Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Сизсизликка кўникмасин фарзандларингиз

09.03.2018   10505   4 min.
Сизсизликка кўникмасин фарзандларингиз

Сафарни ихтиёр қилиб йўлга ҳозирлик кўрган кишини йўлдан қайтармоқ кейинчалик ўша одамнинг маломатларига дуч бўлмоқ демакдир. Зотан, динимизда ҳам ўз маконида иши юришмаган кишиларнинг сафарга чиқиши тавсия этилган. Бизнинг ватандошларимиз мусофирчиликка асосан ризқ-насиба талабида чиқаётир. Уларнинг баъзилари  мусофирчилик заҳматини тортгани бесамар кетмай уч-тўрт сўм орттириб келяпти, баъзилари эса қуруқ қўл билан қайтиб келаётир.

“Бисмиллаҳ” деб юртидан чиққан одамнинг Худодан бошқа ёри йўқ. Шундай экан, ундай одам Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлишни истаса, аввало хулқини гўзал тутмоғи даркор. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:
“Мусофирнинг зоди роҳиласи ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, сафардошларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир”.

Ана шу фазилатлари мусофирчиликда уни бошқаларнинг кўзига яхши кўрсатади. Албатта, танимаган-билмаган жойларига бориш кишини бир оз ҳаяжонлантиради, уйида қолаётган фарзандларидан хавотир олишига ҳам сабаб бўлади.

عن عثمان بن عفان، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : "مَنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ يُرِيدُ سَفَرًا فَقَالَ حِيْنَ يَخْرُجُ: بِسْمِ اللهِ وَ اعْتَصَمْتُ بِاللهِ تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ لا حَوْلَ وَ لا قُوَّةَ إَلا بِاللهِ رُزِقَ خَيرَ ذَلِكَ المَخرَجِ وَصُرِفَ عَنهُ شَرَّ ذَلِكَ المَخرَجِ".

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

Кимки сафарни ирода қилиб уйидан чиқса ва чиқаётган пайтида: “Бисмиллаҳи ваътасомту биллаҳи таваккалту алаллоҳи ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” (Аллоҳнинг номи билан сафар қилишни бошлайман. Аллоҳнинг ёрдамига боғландим, Аллоҳга таваккул қилдим ва тоатга қувват ҳам, гуноҳдан сақланишга бўлган қувват ҳам ёлғиз Аллоҳдандир) деса, ўша чиқишлигида яхшилик билан ризқланиб, ўша чиқишлигининг ёмонлиги ундан дафъ қилинади”, дедилар”.

Мусофирчиликнинг тўрли кўринишлари ва шартлари ҳақида муфассир олимларимиз кўп ва хўб ёзган. Уларнинг асарлари билан ҳам вақти билан таништириб борамиз. Ҳозирги мақоламизда эса муҳожирликнинг, замонавий ифодада айтганда, мигрантлик ёки гастарбайтерликнинг инсоннинг руҳиятига қанчалик таъсир кўрсатишига биргина мисол келтирмоқчимиз.

Қўлида дипломи бор, кўп йиллар шифохонада ишлаган врач аёл озгина пул топайлик, уйимизнинг кам-кўстини бутлайлик, болаларни ўқитайлик, тўйлар қилайлик деган ниятда Уммон Орти давлатига ишлагани кетибди. У ерда бир инсофли оилага учраб қолибди. Кекса кампирга қарай бошлабди. Хонадон эгалари унга чиройли муомала қилар, яхшигина ойлик маош ҳам тўлар экан. Кўп йил ишлабди. Бу ердан ният қилиб чиққанларининг деярли ҳаммасини ҳал қилишга ўша ёқда ишлаган дастмояси асқатибди.

Ниҳоят энг кенжа қизини чиқарадиган бўлишибди. Уйнинг эгаларидан рухсат олиб йўлга шайланибди. Кейин яна бунча жойга бориб-келишга озгина пул керакми, яхшиси, яна бир йил сабр қилсам, биратўла кета қоламан, деб ўйлабди. Йўлларига кўз тикиб ўтирган фарзандларига қўнғироқ қилиб шу қарорини айтибди. Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлибди. Лекин тўйни тўхтатиб бўлмайди-ку!

Ҳосили калом, яна бир йил ишлаб энди қайтмоқчиман деб қўнғирогқ қилса, эри ҳам, болалари ҳам ишингиз яхши бўлса, ишлайверганингиз маъқулми, яна бундай яхши хонадон топиладими, йўқми, деятган эмиш...

Бу гапларни эшитиб унинг бошидан совуқ сув қўйгандек бўлибди. Мусофирчиликда ўтган йиллари кўз ўнгида бирма-бир ўтаверибди. Деярли ҳар куни боғланиб “Сизни соғиндик, ойижон”, “Қачон қайтасиз, ойижон” дея мўлтираган фарзандлари наҳотки усиз яшашга ўрганиб қолган бўлса! Унинг ўзичи? Ўзи эрисиз, фарзандларисиз яшашга кўникмадими?.. Қайтиб борганда уларга эл бўлиб кетармикан!..

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   18937   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари