасиз.
Эй Фарзандим! Бугун фурсатдан фойдаланиб, Сизга кичик бир насиҳатни қилмоқчиман. Унга умрингизнинг охирги лаҳзаларигача амал қилишингизга Аллоҳ тавфиқ беришини сўраб қоламан.


Азиз дилбандим! Сиз эндигина 4 баҳорни кўрган болакай эдингиз. Жажжи қўлларингиздан тутиб сизни боғчага олиб кетардим. Шунда дўкондаги машина ўйинчоғини кўриб қолиб, олиб беринг деб роса хархаша қилгандингиз. Олиб беришни жуда истардимку, аммо афсуски олдимда шу кичкинагина ўвинчоқни олиб беришга ҳам пулим йўқ эди....Жонимни сўрашса сизга беришга тайёрман болам... ўзимдан афзал инсон бўлишингиз учун бор имкониятимни ишга солиб ҳаракат қиламан. Баъзан дуода ўзимни унутсамда, сизни асло унутмайман.

Орадан йиллар ўтиб, Расулимиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ тўйингизни ўтказдик. Шу куни сизни муборак этгани сўзга чиққанимда сизга мендан аразлаб, ҳатто гаплашмай қўйишингизга сабабчи ўша кичкина машинани топширганимда жуда уялиб, юзларингиз қизариб кетганди...
Жоним болам, ниятим сизни уялтириш эмас... Сизга фақат яхшиликларни тилайман. Сизга бутун умрингиз ва охиратингиз учун керак бўладиган муҳим бир сабоқни амалий тарзда етказгим келди, холос...

Унутмангки, кунлар ўтиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласиз. Бир кун аниқ Роббимизнинг олдида турамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қилган амалимизни бирма-бир ҳисоб-китоб қилади. Шундай кунда уммати Муҳаммад бўлган сиз дилбандим амалларингизнинг жуда оз ва кичкиналиги билан бутун халойиқнинг олдида уялиб қолманг! Бунинг учун ҳар бир амалингизни холис Аллоҳ таоло учун қилинг! Ҳеч кимни ғийбат қилманг, бошқаларга ҳасад қилманг!

Унутмангки, сиз Аллоҳ таолонинг динини етказишдаги омонатдорсиз. Улуғ зотларга илм бешиги бўлган институтнинг вакилисиз. Сиз уларга сўзсиз муносиб бўлишингиз керак. Зеро, халқимиз муборак Ислом динимизни – имом тимсолида кўради.

Бизни залолатдан ҳидоятга, зулматдан ёруғликка, жаҳолатдан маърифатга, бахтсизликдан саодатга олиб чиққан, бу йўлда молларини ҳам, жонларини ҳам аямаган, ҳамиша фақат биз бевафо умматнинг ғамида бўлган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар шуни маҳкам тутинг, нимадан қайтарган бўлсалар ундан тийилинг. Ҳадисларини ёдлашга ҳарис бўлинг, ҳаётлари, сифатлари, хулқлари ва йўлларини кўпроқ ўрганинг ва уларга амал қилинг.

Асло эришган ютуғингиз билан чекланиб қолманг. Кимдир ёки нимадир учун илм олманг. Энг муҳими – илм ибодат эканини унутманг!

Қуръонни қўлингиздан қўйманг. Қуръонга муҳаббатли бўлинг!

Жигарпорам, мусофирчилик, ота-онадан узоқда юриш, уларга бўлган меҳрни ҳам узоқлаштирмасин. Унутмангки, биз сизни яхши кўрамиз, сиз бизнинг ҳамиша қалбимизда, дуоларимиздасиз. 

Сизни кўришимиз болалигингизни, бахтли онларингизни, қувонч билан югуриб қучоғимизга ўзингизни отишингизни ёдимизга солади.
Сиз келмай қўйсангиз бизнинг юраклар сиқилиб, соғинчдан ва хавотирдан жам бўлмайди. 

Сиздан ягона илтимосимиз шуки, дуоларингизда доимо эслаб, Аллоҳ таолодан бизга раҳм-шафқат сўранг. Қанийди, Жаннатда барча ота-оналар қаторида турганимизда исмларимиз билан чақирилиб, “фарзандингиз Қуръон ёдлаб, қилган солиҳ амаллари учун сизга мукофот – иззат тожи кийдирилади” деганини эшитсак эди... Бу бизнинг энг буюк орзуимиз.
Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда бирга қилсин! Иззат тожини киядиган зотлардан қилсин! Омийн.

Даврон НУРМУҲАММАД